Линклар

logo-print

Сиз қора халқмисиз?

  • Сарвар Усмон

Сўйласин Афросиёбу, сўйласин Ўрхун хати, қўҳна тарих шодасида битта маржон ўзбегим...

Сўйласин Афросиёбу, сўйласин Ўрхун хати, қўҳна тарих шодасида битта маржон ўзбегим...

Бугун Сизни ранглар тўғрисидаги – оқ ва қора ранг тўғрисидаги суҳбатга тортмоқчиман. Аниқроғи, оқсуяклар ва қора халқ тўғрисидаги суҳбатга."Қора халқ" деган иборадан хафа бўлишга жиндек шошилманг...

Яқинда жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан Озодликка бир мактуб келиб тушди. Мактуб бир ҳуқуқ ҳимоячисининг маъмурлар томонидан таъқиб қилинаётгани, у ишлаётган мактабидан ғайриқонуний бўшатилгани тўғрисида эди.

Хатда ёзилишича, ўқитувчини ишдан бўшатган мактаб директорини бир неча йил олдин туман ҳокими ишга тайинлаш учун мактабга олиб келган ва ўқитувчиларга янги директорни мақтаб "Бошингизга бахт қуши қўнди, уни учириб юборманглар", деган.

Ўзбекистонда бахт қушиниям қадри тушиб кетибдида, мактаб директориям бахт қуши бўлаверадиган бўлса, дедиму бундан қарийб 30 йиллар аввалги бир издаҳом ёдимга тушди.

Ўшанда Ўшда таниқли шоир тўй қилган, тўйга Тошкентдан шоирнинг қаламкаш дўстлари келган, Ўзбекистоннинг Энг Катта Ҳофизи қўшиқ айтган (бу ташбеҳни мутлақо киноясиз, унинг чиндан ҳам Катта Ҳофиз эканлигини тан олиб ишлатаяпман), базмдан кейинги хос издаҳом чоғида Энг Катта Ҳофизнинг оғзидан бир неча бор "қора халқ" деган ибора чиққан эди.

Ўшанда камина – чой ташиб юрган бир шеъру қўшиқ мухлиси – романтик йигитча Энг Катта Ҳофизнинг халқни бу қадар менсимай гапирганидан сесканган эдим.

Уни, унинг гапларини эшитиб, эътироз билдирмаган халқ шоирларию халқ адибларини ёмон кўрганманми-йўқми – эсимда йўқ: ҳар қалай, чой ташишда давом этганман, чойнакка бир ҳовуч қалампир солиб қўймаганман.

Демак, сесканганману лекин "оқсуяклар"га чой таший бошлаб Ҳофиз айтаётган "қора халқ"дан ажрала бошлаганимдан севина бошлаган бўлсам керакда...

Ўша издаҳомдан кейинми-олдинми Энг Катта Ҳофиз "Ўзбегим" деб катта ашула айтди. Ашулада "қора халқ" қа нисбатан ўша издаҳомдаги муносабати акс этмади. Акси бўлди. Қизиқ, а?

Бугунга келиб мактаб директоригаки "бахт қуши", деб таъриф бера бошлаган эканлар, ўша "қора халқ" янаям "қорайиб" кетмаяптими, деган иштибоҳ пайдо бўлди кўнгилда. "Оқсуяклар" билан "қора халқ" орасидаги масофа узайиб кетмаяптими?

Мана, мавзуни аниқлаб олдик.

"Оқсуяклар" билан "қора халқ" орасидаги масофа узайиб кетмаяптими?

Элита билан халқнинг орасини яқинлаштирадиган жамият модели борми бу ёруғ дунёда?

Радиоэшиттириш учун кўп ҳам қулай бўлмаган бундай чигал мавзудаги суҳбат учун ўзбекистонлик педагог олим Абдулла Абдурраззоқ ўғлини чорладим.

Олим, аввало, "элита" ва "оддий халқ" тушунчаларанинг азалдан мавжуд эканлиги, лекин бу тушунчалар абсолют тушунча эмаслиги тўғрисида фикр юритди.

