Линклар

Болахонадор қарор


Тошкент расмийларига кўра кўп қаватли уйларнинг болахоналарида кир қуритиш шаҳар кўркига мисли кўрилмаган даражада доғ туширмоқда.

Тошкент расмийларига кўра кўп қаватли уйларнинг болахоналарида кир қуритиш шаҳар кўркига мисли кўрилмаган даражада доғ туширмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимининг шоҳкўчаларда жойлашган уй балконида кир қуритишни таъқиқлаш қарорини бузганлар уйларидан кўчириш эҳтимоли билан қўрқитилмоқда.

Тошкент шаҳри кўчаларида 11 январ куни янги тартибга бўйсунмаганларни яшаб турган хонадонларидан кўчирилиш эҳтимоли борлигидан огоҳлантирувчи эълонлар пайдо бўлган.

Тошкент шоҳкўчаларида яшовчи айрим шаҳарликлар Озодлик радиоси билан суҳбатда бу хабарни тасдиқладилар.

- Ҳа¸ шунақа гаплар бор. Мен ўзим Ғалабанинг 40 йиллиги мавзесида тураман. Уйимиз Оҳангарон шоссесининг бўйида жойлашган. Кир ëйиш учун қўйилган арқонларни узиб ташлашди. Ҳатто кир осилиб турган арқонларни ҳам узиб ташлашди¸ дейди биринчи суҳбатдош.

- Милиция ходимларива домкомларнинг ҳар бир хонадон эшигини тақиллатиб “Кир османглар” деб юрганини эшитганман¸ дейди навбатдаги суҳбатдош..

- Ҳа¸ бу бор нарса. Ўзим ҳам тўқнаш келган эдим. Бизнинг уйимизнинг ëнидан президент ўтиши керак экан. Участка нозири келиб “Анави тўққизинчи этажда ким туради? Ҳозир уйидами? Осиб қўйган кирини олсин”, деганини ўзим эшитган эдим¸ дейди учинчи суҳбатдош.

Шаҳарликларнинг аксарияти Тошкент ҳокимиятининг бу қароридан ҳайратда эканликларини айтадилар.

Суҳбатдошларимиздан бири бўлган тошкентлик Дамир ака эса шаҳар ҳокимиятининг бу қарорини “ахмоқлик” сифатида баҳолайди.

- Аслида ҳар қандай шаҳар одамлар учун, лекин бизнинг ҳукумат эса одамлар шаҳар учун, деб ҳисоблайди. Хўш, одамлар энди кирларини қаерда қуритишлари керак?- дейди Дамир ака.

Унга кўра, балконда кир қуритиш таъқиқлангач¸ одамлар кўп қаватли уйларнинг даҳлизларида кир қуритишмоқда.

- Бундай ҳолатларда кийимларнинг ўғирланиш ҳолатлари кўпаймоқда¸ дейди Дамир ака.

Тошкентлик Саломат опага кўра, балконда кир қуритишга рухсат беришмаслиги оқибатида одамларнинг ташвишлари кўпайган.

- Ваннахонада амаллаб кир қуритиш мумкин, лекин бунга анча кўп вақт талаб қилинади. Кейин ўзига яраша ҳид чиқади. Кийимнинг тоза ҳавода қуригани бошқача бўладику, барибир¸ дейди Саломат опа.

Ўз номини ошкор қилишни истамаган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги вакили балконда кир қуритишни таъқиқлаш тўғрисидаги қарор шаҳар кўркини бузмаслик мақсадида қабул қилингани айтади.

- Бу борада шаҳар ҳокимининг 190 сонли қарори бор. Қарорга кўра, кўча тарафга кир осиш мумкин эмас.

Биринчи марта бу қарорга амал қилмаган хонадонга огоҳлантириш берилади¸ иккинчи мартасида эса жарима солинади.

Бу қарор ижросини таъминлаш ички ишлар бошқармасига юклатилган, дейди Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги ходими.

Тошкент шаҳар ички ишлар бўлимидан эса бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ferghana.ru ахборот агентлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 11 январидан бошлаб Тошкент шаҳри кўчаларида “балконда кир қуритишни таъқиқлаш тартибига бўйсунмаганларга нисбатан амалдаги қонунга мувофиқ қатъий тартибда жазо чоралари кўрилиши ва ҳатто уларни яшаб турган хонадонларидан кўчириб юборилиши» мумкинлигидан оголантирувчи эълонлари пайдо бўлган.

Айни эълонлардан бирининг остига Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Мирзо Улуғбек туман бўлими дея имзо чекилгани ҳақида ёзади Ferghana.ru.

Адвокат Руҳиддин Комилов эса Тошкент шаҳар ҳокимиятиниг бу қарори Ўзбекистон қонунларининг мулк ҳақидаги моддаларига зид келишини айтади.

- Бу конституцияга умуман зид. Шунга қарамасдан қарор қабул қилинган.Мулк ҳуқуқини ким бекор қилади? Мулк ҳуқуқини фақат мулкдорнинг ўзи ëки суд қарори бекор қилади, дейди адвокат.

“Мана шу ҳолатда балконга кир ëйгани учун суднинг қарори билан уй тортиб олиниши мумкинми?” деб сўрадик Руҳиддин Комиловдан.

- Йўқ бунга ҳеч қанақа асос йўқ. Балконга кир ëйгани учун жазога тортиб бўлмайди, дейди адвокат.
XS
SM
MD
LG