Линклар

Норасмий манбалардан олинган хабарларга қараганда, Фарғона вилоятига янги ҳоким тайинланди. Ҳамид Неъматов (Хамид Нигматов) тўлақонли ҳоким бўлдими?

Ёки у ҳокимлик вазифасини бажарувчи этиб тайинландими – бу ҳозирча аниқ эмас.

Аниқ гап шуки, 9 январь куни Фарғона вилоят кенгаши депутатларининг йиғилиши бўлиб ўтди ва унда қатнашган бош вазир Шавкат Мирзиёев депутатларга Ҳамид Неъматовнинг номзодини ҳокимлик лавозимига тавсия қилди.

Депутатлар бош вазирнинг таклифини қабул қилганлар.

Бу хабарни фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ҳам тасдиқлади:

-Бизга яқин манбаларнинг билдиришича, 9 январ куни Фарғона вилоят ҳокимлигида вилоят кенгаши депутатларининг сессияси бўлиб ўтган.

Сессияда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёёв ва Тошкентдан келган бир қатор бошқа расмийлар иштирок этганлар.

Сеесияда республика транспорт прокурори бўлиб ишлаётган Ҳамиджон Неъматов вилоят ҳокимлигига тайинлангани билдирилган.

Озодлик: У киши бира-тўла ҳоким этиб тайинландими ёки ҳокимлик вазифасини бажарувчи сифатида тақдим этилдими?

Абдусалом Эргашев: Ҳокимлик вазифасини бажарувчи сифатида тайинланибди, деган гаплар бор. Бироқ, бу борада расмий маълумот ҳали билдирилганича йўқ.

Озодлик: Менимча, қонун бўйича вилоят кенгаши депутатларига ҳокимлик номзодини кўрсатиш президент ваколатларига кирар эди. Ҳар ҳолда анъана мана шундай эди. Нега энди бу сафар бу анъана бузилиб, ҳокимни Бош вазир тақдим этди? Бу борада фикрингиз қандай?

Абдусалом Эргашев: Балки президентнинг бошқа муҳимроқ ишлари бордир. Шу сабабли ҳам Бош вазир келган бўлса керак.

Озодлик:
Агар янглишмасам, Фарғонага янги ҳоким тайинланганига бир йил ҳам бўлмаган эди...

Абдусалом Эргашев: Ҳа, янги ҳоким бир йил ишлар ишламас вазифасидан озод этилгани ҳақида бундан икки ой олдин гаплар тарқаган эди. Бироқ бу ҳақда ҳам расмий маълумотни ҳеч ерда кўрганим йўқ. Одамлар вилоятни бошқариш ҳокимнинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғаниев зиммасида қолганини айтаётган эдилар. Бугунги кунга келиб мана шу гаплар рост бўлиб чиқди.

Озодлик: Фарғона вилоятини бошқаришга прокурор тайинланибди. Андижон вилояти ҳокимлигига эса ички ишлар бошқармаси бошлиғи тайинланган эди. Ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларидан ҳоким тайинлаш анъанага кириб бораётгани ҳақида қандай фикр билдира оласиз?

Абдусалом Эргашев: Агар мен давлат раҳбари бўлганимда ва менга “Нега энди кучишлатар тузилмалар вакилларидан ҳоким тайинлаяпсиз?” деб савол беришса, “Мамлакатда қонун устиворлиги заифлиги учун”, деб жавоб берган бўлардим.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти раҳбари сўнгги бор бундан 10 ой муқаддам янгиланган эди.

Ўзбекистон президентининг 2008 йил, 6 март кунги фармони билан Фарғона вилоят ҳокими этиб вилоят ёғ-мой ва озиқ-овқат саноатини бошқариб келган Маматисоқ Ғафуров тайинланган эди.
XS
SM
MD
LG