Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:03

Нафрат маъракаси авжида


Россияликлар янги йил ва мавлуд кунини байрам қилаëтган кунларда ҳам тақирбошлар ўз нафратлари қурбонларини ов қилишдан тўхтамадилар
Россияликлар янги йил ва мавлуд кунини байрам қилаëтган кунларда ҳам тақирбошлар ўз нафратлари қурбонларини ов қилишдан тўхтамадилар

Москвада янги йилнинг биринчи ўн кунлигида ғайрируслардан етти киши тақирбошлар ҳужумига учраган¸ қурбон бўлганлардан иккитаси ўзбеклардир.

“Московский комсомолец” газетасининг хабар қилишича¸ ҳужумга учраганларнинг барчасига пичоқ санчилган. Уларнинг уч нафари вафот этган.

Миллатчи руслар қўлида январнинг илк ўн кунида Москвада ўлганлардан икки нафари ўзбекдир. Бу маълумотни Москвадаги "Сова " инсон ҳуқуқлари маркази таҳлилчиси Александр Верховский билдирди.

Верховский назарида бу ëмон бир ишорат¸ аммо ўтган йилнинг январ ойи билан солиштирганда шукр қилса бўладиган рақам.

- Ўтган йилнинг январ ойида рус миллатчилари Москвани ғайрируслар кушхонасига айлантиришган эди¸ дейди Верховский.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Москвадаги вакили Алиссон Гилл ҳамма дам олаëтган бир пайтда¸ рус миллатчиларининг пайт пойлаб икки ўзбекни пичоқлаб ўлдирганидан даҳшатга тушганлигини айтади.

- Бу даҳшат. Улар бу билан Москвадаги ўзбек мардикорлари қулоғига даҳшатли муждани юборишди.

Мана йил бошланди ҳамма дам оляпти¸ байрам қиляпти. Биз эса сиз келгиндиларга қарши курашимизни давом эттиряпмиз¸ демоқчи улар бу ҳаракатлари билан.

Бу уларнинг нафрат маъракаси тугамагани¸ балки йил бошида янгидан авж олганидан дарак¸ дейди Гилл.

- Албатта¸ тақирбошлар дам олаëтгани йўқ¸ дейди Сова ташкилоти вакили Верховский. Улар умуман кам дам олишади.

Кечган йил мобайнида ксенофобия хуружлари Россияда 500 маротаба қайд қилинган.

2008 йил давомида 122 киши миллатчилар тарафидан ўлдирилган бўлса¸ улардан 20 нафари ўзбеклар эди. 26 ўзбек калтаклар зарбидан ярадор бўлди.

- Совет даври соғинчи билан яшаëтган Россия аҳолиси ўша пайтда ароқ тўрт сўм бўлганини эслайди¸ аммо ўзбеклар сўнгги бурда нонини¸ уй жойини руслар билан баҳам кўрганлигини эсламайди¸ дейди Верховский.

Бундай нафрат муҳитини шакллантиришга Россиядаги оммачий ахборот воситалари катта ҳисса қўшмоқда.

Мана бу мигрант сизнинг қизингизни зўрлаши¸ уйингизни ўмариши ëки сиз учун ажратилган иш жойини эгаллаши мумкин¸ деб ëзишмоқда. Айнан мана шундай мақолалар боис Россия аҳолиси зеҳниятида ксенофобия яъни ғайрируслардан нафратлашиш туйғулари ривожланмоқда.

Аҳолининг аксари Марказий Осиëдан келган мардикорлардан пассив бир тарзда нафратланса¸ бутун Россия бўйлаб тахминан 20 минг чоғли радикал кайфиятдаги руслар пичоқ воситасида бу нафратни ифода қилишмоқда.

Йил бошида икки ўзбек йигити бу нафрат тиғини ўз танасида ҳис қилди.

Ҳали йил адоғигача 353 кун бор.

Охири бахайр бўлсин.
XS
SM
MD
LG