“Қазисан¸ қартасан¸ асли наслингга тортасан”

Абдулла Абдураззоқ: Абсолют ҳақиқат ва нисбий ҳақиқат деган тушунча бор.

Масалан¸ ҳар куни қуëш фалон вақтда чиқади¸ фалон вақтда ботади деб айтамиз. Шундай қабул қилинган ва ҳаммамиз шуни эшитамиз¸ кўрамиз¸ биламиз. Лекин бу нисбий ҳақиқат. Чунки қуëш чиқмайди ҳам¸ ботмайди ҳам.

Ер айланади. Мана бу абсолют ҳақиқат.

Худди шунга ўхшаб бу ерда тушунчаларнинг жуда кўпи нисбий ҳақиқат. Маълум оқимлар бор¸ маълум бир гуруҳлар бор. Уларнинг ҳаммаси манфаатидан келиб чиқиб¸ ҳатто халқ мақолларидан фойдаланади¸ халққа баҳо беради.

Масалан, ўзини кибор¸ оқсуяклар доирасида деб атайдиганлар “Қазисан¸ қартасан¸ асли наслингга тортасан” дейди. Ана шундай тоифалар ва гуруҳлар ўша тоифанинг манфаатидан келиб чиқиб¸ бошқа бир тоифага муносабат билдиради. Ана шу муносабат билдирилган вақтда бу нисбий ҳақиқат бўлади.

Шуларнинг ҳаммасига тепасидан жамлаб қараладиган бўлса¸ буларни ажратишда ўша “авом халқ”¸ “қора халқ”¸ “оқсуяк” деган нарсадан устун туриб¸ палаги тоза гуруҳ ëки палаги тоза бўлмаган гуруҳга ажратиш тўғрироқ бўлади.

Озодлик: Демак қандай аташимиздан қатъий назар¸ оқсуяклик ва қоралик бор нарса эканда. Ўзингиз айтгандай бу абсолют ҳақиқат эканда.

Абдулла Абдураззоқ: Йўқ¸ бу нисбий. Бу нисбий ҳақиқат. Мен ўша гапимнинг исботи учун битта нарса айтмоқчи эдим. Ўша авом халқнинг ичида...

Озодлик: Йўқ сиз “Палаги тоза¸ палаги тоза эмас” деб айтдингизку.

Абдулла Абдураззоқ: Яшанг. Палаги тоза¸ палаги тоза эмас, деганда мен нимани назарда тутаяпман? Ҳаром-харишдан ҳазар қилмайдиган гуруҳлар бор. Бу оқсуякнинг ичида ҳам бор¸ биз нисбий маънода қора халқ деяëтган одамларнинг ичида ҳам бор.

Ҳай, фалсафий суҳбатларнинг бир ғалати жиҳати бор: гап гапга уланиб, бошқа кўчага кириб кетасизу¸ қайтиб чиқолмай қоласиз.

Ўша – бошқа кўчага кириб кетиб қолмай туриб, биринчи хулосани қилиб олайлик. Демак, "элита" ва "оддий халқ" тушунчалари азалдан мавжуд. Фақат, гап, олимнинг айтишича, бу тушунчаларга ким қандай маъно беришида.

Инсоният тарихида элита билан оддий халқ ўртасидаги фарқни йўқотишга уринганлар ҳам бўлди. Масалан, коммунистлар.

Мана биргина ҳужжат: совет даврида нашрдан чиққан Ўзбек тилининг изоҳли луғатида "авом" сўзига мана бундай изоҳ берилган:

"Авом – Эксплуататорлик тузуми шароитида: оддий халқ оммаси, "қора халқ".

Коммунистлар ўз олдига қўйган мақсадни – элита билан оддий халқ ўртасидаги фарқни йўқотишни уддалай олмаганига эшиттиришимиз бошида келтирганимиз мисол – Энг Катта Ҳофизнинг айтмишлари далилдир.

Хўш, нима учун коммунистлар уддалай олмади ишни?

