Линклар

Водийда қама-қама авжга чиқмоқда

  • Барно Анвар

Мустақил матбуотнинг йўқлиги ва халқаро ноҳукумат ташкилотларининг мамлакатдан ҳайдаб чиқарилгани¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг янада ëмонлашувига хизмат қилмоқда

Мустақил матбуотнинг йўқлиги ва халқаро ноҳукумат ташкилотларининг мамлакатдан ҳайдаб чиқарилгани¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг янада ëмонлашувига хизмат қилмоқда

Сўнгги икки йил ичида биргина Наманган вилоятида диний айб билан қамалган фуқаролар сонининг 100 нафардан ошгани айтилмоқда.

Лекин вилоятда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган халқаро ёки нодавлат ташкилот ёхуд халқаро ахборот воситалари вакиллари бўлмагани боис¸ бу оммавий қама-қамалар жамоатчилик эътиборидан четда қолмоқда.

Наманганда фаолият юритаётган саноқли маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон жиноят кодексининг ҳуқуқ-тартибот идоралари орасида урф бўлган 159 ва 244-моддалари билан айбланиб қамалган диндорлар рўйхатини тузди.

100 дан ортиқ кишини ташкил қилган бу рўйхатда, асосан, ёш-ёш йигитларнинг исми шарифи битилган ва уларнинг аксарияти иккинчи бор айни айблов билан қамалган фуқаролардир.

Рўйхатдан ўрин олган баъзи исм-шарифларни келтирамиз:

Тожибоев Акмал Ғофурович, Муйдинов Жалолиддин, Шарипов Шокир, Юсупов Босит, Абдуллаев Ҳошим, Нормирзаев Ҳасан, Холиқов Алишер, Нажмиддинов Муҳаммад ва ҳоказо, узундан узоқ рўйхатки, бу рўйхатга тушган, асосан, Наманган шаҳрида яшаган йигитлар энг камида 6 йил, кўпи билан 12-15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Яқинларининг мурожаатлари асосида ушбу рўйхатни тузганлардан бири - наманганлик мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Носир Зокир шуларни маълум қилди.

- Бизга биринчи мурожаат қилган Шарипов Шокиржоннинг оила аъзолари бўлди. Масалан¸ синглиси унинг ҳужжатларини олиб келди. Нечта қамалган бола бўлса¸ бизда ҳаммасининг рўйхати турибди. Булар Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда айбланиб қамалган.

Уларнинг ичида Алишер Холиқов деган йигит бор. Турмадан чиққандан кейин биринчи микрорайонда музқаймоқ сотиб юрган эди. Бир яхши ишлаб юрган эди. Мен кўришиб турган эдим. Уни ҳам бирданига яна олиб бориб қамашди.

Қамалганларнинг ичида жуда кўпчилиги¸ биздаги ҳужжатларга қараганда иккинчи марта қамалган¸ дейди Носир Зокир.

Муттасил қама-қамалардан зада бўлган халқ дардини кимга айтишни билмай юрибди, деб давом этади бу кузатувчи.

- Биласизлар¸ Наманганда Фридом Ҳаузнинг Фарғона водийси бўйича офиси бор эди. Андижон воқеаларидан кейин бу офис йўқ қилинди.

Ундан кейин¸ Озодлик радиосининг мухбири бўлиб ишлаëтганим учун мени қамаб қўйишди. Олти ой ўтириб чиққанимдан кейин жуда ҳам кўпчиликнинг қамалгани ҳақида хабар келди.

Аммо бундан кўпчилик мустақил ва хорижий ахборот воситалари бехабар қолган. Биз ўшаларнинг ҳаммасини жамлаб туриб¸ халқаро ташкилотларга жўнатган эдик, дейди Носир Зокир.

Наманган вилоятида бу тахлит қама-қамалар, айниқса, 2006 йилдан кейин авж олди ва нега ҳуқуқ тартибот идоралари бирданига озодликка чиққанларни яна қайтариб қамай бошлаганига ҳозиргача тайинли бир изоҳ тополмадик, дейди яна бир ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадумаров.

- Наманганда бу ишларни 2006 йилдан бошлаб қилиб келишаяпти. Қамалганларнинг кўпчилиги ҳақиқатан Ҳизбут-Таҳрир ëки ваҳобийлик айби билан қамалган. Диний эътиқод билан қамалганларнинг 99 фоизига муддати тугаши билан яна муддат қўшиб берилаяпти.

Уларнинг жамоатчилик назаридан четда қолиб кетаëтгани ҳам тўғри. Ота-оналарнинг мурожаат қиладиган жойлари ҳам йўқ. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг кўпчилиги қўрқувда¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Айни ҳолатни Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарларида ҳам кузатиш мумкин, дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Яқинларимиз устидан ноҳақ ҳукм ўқилди, деб ҳисоблаётган водийликлар арз қилиб борай деса, арзини тинглайдиган ва ишонса бўладиган идоранинг ўзи йўқ, дейди бундай ҳолатга шахсан гувоҳ бўлган яна бир суҳбатдошимиз.

-Бизнинг бир танишимизнинг ўғлининг муддати тугашига бир ой қолганда¸ унга яна 4 йил қўшиб қўйишди. Яна биттасига 6 йил қўшиб қўйишди. Қамоқхонада гапга кирмади деб қўшиб қўяверишар экан.

Ўзи шунақа нарса бўларканда. Чиқарилмасин деган буйруқ борми билмадим. “Давлатдан¸ президентдан мен атайин қилганим учун кечирим сўрайман. Қилган ишимдан пушаймонман деб ëзиб берсанг чиқиб кетасан” дейишса¸ “Нимага ëзиб бераман. Мен қилмаган ишим учун нимага узр сўрашим керак? Ўзи муддатим оз қолди” деганларга яна қўшиб беришаяпти.

Ҳозир қаëққа ҳам борасиз? Ҳамманинг дарди ичида. Мана биз бозордамиз тижорат билан. Агар иккита одам урушиб қолса¸ худди бир нарсани кутиб тургандай дарҳол 400-500та одам тўпланиб кетади. Бизлар айтамизки¸ халқ зўрға турибди¸ сал нарсага халқ қўзғалиб кетади, дейди яқинлари қайта қамалган суҳбатдошларимиздан бири.

Халқаро қизил хоч ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналарини назорат қилишга рухсат олганини эшитганимиздан кейин ва ниҳоят битта бўлса ҳам нажот эшиги очилди, деган умид пайдо бўлган эди, дейди наманганлик журналист Носир Зокир.

-Ўзбекистонга рухсат берилиб Қизил хоч жамияти келадиган бўлди. Шунда биз уларнинг сайтини билиб¸ болаларнинг ҳаммасининг рўйхатини жўнатиб юбордик.

Ўшаларнинг ичидан биргина шу Шарипов деган йигитни бирданига Андижонга олиб келди. Оила аъзолари жуда ҳам хурсанд бўлиб турган пайтда¸ “Бу болани Андижон турмасида ниҳоятда қаттиқ қийноққа солаяпти экан. милиция ходимлари¸ турма ходимлари ўлдириб юборамиз” деяëтган экан деган маълумот чиқиб кетди¸ дейди Носир Зокир.

Шу тариқа, Қизил хоч ташкилотига бўлган умидларимиз ҳам пучга чиқмоқда, дейди водийлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари.

Айни паллада эса= диний эътиқоди учун айбланиб қамалган диндорлар рўйхати узайишда давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG