Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:23

Қўшнинг кўр бўлса, кўзингни қис...


Кузатувчилар Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида қўшни давлатларнинг синалган йўлидан боришни маъқул кўраётганини таъкидламоқдалар.
Кузатувчилар Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида қўшни давлатларнинг синалган йўлидан боришни маъқул кўраётганини таъкидламоқдалар.

“Қирғизистон сиёсий тизимнинг ўзбек модели йўналиши томон эволюция қилмоқда”. Мамлакатдаги жараëнларни кузатаëтган мустақил сиёсатшунослар ана шундай фикрда.

Жумладан, Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжумани иштирокчиси бўлган Москвадаги МДҲни ўрганиш институти Бишкек ваколатхонаси раҳбари Александр Князев “Қирғизистон нисбатан демократик йўналишдан оғиб, айрим кўринишларни ҳисобга олмаганда, ўзбек сиёсати вариантини танламоқда”, деб фикр билдирди.

Александр Князевнинг айтишича, Қирғизистон ҳукуматининг Ўзбекистон сиёсий тузумига яқинлашишга интилаётганини бир қатор омиллар мисолида изоҳлаш мумкин:

- Ҳуқуқ-тартибот тузилмаларини кучайтирилиши, айрим қонунларга давлатнинг иқтисодга аралашувини кучайтиришга қаратилган ўзгартишларнинг киритилиши, матбуот эркинлигини чеклаш ҳаракати, энг нуфузли ахборот воситаларининг ҳукуматга мойил сиёсий кучлар назорати остига олиниши мисолида Қирғизистон ўз сиёсий йўналишини Ўзбекистон тузимига яқинлаштирмоқчи эканини илғаш мумкин, дейди Александр Князев.

Сиёсатшунос фикрича, айни дамда ҳукумат қирғиз мухолифатини заифлаштириш ҳаракатини кучайтирмоқда.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун сиёсатшуноснинг айрим фикрларига қўшилади.

- Мухолифат арбобларига давлат амалларида ишлаган вақтларида эмас, лавозимларидан истеъфо бериб, мухолифатга қўшилганларидан кейин жиноят ишлари очилмоқда. Айрим ўзгача фикрловчилар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари таъқиби туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани ҳам рост, дейди Турсунбек Ақун.

Лекин Омубдсмен сиёсатшуносларнинг “Қирғизистон ўз сиёсий йўналишини Ўзбекистон тузумига яқинлаштирмоқчи” деган нуқтаи назари бироз бўрттирилган эканини айтади.

- Қирғизистон Ўзбекистон йўлига ўтмоқда, деган фикрга қўшила олмайман. Янги Конституция қабул қилингач, қандайдир даражада ҳокимият бир шахснинг қўлида жамланди. Лекин бу¸ авторитар ёки диктаторлик тузуми бошланди¸ дегани эмас.

Газеталар ҳукуматни эркин танқид қилмоқда, яхшими-ёмонми - мухолифат фаолият кўрсатмоқда. Албатта¸ мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари борасида ортга силжишлар бор. Бироқ бу мамлакатда демократия учқуни бира тўла сўнди, дейишга асос бўла олмайди, деди Турсунбек Ақун.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова Қирғизистон деярли авторитар бошқарувга эга давлатга айланиб бўлди, деган фикрда. Унинг айтишича, бу жараëнда МДҲдаги авторитар тузумлар таъсири кучли бўлган.

- Бу МДҲ, жумладан, Марказий Осиёдаги давлатлар таъсиридир. МДҲ ҳудудида Қирғизистон энг демократик давлатлардан бири эди. Бу эса авторитар тузумдаги давлатлар учун кўзга суқилган чўпдек гап эди. Шунинг учун ҳам бу давлатлар Қирғизистон ҳокимиятига ўз таъсирини ўтказига ҳаракат қилиб келди¸ дейди Азиза Абдурасулова.

Сиёсатшунос Александр Князев бу борада фикр билдиришда давом этар экан, бу таъсир бевосита эмас, билвосита эканини қайд этади. Унга кўра, минтақа ва МДҲдаги авторитар тузумлар Қирғизистон ҳукумати ҳаракатларининг ўз сиёсатлари билан мувофиқлаштирилган бўлишини истайдилар.

Александр Князев минтақада энг фаол ҳисобланган қирғиз мухолифати ҳам президент Бакиев командаси томонидан устамонлик билан кучсизлантирилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Сиёсатшунос фикрича, бу авторитар ҳокимият устунларини янада мустаҳкамлайди ва қаршилик ҳаракатини заифлаштиради.

- Президент ва унинг командаси мухолифатни эффектив тарзда заифлаштириш ва амалдаги мухолифат таркибидан кўп лидерларни чиқариб юборишга муваффақ бўлди. Мухолифат лидерларининг айримлари жиноят ишлари қўзғатилиб қамалди, айримлари фаолиятини тўхтатди, бир қисми эса ҳукумат берган амалларга алданди.

Лекин ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам назорат қила олмайдиган бир куч бор. Бу куч халқдаги эркинлик руҳидир.

Қирғизистон халқи эркинлик таъмини тотган, одамлар эркинлик ўзларининг турмуш фаровонлигини оширишини, иқтисодий аҳволларини яхшилашини яхши тушуниб қолганлар.

Шунинг учун ҳам мухолифат заифлашган тақдирда, унинг ўрнини халқ эгаллайди. Лекин халқнинг йўналтирилмаган кураши нақадар самарали бўлиши ҳозирча маълум эмас, дейди Александр Князев.
XS
SM
MD
LG