Яна педагог олимни эшитамиз.

Абдулла Абдураззоқ: Аввало коммунистлар жуда кўп қуруқ ва ëлғон ваъдаларни беришган. Ўзлари ишонмайдиган гапларни айтишган.

Масалан¸ Абдулла Қодирийнинг ўртамиëна деб айтиладиган “Обид кетмон” асарида муҳим масала кўтарилган. Коллектив хўжалик хусусида. Обид кетмонни колхозга чақиришмоқчи бўлганда у: “Мен бир танбал бўлсам¸ бошқаси қаттиқ ишлайдиган одам бўлса¸ бошқаси ялқов бўлса¸ бошқаси муттаҳам бўлса¸ қандай қилиб ҳар тоифадаги одам бирикиб¸ битта ëқадан бош чиқариб¸ баробар ишлаб¸ топилган маблағни баробар бўлиб олишимиз мумкин? Менинг ақлим шунга етмаяпти” деса¸ битта татар: “Бу ғояни Ленин илгари сурган” дейди. Шунда Обид кетмон бошини қашийдида : “Ҳа¸ агар Ленин илгари сурган бўлса¸ демак у тўғри айтган бўлиши керак”, дейди.

Абдулла Қодирий ўша вақтда журъат этиб¸ бу саволни ўзининг шу китоби орқали ўртага қўйган. Шу саволга жавоб Лениннинг ўзида ҳам йўқ эди ва бу бор жавоби ëлғон жавоб эди. Ўзи ҳам ишонмайдиган жавоб эди.

Унинг мақсади ўзининг кетидан авомни эргаштириб революция қилиб олгач¸ ерни халқ мулки деб эълон қилган ҳолда ернинг ҳаммасини давлат ихтиëрига олиш¸ ўзининг қўлига олиш эди. Ундан бошқа манфаати йўқ эди. Халқ мулки, деб қоғозда ëзилган эди холос.

Ҳамма ўзининг бор-йўғидан айрилди¸ коллектив хўжаликка ўтди¸ аммо коллектив хўжалик ўзини оқлагани йўқ. Бу маълум ҳақиқат. Лекин давлат бойиди¸ тўралар давру-даврон суришди.

Ленин ўзининг ғояларига ўзи ишонганига, масалан, мен ишонмайман. Муттаҳамлик билан бошланган тузум охирида муттаҳамлик билан тамом бўлди.

Халқнинг элита ва авомга ажралиши қиёматгачами?

Олимнинг сўнгги гапларини эшита туриб, Сиз тингловчи ҳам бошингизни, ҳеч йўқ, жағингизни ушлагандирсиз, Сизда ҳам, масалан, мана бундай савол пайдо бўлгандир: Бас, шундай экан, халқнинг элита ва авомга ажралиши қиёматгачами?

Озодлик: Агар қиëматгача бўладиган бўлса¸ шу элита авомни “Сен қора халқсан” деб менсимай оëқда кўрсатишини йўқота оладиган¸ максимум даражада камайтира оладиган¸ элита билан халқни бир-бирига яқинлаштирадиган жамият модели борми¸ йўқми?

Абдулла Абдураззоқ: Бундай модел 100 фоиз бўлиши мумкин эмас ва йўқ. Лекин яқинлашадиган модел бор.

Озодлик: Қанақа ўша модел?

Абдулла Абдураззоқ: Менинг фикримча¸ яқинлашадиган модел совет тузуми қоралаб келган капиталистик жамиятлардаги демократик капиталистик жамият.

Масалан, Норвегияни ҳам мен шунга яқинлашиб қолган дейман. Ҳар битта инсоннинг қадри жуда юқори туради. Инсон ҳамма ернинг эгаси каби кўчаларда бемалол юради¸ машиналар доимо тўхтаб йўл беради.

Шуни эслатиб қўйишим керакки, суҳбатдошим сиёсий қочқин, кейинги йилларда ўзи таърифлаётган Норвегияда яшамоқда.

