Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:46

Душанбеликлар кўчада тонг отдирди


Душанбе шаҳри зилзиладан вайрон бўлиши тўғрисида тарқалган миш-мишлар аҳолини кўчаларда тонг отдиришга мажбур қилди.
Душанбе шаҳри зилзиладан вайрон бўлиши тўғрисида тарқалган миш-мишлар аҳолини кўчаларда тонг отдиришга мажбур қилди.

Тўққиз баллик ер силкиниши ҳақидаги ваҳимали хабар 9 январдан 10 январга ўтар кечаси душанбеликларни иссиқ уйларидан изғирин кўчага қувиб чиқди. Лекин Душанбе расмийлари одамларни ваҳимага тушмасликлари учун амалий чораларни кўрмади.

Марказий Осиёнинг бир қатор давлатлари, жумладан, Тожикистонда ҳам 9 ва 12 январ кунлари 9 балли зилзила юз бериши, бунинг натижасида Душанбе шаҳри вайрон бўлиши мумкинлигига оид миш-мишлар туфайли минглаб тожикистонликлар кўчаларда тонг отдирдилар.

- Энди кўзим уйқуга кетган экан, маҳалла раисимиз ҳар бир хона эшигини тақиллатиб кўчага чиқишимизни, чунки 9 баллик зилзила бўлишини айтди. Мана кеч соат 12 дан буён кўчадамиз,- дейди Маъруф исмли йигит.

Унинг қўшниси Озод эса маҳалла раиси бу хабарни Тожикистон давлат телевидениясининг “Ахбор” дастуридан эшитганини билдирди:

- Мен ишда эдим, бу гапдан хабарим йўқ эди. Домкомимиз “Ахбор”да шундай хабар қилишди, деди. Чиқмасак ҳам бўлмайди. Ҳозир шаҳардаги биноларнинг бирортаси 9 баллик зилзилага чидамайди,- дейди Озод.

Ўйдан кўчага қочиб чиққанлар қўл телефонлари орқали таниш-билишларига сим қоқиб, уларни ҳам огоҳлантиришарди. Кўпчилик эса яқинлари айни вақтда қаердалиги билан қизиқарди.

Ӯзбекистоннинг Сурхандарё вилотидан Душанбега ўқиш учун келган Мавлудахон бу хабарни ижара берган аёлнинг Москвадаги ӯғлидан эшитганини ва шунинг учун ҳам ҳаво жуда совуқ бўлишига қарамай тонгача кўчада жон сақлашга чиққанини айтади:

- Шу аёлнинг Москвадаги ўғли хабар берди. Ҳаво совуқ , ҳамма кўчага чиқинг , деди. Ноилож чиқдим,- дейди ўзбекистонлик фуқаро.

Шундай қилиб ҳаво ҳар кунгидан совуҳ бўлишига қарамай, 10 январ эрталаб соат бешга қадар одамлар уйига қайтишни истамасди. Аниқроғи кӯп қаватли биноларга яқинлашишдан қўриқишарди.

Енгил машинаси бор оилалар бола-чақаси билан қишлоқдаги яқинларининг уйига кета бошлашди.

Биз ҳам қишлоқдагиларнинг вазъияти билан қизиқдик.

Душанбе атрофидаги Рудаки тумани фуқароси Қундузой гапиради:

-Телевизордан эшитганми, аниғини билмайман, лекин ҳамма зилзила бўлади. деб кўчага чиқиб олган,-дейди уй ҳовлисидан телефонда гаплашган суҳбатдош.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош бўлган Панж туманида яшовчи Саломатхон гапради:

- Зилзила соат бирда бўлар экан, деган хабар тарқалди . Соатга қарасак бир ярим бўлибди. Оббо, ҳозир зилзила бўлиб қолмасайди, деган ваҳима билан апил-тапил кийиниб кўчага чиқдик. Мана, соат тўрт бўлди, зилзиладан дарак йўқ,-деди Саломатхон.

Зилзила ҳақида ким ва қачон хабар тарқатди?

