Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:55

Назарбоев рақиблари кучайишидан ташвишда


Қозоғистон президенти Назарбоев сўнгги пайтда амалдорларнинг давлат бюжетини чўнтакка урмасликлари учун тез-тез қайғурадиган бўлиб қолди.
Қозоғистон президенти Назарбоев сўнгги пайтда амалдорларнинг давлат бюжетини чўнтакка урмасликлари учун тез-тез қайғурадиган бўлиб қолди.

Мулозимларига мурожаат қилган президент Назарбоев¸ улардан яна бир бор давлат бюджетидан олинадиган маблағларга ўта тежамкорлик билан ёндошишни сўради.

Президентга кўра, амалдорлар нафақат давлат мулки, балки ўз шахсий маблағларини ҳам тежашлари лозим.

Бундан бир неча ой олдин ҳам президент давлат амалдорларига худди шу маънода мурожаат қилган эди.

Кузатувчилар¸ бу орқали президент молиявий бўҳрон шароитида давлат иқтисодини инқирозга келиб қолишдан сақлаш ва амалдаги режимга рақиб кучларнинг кучайишини олдини олишни кўзлаётганини билдиришмоқда.

Қозоғистонлик иқтисодчи Балташ Турсунбоевнинг айтишича, президент Назарбоевнинг иккинчи маротаба давлат амалдорларига мурожаати, жаҳон молиявий бўҳрони мамлакат иқтисодига сезиларли таъсир кўрсатгани белгисидир.

- Ҳозир ҳамма соҳаларда тежаш керак. Кичик ишлаб чиқаришни ташкил қилиб, кичик ва ўрта бизнесни кўтариш лозим.

Импорт ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқ керак.

Бироқ расмий тузилмалардаги амалдорлар орасида давлат бюжетидан бирор ташкилот эҳтиёжи учун пул сўраб, сўнг уларни ўзлари ёки яқинларининг эҳтиёжи учун сарфлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Бу ҳолат кенг кўламда бўлгани учун молиявий инқироз даврида давлат бюджетига кучли таъсир қилиши мумкин, дейди иқтисодчи.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаевга кўра, президент Назарбоевнинг давлат мулозимларига қилган мурожаати остида ҳукуматдаги амалдорлар орасидан амалдаги режимга мухолиф кучлар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсади яширингандир.

- Бирор бир мансабни эгаллаб турган амалдор маълум бир маблағ тўплаб, сўнг қариндошлари орқали бирор бизнес ташкил қилмоқда.

Аслида, у бу йўл орқали иқтисодда ўзини жиддий ва таъсирли куч сифатида қонунлаштириб, сўнг сиёсий кучга ҳам айланиши мумкин.

Ҳозирги кунда заифлашиб бораётган амалдаги режим учун бу хавфли жараён бўлиши мумкин, дейди Полетаев.

Кузатувчилар Қозоғистонда коррупцияга қарши аёвсиз кураш айнан 2008 йилда авжига чиққани бежиз эмаслигини ҳам айтишмоқда.

Уларга кўра, молиявий бўҳроннинг биринчи тўлқини 2007 йилда бошланган эди. 2008 йилда эса бу молиявий инқирознинг кучайгани сезилди.

Сиёсатшунос Дўсим Сатпаев эса Қозоғистон ҳукумати мамлакат иқтисоди учун инқирозли даврда барча соҳаларда ўз назоратини кучайтириб, вазиятнинг кескин тус олмаслиги учун ҳаракат қилаётганини айтади.

-Ҳозир ҳукуматнинг ахборот майдони, сиёсий партия, иқтисод ва ишлаб чиқариш соҳаларини ўз назорати остига олаётганини кузатишимиз мумкин.

Ҳукумат мамлакатни аввалги чоралар билан назорат қилиб бўлмаслигини тушуниб етди. Шу сабаб, у энг содда ва таъсирли йўл орқали давлат бошқарувини буткул ўз назорати остига олмоқчи, дейди Сатпаев.

Сиёсатшунос “ҳукумат энг содда ва таъсирли йўл орқали давлат бошқарувини буткул ўз назорати остига олмоқчи”, деганда расмий Остонанинг мамлакатдаги тўртта йирик банкка 5 миллиард доллар маблағ ажратганини назарда тутганини айтиб ўтди.

Бу йўл орқали Қозоғистон ҳукумати банк тизимини ҳам ўз қатъий назорати остига олиши мумкин¸ деб қўшиб қўяди таҳлилчи.

XS
SM
MD
LG