Линклар

logo-print

Эркин дунë юзидаги доғ

  • Фаррух Юсуфий

Сиëсий эркинликларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи энг нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланмиш Фридом Ҳауз¸ қатор йиллардан бери Ўзбекистондаги эркинлик вазиятининг ночорлигидан бонг уриб келмоқда.

Сиëсий эркинликларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи энг нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланмиш Фридом Ҳауз¸ қатор йиллардан бери Ўзбекистондаги эркинлик вазиятининг ночорлигидан бонг уриб келмоқда.

Freedom House ташкилотининг янги ҳисоботида Ўзбекистон яна сиёсий ҳуқуқ ва фуқаровий эркинликлар вазияти бўйича 193 давлатдан иборат рўйхат тубидан жой олди.

Туркманистон, Зимбабве, Шимолий Корея ва Судан каби мамлкатлар билан бир қаторга қўйилган Ўзбекистон дунёдаги энг репрессив режимлардан бири бўлиб қолмоқда ва ўтган бир йил давомида бу мамлакатдаги вазият яхши томонга ўзгариш у ёқда турсин, фуқароларнинг эркинликлари янада бостирилган.

Кристофер Уолкер, Freedom House ташкилотининг тадқиқотлар бўйича директори ва “Дунёдаги эркинлик” ҳисоботининг муаллифларидан бири.

- Ўзбекистон нафақат собиқ иттифоқ ҳудуди, балки бутун жаҳон бўйлаб энг репрессив режимлардан бири деган мақомни эгаллаб келади. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг биз ўз тадқиқотимизда баҳо берадиган тизимларни бостириши натижасидир.

Бу мамлакатда сиёсий мубоҳаса ва демократик сайловлар ўтказиш имкони қолмаган. Фуқаровий жамият мутлақ бостирилган. Сўнгги йилларда эса, айниқса Андижон воқеаларидан кейин, матбуот эркинлиги аввалгига қараганда анча бостирилди.

Шу сабабдан, биз баҳо берган барча соҳаларда репрессия кучайгани ва имкониятларнинг йўққа чиққанини кўриш мумкин. Ўзбекистоннинг ўз-ўзини изоляция қилиши ва репрессияни кучайтириши бу мамлакат учун, албатта, фожеадир ва унинг энг ёмонлар қаторидан жой олишига ҳисса қўшади, дейди Кристофер Уолкер Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Ўзбекистонлик мухолифатчи ва мустақил журналист Носир Зокир Андижон воқеаларидан кейинги уч ярим йил, ва айниқса сўнгги бир йил давомида Ўзбекистондаги вазият айнан “ёмонларнинг ёмони” деган баҳога лойиқ бўлди, дейди.

Айни пайтда, сўнгги бир йил давомида Ғарб давлатлари, хусусан Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатларнинг Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан тутган кескин ёндашувларини юмшатганини кўриш мумкин.

Европа санкцияларининг асосий қисми бекор қилингани ҳамда АҚШнинг яна Каримов режимига мулозамат муждаларини юбора бошлагани бунга мисол бўла олади.

Афсуски¸ дейди Freedom House ташкилотининг собиқ иттифоқ давлатлари бўйича тадқиқотчиси Жаннет Гиринг, демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳамма нарсадан устун қўйиши айтиладиган Ғарбнинг Ўзбекистондек репрессив режимларга нисбатан сиёсатини ўзгартириши бугунги кунда бу қадриятларга унчалик боғлиқ бўлмай қолди.

- Ҳарбий ва иқтисодий масалалар инсон ҳуқуқларидан устун қўйлаётгани шароитида Каримов режимига мамлакат ичкарисида ёки ташқарисидан таъсир эта олиш воситаларининг камаяётгани ташвишли ҳолдир.

Лекин, бир нарсани аниқ айтишим мумкин, Freedom House каби, инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб борадиган халқаро ташкилотлар ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга бефарқ қолмайди.

Афсус, Ўзбекистондаги вазиятни қандай ўзгартириш мумкин, деган савол очиқ қолмоқда, дейди таҳлилчи Гиринг.

Кристофер Уолкер ҳам демократия ва озодлик тимсоли бўлиб келган Европа ва АҚШнинг у ёки бу давлатга нисбатан тутган мавқеи бу давлатда демократия кучаяётгани тимсоли бўлмай қолди, дейди.

- Ҳисоботимизда Ўзбекистонда сиёсий ҳуқуқлар ва эркинликлар соҳасида арзигулик ўзгариш рўй бермаганига оид келтирилган фактлар жуда аниқдир.

Ўтган бир йил давомида АҚШ ва Европа Иттифоқи муайян шарт-шароитлар туфайли Ўзбекистон билан яқинлашишга уринганини кўрдик.

Лекин Ўзбекистон ҳукумати Ғарб билан алоқалар яхшими, ёмонми бундан қатъий назар сиёсий репрессияларни кучайтириш хусусиятига эга эканини яхши биламиз ва Тошкент ҳукумати унга, Ғарб томонидан тортиқ этилаётган мукофотларга лойиқ ҳеч бир ўзгаришни амалга оширмагани, менимча бу кундек равшан¸ дейди Кристофер Уолкер.

Freedom House ташкилотининг “Дунёдаги эркинлик” (Freedom in the World) ҳисоботи 1972 йилдан бери ҳар йили эълон қилинади.

Дунё мамлакатларида озодлик ғояларини тарғиб этувчи ташкилотнинг асосий ҳисоботларидан бири бўлган нашрда дунёнинг 193 давлатида сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларга оид вазият бир-бирига қиёсан баҳоланади.

2009 йилги ҳисоботга кўра, ўтган йил давомида 32 давлатда вазият ёмонлашган. Болтиқ бўйи давлатларидан ташқари собиқ иттифоқ ҳудуди ва Африка қитъасининг жанубий ўлкаларидаги вазият анча ташвишлидир.

Бу йилги ҳисоботда шунингдек, “рангли инқилоблар” рўй берган Грузия, Украина ва Қирғизистонда авторитар жараёнларнинг кучайиши сиёсий эркинликларнинг чекланишига сабаб бўлгани қайд этилди.

Сиёсий ҳуқуқлар ва эркинликлар борасида муайян ижобий ўзгаришларга эришган давлатлар сони эса 14тани ташкилган.
XS
SM
MD
LG