Бу тахминлар қанчалик асосли?

Шу савол билан Тожикистон фавқулотда ҳолатлар қўмитаси ва Душанбе шаҳар ҳокимлигига қўнғироқ қилдик. Аммо афсуски уринишларимиз натижа бермади.

Матбуот анжуманларида бу ташкилотлар кеча кундузлик ахборот марказига эгалигини айтиб келсалар-да, телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади. Яна ким билсин улар ҳам зилзила ваҳимасида кўчага отланишгандир.

Айрим суҳбатдошларимиз шундай ваҳимали соатларда ҳукумат расмийлари халқни тинчлантирмаганидан норози бўлдилар.

Улардан бири агар борди-ю кутилаётган фожеа юз бергудек бўлса, ҳукуматдан умуман ёрдам бўлмаслигига ишончи комил эканини таъкидлар экан мана шундай дейди:

- Чунки менинг уйимни сел босган эди. Бирон бир ташкилот менга ёрдам бермади. Келиб бир марта рўйхатга олиди-ю шу билан гуму-гумдон йўқолиб кетди. Зилзила бўлса ҳам шу-да.

Анна шундай бесарамжонликда тегишли ташкилотлар ҳамда ҳуқуқ тартибот ходимларининг халқ ёнида бӯлмаганидан фойдаланган айрим гуруҳлар фуқаролар уйларини тунаб кетгани ҳақидаги хабарлар ҳам йўқ эмас.

Суҳбатдошларимизнинг айримлари шу кунларда Ҳисор туманинг Шарора қишлоғида юз берган зилзилага 20 йил бўлишини ҳам эслаб ўтдилар.

Бу қишлоқда рўй берган зилзила оқибатида фақатгина бешикдаги бир чақалоққина омон қолган эди. Қишлоқнинг қолган аҳолиси нобуд бўлганди.

Тожикистоннинг Ҳойит туманида рўй берган ва дунёдаги энг кучли ер силкиниши экани айтилаётган фожеага эса бу йил роса 60 йил тўлади.

Ўшанда Ҳойит ва унинг атрофидаги ўнлаб қишлоқлар ер тагида қолган, 40 мингдан ортиқ киши қурбон бўлиб, юзлаб кишилар бедарак йўқолган эди.

Тожикистон зилзилашунослик маркази мутахасислари мамлакатда ўша фожеанинг қайта такрорланишини кўплаб марта эътироф этганлари бугун аксарият тожикистонликлар дилида ваҳималарнинг кучайишига сабаб бўлиб турибди.

Фожиали ӯтган зилзилаларнинг қайтарилиши хавфи бугун Ӯзбекистонда ҳам мавжуд дейди бу мамлакат Фанлар академияси механика ва сейсмик иншоотларни мустаҳкамлаш институти катта илмий ходими Машраб Ахмедов:

- Хавф шундан иборатки 1866 йил 26 апрелида Тошкентда қаттиқ ер қимирлаган. 8 балдан ошиқ бўлган, архив материалларда ёзилишича.

Шу нарса юз йилдан кейин яна қайтарилди 1966 йил26 апрелда Тошкентда зилзила бўлди. Шу юз йил орасида яна 287 та зилзила бўлган. Аммо 1868, 1887 йиллардаги зилзилалар қуввати 8 балдан иборат бўлган,- дейди ўзбекистонлик зилзилашунос.

Тожикистон зилзилашунослик маркази масъуллари эса кеча тожикистонликларни ваҳимага солган хабар асоссиз эканини ва бу шунчаки халқ орасида тарқалган ёлғон хабарлигини матбуот орқали маълум қилдилар.

- Ҳозирга қадар дунёнинг бирор давлатида мутахассислар қачон, қаерда, неча балли зилзила рўй беришини олдиндан айтиб бера олмаган. Бунинг имкони ҳам йўқ,- дейди Тожикистон Фанлар академияси қошидаги сейсмология ва зилзилабардош иншоотлар қуриш маркази директори Жаҳонгир Низомов.
XS
SM
MD
LG