Абдулла Абдураззоқ: Йўл торроқ бўладиган бўлса¸ иккала тарафдан келаëтган машина иложи борича имкон топиб тўхтаб¸ “Сиз ўтинг¸ марҳамат¸ сиз ўтинг” деб катта иззат-икром кўрсатади.

Миллий руҳ ўлдирилган эмас¸ сўндирилган

Олимнинг жавоби қанчалик рост бўлмасин, шунчалик жўнки, уни қабул қилгим келмаяпти. Ахир, бугун камина ақллиликка даъво қилаяпманда!

Ғарб демократиясининг таърифини келтирар экан, олимнинг ҳақ эканлигини Брест шаҳридан ғарброққа бир бориб келган одам яхши билади.

Бироқ, Ғарбда элита билан халқнинг орасидаги фарқ жуда оз экан, Ғарбда ҳар бир одам – Инсон экан, деб ўзбекнинг ҳаммасини кўчириб олиб бориб бўлмайдику?! Кўчиб борганда ҳам ўзбек ўз феъли-хуйи билан кўчиб борадику?!

Балки гап ўзбекнинг ўзида, ўзининг феъли-хуйидамикан?!

Шу ҳақда ўйлай бошлаб, бояги туман ҳокимининг мактаб директорига "бахт қуши" деб таъриф бергани эсимга тушдида, суҳбатдошимга мана бу саволни бердим:

Озодлик: Домла¸ ҳоким мактаб директорини «бахт қуши», дер экан¸ нимага бу ўқитувчиларга ҳақорат бўлиб эшитилиши мумкин, деб ўйламади?

Абдулла Абдураззоқ: Ўқитувчилар ҳам шунга муносиб. Бўлмаса ўқитувчилар :

Тақдирни қўл билан яратур одам¸

Ғойибдан келажак бахт бир афсона, -дейиши керак эди. Чунки бир ëқадан бош чиқара олмаймиз¸ ҳақимизни талаб қилиб баралла айтмаймиз¸ яшашни биламиз.

Энг ëмон кўрган кўрган одамимизни орқасидан бўралаб сўкамиз¸ лекин юзма-юз келганда¸ жамоат олдида уни мақтаймиз.

Ўша Эркин Юсуповни мен жуда яхши эслайман. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) да ректор эди ўша вақтда. “Иттифоқ шартномасига қўл қўйиш керакми¸ йўқми?” масаласи кетаëтган бир пайтда.....

Озодлик: Мустақиллик арафасидаги, СССР қолсинми-йўқ деган референдум арафасидаги гапларни эслаяпти суҳбатдошим.

Абдулла Абдураззоқ: Бу ëқда гаплашиб қолсанг академик Эркин Юсупов мустақиллик тарафдори¸ давлат тили тарафдори. Лекин майдонга чиққанда¸ даврага чиққанда¸ юқоридан берилган буйруқни бажариб бера оладиган савия даражаси бор эди.

У телевизорда чиқиб икки соат гапирди. Жуда ажойиб гапирди. “Халқимизда “Бўлинганни бўри ер” деган ажойиб бир мақол бор. Агар биз Россиядан ажралсак¸ бу томондан Афғон¸ бу томондан Эрон¸ бу томондан Покистон¸ бу томондан Хитой - ҳаммаси босиб олади¸ хомталаш бўламиз. Биз Россиянинг этагидан маҳкам ушлашимиз керак. Ҳеч ҳам ажрашмаслигимиз керак. Бузғунчи фикрлардан мутлақо узоқ юришимиз керак”, деган гапларни айтди ва ҳар бир ўқитувчига шу асосда дарс ўтиш топшириқ қилиб берилди.

Мен ўша вақтда шунга қарши битта шеър ëзиб¸ мен ўзи шеър ëзмайман¸ газетага чиқардим. Бу шеър анча овоза бўлган эди.

Мустақиллик борасида бераркан таълим¸

Бўлинганни бўри ер, деб ваъз ўқир олим.

Во ажабо¸ бўлиб-бўлиб юз йилдан бери¸

Туркий элим¸ емоқдаку¸ сени оч бўри.

