Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:10

Ғазода уруш давом этмоқда


Исроил армиясининг аҳоли зич яшовчи маҳаллаларни бомбалаши оқибатида минглаб фаластинликлар бошпанасиз қолди.
Исроил армиясининг аҳоли зич яшовчи маҳаллаларни бомбалаши оқибатида минглаб фаластинликлар бошпанасиз қолди.

Халқаро ҳамжамият уринишларига қарамай¸ Исроил Ғазони бомбалашни давом эттирмоқда¸ ғазоликлар ичидаги қурбонлар ҳам ошиб бормоқда.

Исроил қўшинлари мана 17 кундирки Ғазода ҳарбий амалиётлар ўтказиб келмоқда.

Даставвал¸ Исроил ҳаво учқичлари Ғазони бомбардимон қилган бўлса, кейинчалик пиёда қўшинлари ҳам минтақага киритилди.

Эндиликда Исроил ҳукумати Ҳамас жангариларига қарши қаратилган амалиётларнинг янги босқичи бошланганини эълон қилиб, Ғазога қўшимча ҳарбий киритди.

Исроил қўшинларининг Ғазодаги ҳарбий амалиётлари давом этар экан, заҳирадаги қўшимча минглаб аскар Ғазо чегарасига яқин ҳудудда шай ҳолатга келтирилди.

12 январ куни Исроил ҳукумати ўз амалиётларини кенгайтираётгани ва заҳира қўшинларини ҳам Ғазога киритаётганини маълум қилди.

Бироқ Ғазога киритилажак янги қўшинлар амалиётларда иштирок этадими ёки улар шу кунгача қўлга киритилган позицияларга жойлашиб ўзаро ўт очишни тўхтатиш битимини кутадими¸ бу борада ҳеч қандай маълумот ошкор қилинмади.

Исроил ўз ҳарбий амалиётларини кенгайтириш лозим деб ҳисоблар экан, жанг майдонининг ҳам аҳоли зич яшовчи ҳудудга кўчиши аниқ. Бундай ҳудудларга кириш эса Исроилдан бу ерда ҳарбийлар сонини оширишни тақозо этади.

Ҳозирча Исроил раҳбарияти ҳам Ғазода давом этаётган амалиётлардан кўзланган аниқ мақсад борасида сукут сақламоқда.

11 январ куни журналистлар билан мулоқотда бўлган Исроил ташқи ишлар вазири Ципи Ливни Исроил ҳукумати Ҳамасни заифлаштириш ва Ғазога қурол олиб киришни таъқиқловчи ҳужжатга эришишни ўзига мақсад қилганини билдирди.

- Исроилнинг бундай ҳолатни бундан буёғига қабул қилмаслигини англатиш мақсадида¸ биз ҳарбий амалиётларни бошладик.

Бу амалиётлардан мақсад, агар улар Исроил ҳудудига ракета улоқтирса, Исроил будай ҳаракатларга тўла қудрат билан жавоб бера олишини намойиш этишдан иборат.

Иккинчидан¸ халқаро ҳамжамиятнинг ҳам ташвишига сабаб бўлаётган қурол контрабандасининг олдини олиш ва келажакда бу ҳолатнинг қайтарилмаслигини таъминлашдан иборат, деди Исроил ташқи ишлар вазири Ципи Ливни.


Айни пайтда Яқин Шарқ тўртлигининг махсус вакили Тони Блэр Қоҳирада қилган чиқишида ўзаро ўт очишни тўхтатиш битими борасида уринишлар давом этаётганини маълум қилди:

- Битимни қабул қилишимизга ишончим комил, бироқ бу машаққатли ишдир ва битим ишончли бўлиши лозим. Айтмоқчиманки, Ғазога қурол-яроғ келтирилмаслиги кафолатланиши керак, бунинг эвазига фаластинликлар ўз эҳтиёжларини қондириши учун Ғазони ҳар қандай қамалдан озод қилиш даркор¸ деди Тони Блэр.

Исроил қўшинларининг 17- кун давом этаётган ҳарбий амалиётлари оқибатида 900дан зиёд фаластинлик нобуд бўлди, 3000 га яқин фуқаро тан жароҳати олди.

Исроил ва Ҳамас ўртасидаги қарама-қаршиликни тўхтатиш йўлидаги дипломатик уринишлар ҳам айни дамларда давом этмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ўтган ҳафта ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюция қабул қилганига қарамай, низолашган томонлар ушбу резолюция талабларини умуман бажаргани йўқ.

Айни пайтда Исроил армияси уюштирган ҳужумлар оқибатини ўрганиш мақсадида Европа парламенти вакиллари 11 январ куни Ғазога борди.

Делегация аъзолари касалхоналар ва қочқинлар яшаётган лагерларга бориб, у ердаги вазият билан яқиндан танишади.

Сешанбагача Фаластин ҳудудларида бўладиган делегация аъзолари Ғазода юзага келган вазият ҳақида Страсбург шаҳрида жойлашган Европа парламентига ўз ҳисоботини тақдим этади.

XS
SM
MD
LG