Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:31

Газ жанжали якун топди


Европа иттифоқи мутахассислари¸ Россия-Украина чегарасига газ ҳажмини назорат қилишга имкон берувчи мосламаларни ўрнатиб бўлдилар.
Европа иттифоқи мутахассислари¸ Россия-Украина чегарасига газ ҳажмини назорат қилишга имкон берувчи мосламаларни ўрнатиб бўлдилар.

Россиянинг давлатга қарашли Газпром ширкати Украина Европа Иттифоқи воситачилигида ҳозирланган келишувга ҳеч қандай шартларсиз қайтадан қўл қўйганини билдирди.

Мазкур келишувга кўра¸ Европа Иттифоқи кузатувчилари Россиядан Европага Украина орқали ўтказилаëтган газ ҳажмини назорат қилишга киришади ва шу йўл билан икки қўшни давлатнинг бир-бирини айблаш амалиëтига чек қўяди.

Якшанба куни мазкур келишувга қўл қўйган Украина бош вазири Юлия Тимошенко¸ ўз имзоси остига “декларация илова қилинди “ деб қўлда ëзди ва оқибатда Россия имзоланган бу келишувни тан олмади.

Бу декларацияда эса Украина томони Европага Россия гази етказилишининг тўхтаб қолгани учун Газпромни айбловчи баëнотни илова қилган эди.

Аммо душанба куни Газпром расмийлари Украина бош вазирининг ЕИ тақдим этган келишувга ҳеч қандай изоҳ ва иловасиз қўл қўйганини билдирди.

Бу хабарни Чехия Саноат вазири Мартин Риман ҳам тасдиқлади.

- Бугун эрталаб Украина ҳукуматининг ҳеч қандай қўшимча декларацияларсиз келишувга қўл қўйгани ҳақида хабар олдик. Бу билан Россиянинг газ таъминотини қайта бошлаш учун қўйган шарти тўлиқ адо этилди ва Россиянинг Европага дарҳол газ узатишни бошламаслик учун ҳеч қандай асоси қолмади¸ деди ЕИ нинг жорий президенти Чехия ҳукумати расмийси.

Бундай аввал якшанба кечқурун Россия президенти Дмитрий Медведев¸ агар Украина ҳеч қандай шартларсиз ЕИ ҳозирлаган келишувга қўл қўйса¸ газ узатишнинг дарҳол бошланишини билдирган эди.

- Агар биз қўйган шарт амалга ошса¸ газ транзити қайта давом этади. Бу шартлар қанча тез амалга ошса¸ Украинанинг Европадаги истеъмолчиларимиз учун туғдирган бу вазиятдан чиқиш ҳам шунча осонроқ бўлади¸ деди якшанба куни президент Медведев.

Душанба куни Украинанинг Россия шартлари бўйича тузилган келишувга қўл қўйганини тасдиқлаган Россия Бош вазири Владимир Путин¸ Европага газ узатишни қайта бошлаш учун лозим маъмурий жараëннинг қарийб ниҳоясига етганини билдирди.

- Газ транзитига оид ҳужжат ҳозирда Брюсселга жўнатилди ва эндиликда унга Европа комиссияси расмийлари имзо чекиши лозим. Мазкур ҳужжатда мустақил кузатувчиларнинг айнан қайси жойга боришлари аниқ кўрсатилган. Улар бу назорат жойларига келиши билан улар Газпромнинг Европага Украина транзит қувурлари орқали газ юбора бошлашини кузатишга киришадилар¸ деди Путин.

Айни пайтда Путин¸ 2009 йилнинг илк кунларида юзага чиққан газ бўҳрони учун европаликлардан узр ҳам сўради.

- Биз юзага чиққан вазият хусусида яна бир бор афсусланиш билдирамиз ва Европадаги истеъмолчиларимизга ўз ҳамдардлигимизни изҳор этамиз. Транзит давлат бўлмиш Украина туфайли Европага газ узатишнинг кечикиши ва тўхтатиб қўйилиши¸ қабул қилиб бўлмас ҳол ва келажакда бундай ҳолнинг бошқа юзага чиқмаслигига умид қиламиз¸ деди Москва ҳукумати раҳбари.

Украина-Россия ва ЕИ расмийлари имзолаган ҳужжат кучга кириши билан Россия газини Европага узатиш дарҳол бошланиши ҳақдаги баëнотларга қарамай¸ Сибирдаги газнинг Европадаги истеъмолчига етиб боришини таъминлаш ва юборилаëтган газ ҳажмини аввалги даражага кўтариш учун камида уч кун вақт керак бўлади.

Бунгача эса¸ ҳаво ҳарорати 10-20 даража совуқ атрофида қолаëтган Европанинг 10 га яқин давлатларида газ бўҳрони ўз борлигини билдиришда давом этади.

XS
SM
MD
LG