Абдураззоқ домла ўқишни бошлаган шеърни ҳозир охиригача эшитамиз. Фақат шуни айтиб қўйишим керакки, суҳбатимиз олдиндан келишилмаган, яъни у киши Сарвар Усмон телефон қилиб¸ фалон мавзуда суҳбат қурадию¸ ўшанда мана бу шеърни ўқиб бераман, деб тахтлаб қўймаган эди.

Мустақиллик борасида бераркан таълим¸

Бўлинганни бўри ер деб ваъз ўқир олим¸

Во ажабо¸ бўлиб-бўлиб юз йилдан бери¸

Туркий элим¸ емоқдаку¸ сени оч бўри.



Шу бўридан айрилма деб айтгани учун¸

Зиëлидан ранжимагин сен унга ачин¸

Зиëлининг миллий руҳи ўлдирилгандир¸

Зим-зиë тун билан ўрни тўлдирилгандир.


Таъмагирлар маъқул деган шартномага боқ¸

Суверен деб айтганлари бўлгайми шундоқ¸

Ўз элингда ҳужжат ўзга тилда битилса¸

Олтинларинг аввалгидек ташиб кетилса.


Пахтангни ҳам¸ пиллангни ҳам ўрислар сотса¸

Эрк бердик деб тағин таъна тошларин отса¸

Номзодларинг овоз берса топиб бир важин¸

Шу ҳужжатга имзо чекса¸ шоҳингга ачин.


Демак шоҳинг миллий руҳдан маҳрум этилган¸

Номзодларинг ўрисларга маҳрам этилган.



Сен халқим деб топинганинг муте оломон¸

Меҳр қўйиб кишанларга сиғинса ҳамон¸

Дутор¸ танбур¸ най йўқотиб ўз мавқеини¸

Тўйларингни босиб кетди жаз¸ рок шовқини.


Халқинг синган қафаслардан чиқамайман деса¸

Тинчим бузма¸ чордеворни йиқмайман деса¸

Нажот тилаб ўрисларга ëзса қулочин¸

Сен халқингдан ранжимагин¸ халқингга ачин.


Чунки халқинг мутеликка кўндирилгандир¸

Миллий руҳи топтаб¸ топтаб сўндирилгандир.


Бу шеърдан кейин саволларимга қисман жавоб топгандай бўлдим. Халқнинг "қора халқ"лигича қолиб кетаётгани унинг миллий руҳи сўндирилганида, халқни тузувчи ҳар бир киши ўзида одамлик қадри борлигини унутаёзганида, деб тушундим.

«Лекин умид бор», дейди олим.

Абдулла Абдураззоқ: Лекин миллий руҳ ўлдирилган эмас¸ сўндирилган. Шу умид билан яшаяпман¸ шу умид билан ҳаракат қилаяпман.

Азиз тингловчи, бир журналисту бир олимнинг чигал суҳбатида изланган мантиқни илғадингизми?

Аниқроғи, мантиқ чиқара олдикми суҳбатимиздан?

Ўзимнинг саволлариму¸ олимнинг жавобларини олим айтгандай абсолют ҳақиқат ҳам, нисбий ҳақиқат ҳам демоқчи эмасман.

Суҳбатга бошқа яна кимнидир қўшмаганим, ўша бошқа одамнинг фикрини ҳурмат қилмаганим эмас: мавзунинг оғирлиги туфайли бош-учимни йўқотиб қўймай, дедим холос.

Бугунги эшиттиришимизни тинглаб, унда тилга олганимиз мавзуда - ўзингизнинг одамлик қадрингиз ҳақида бироз ўйлаб қўйган бўлсангиз бўлди.

Қани, айтингчи, Сиз қора халқмисиз?

(Эшиттириш сўнгида ўзбегим қўшиғи янграйди)


Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим,

Сенга тенгдош Помиру оқсоч Тиёншон ўзбегим.


Сўйласин Афросиёбу сўйласин Ўрхун хати,

Қўҳна тарих шодасида битта маржон ўзбегим...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG