Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:11

Тўқтўғулда сув озаймоқда


Қирғиз расмийлари кўраётган чораларга қарамай Тўқтўғул сув омборидаги сув заҳираси камайиб бормоқда.
Қирғиз расмийлари кўраётган чораларга қарамай Тўқтўғул сув омборидаги сув заҳираси камайиб бормоқда.

Қирғизистонда Тўқтўғул сув омборидаги сув миқдориниг тобора озайиб бораётгани натижасида электр энергияси кунига ўн соатдан ўчириладиган бўлди.

Агар Қирғизистон жорий қишда аҳолининг электр таъминотини озайтирмаса, ёзга келиб Ўзбекистон ва Қозоғистон далалари сувсиз қолиши мумкин.

Қирғиз расмийларига кўра, ўтган йили электр энергияси ишлаб чиқариш учун Тўқтўғул сув омборида секундига 797 кубометр сув сарфланган.

Бунинг оқибатида ҳамда тоғларда қорнинг кам бўлиши сабабли баҳорга келиб сув сатҳи тушиб кетган. Натижада 2008 йилда сувнинг 80 фоизини Қирғизистондан олувчи Ўзбекистон ва Қозоғистон далалари қурғоқчилик хавфи остида қолган эди.

Мана шу ҳолат қайта такрорланмаслиги учун расмий Бишкек мамлакатда электр энергияси таъминоти кунига 10 соатдан узилишини ҳамда Тўқтўғул сув омборидан электр энергияси ишлаб чиқиш учун ўтган йилга нисбатан 50 фоиз кам сув чиқарилишини билдирди.

Бироқ соҳа мутахассисларига кўра, бундай чоралар ҳам Тўқтўғул сув омборидаги сув заҳираларини сақлаб қолишга ёрдам бермаётир.

- Тўқтўғул ГЭСида сув босими 45 метрга тушиб кетган. Шунинг учун аввалари 1 киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқиш учун 2,1 кубометр сув ишлатилган бўлса, бугунги кунда 3.4 кубометр сув сарфланмоқда,-деди энергетика бўйича мутахассис Жамолбек Тулабердиев.

Мутахассисга кўра, 1985,1992,1995 ва 1998 йиллари ҳам сув боарасида мана шундай ташвишли вазият юзага келган. Бироқ ўша пайтдаги Иттифоқ ҳукуматининг мувофиқлаштируви билан энергетик инқирознинг ва қурғоқчиликларнинг олди олинган.

Энергетика соҳаси мутахассисларига кўра, бугунги кундаги вазиятни энергетик инқироз арафаси, деб аташ мумкин.

Уларнинг айтишларича, Минтақани кутаётган қурғоқчиликни ҳам четлаб ўтиш жуда қийин.

-Чунки,-дейдилар мутахассислар, сув заҳираларидан мувофиқлаш-
тирилиган ҳолда фойдаланиш ишига минтақа давлатлари раҳбарлари кўп йиллар давомида эътибор бермай келдилар.

Бундай фикрни Қирғизистон Саноат, энергетика ва ёқилғи ресурслари вазири ўринбосари Ақилбек Тумонбаев ҳам ўринли, деб ҳисоблайди:

- Биринчидан, 2002 йилдан бери камсувлик жараёни бошланган. Иккинчидан, эса сув заҳираларидан ноэффектив фойдаланиш ҳам бугунги вазиятга сабабдир. Буни хохласак ҳам рад этолмаймиз,- деди Ақилбек Тумонбаев

Айни пайтда Қирғизистонда электр энергия таъминоти чекланиши муносабати билан иситилиши электр энергиясига боғлиқ бўлган 800 дан ортиқ мактаб баҳоргача ўз фаолиятини тўхтатган.

Бироқ иситилиши ва ошхонаси электр энергиясига боғлиқ бўлган кўп қаватли уйларни электр энергияси таъминотидан узмасликка ҳаракат қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG