Линклар

Газ мажороси давом этмоқда

  • Ҳасанжон

Россия ва Украина расмийлари билан учрашган Чехия Бош вазири Мирек Тополанек Европага газ берилиши бошланмагунга қадар бу ўлкаларни тарк этмаслигини айтди.

Россия ва Украина расмийлари билан учрашган Чехия Бош вазири Мирек Тополанек Европага газ берилиши бошланмагунга қадар бу ўлкаларни тарк этмаслигини айтди.

Ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Чехия Республикаси Бош вазири Мирек Тополанек Россия Бош вазири Владимир Путин билан Россиядан Европага газ етказиб бериш масаласини муҳокама қилиш учун 10 январь куни Москвага борди.

Чехия Бош вазири Мирек Тополанекнинг Бош вазир Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага сафари Европани Россия гази билан таъминлаш йўлидаги сўнгги уринишлардан бири ҳисобланади.

Украина ва Россия газ бўйича қарздорликни тўлаш ҳамда газ нархи бўйича келиша олмаганидан сўнг, 6 январь куни Россиядан Европага табиий газ узатилиши тўхтатиб қўйилган эди.

Россия ўз қарорини Украина Европага узатилаётган газни ўғирлаётгани билан изоҳлади. Украина эса бу айбловни рад қилди.

9 январь куни Тополанек Украина расмийлари билан Россиядан Украина ҳудудига кириб келаётган ва Украинадан Европага чиқиб кетаётган газ миқдорини назорат қилиш учун кузатувчилар қўйиш ҳақида оғзаки келишувга эришган эди.

Бу келишувни қутлаган Путин Киев бошқа нарсага ишора қилаётганини ҳам айтиб ўтди.

-Украина томони оғзаки равишда рози бўлганини менга ҳозиргина хабар қилишди. Аммо мен кеча Киевдаги иқтисодий масалалар бўйича суд Россия газини Украина ҳудуди орқали транзит қилинишини таъқиқлаш ҳақида қарор чиқарганини ҳам биламан, – деди Россия Бош вазири.

Владимир Путин ҳар қандай келишув имзоланмагунга қадар кучга эга эмас, деб ҳисобланишини айтди:

-Сиз киевлик ва украиналик ҳамкорларни тегишли ҳужжатларни имзолаш зарурлигига ишонтира олгансиз, деб умид қиламан, – деди Путин.

9 январ куни кечқурун Украинада сўзлаган Мирек Тополанек Европага газ яна етказиб берилиши учун айрим техник масалаларни ҳал қилиш қолганини айтди.

Айни пайтда Чехия Бош вазири Европада ноль даражадан паст об-ҳаво шароити ҳукм сураётган бир пайтда газ етказиб беришнинг тўхтатиб қўйилгани европаликларнинг хафсаласини пир қилганини айтди.

Жума куни Украинага бир неча халқаро кузатувчи борди. Халқаро кузатувчиларнинг миссияси узил-кесил маълум бўлганидан кейин қолганлари Россияга боради.

10 январь куни Чехия Бош вазири Мирек Тополанек келишувга эришилиб газ таъминоти қайта тикланмагунча минтақани тарк этмаслигини айтди.

Европа Иттифоқи, Украина ва Россиядаги газ соҳаси расмийлари газ узатиш бошлангангач, у икки кундан кейин Европа давлатлари ҳудудига етиб боришини айтмоқда.

Айни пайтда Европа давлатларида нол даражадан паст об-ҳаво сақланиб турибди. Шарқий ва Марказий Европа мамлакатларидаги аксар заводлар ва мактаблар ёпилган.

Аҳоли яшайдиган турар-жой биноларига эса газ фақат маълум вақтларда узатилмоқда.
XS
SM
MD
LG