Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:56

Айб яна Ўзбекистонга юкланди


Қозоғистон ва Қирғизистонда аҳолини ОИТВ ва ОИТС дан огоҳлантириш кампанияларининг мунтазам ўтказилишига қарамай¸ бу вирусга чалинганлар сони ошиб бормоқда.
Қозоғистон ва Қирғизистонда аҳолини ОИТВ ва ОИТС дан огоҳлантириш кампанияларининг мунтазам ўтказилишига қарамай¸ бу вирусга чалинганлар сони ошиб бормоқда.

Қозоқ расмийлари мамлакат жанубидаги ОИТВга чалинган болалар ва катталарнинг инфекцияни Ўзбекистондан юқтирганини даъво қилиб чиқдилар.

Жанубий Қозоғистон вилояти ҳоким ўринбосари Валихон Қайназаров 12 январ куни маҳаллий журналистларга берган интервьюсида 2008 йили вилоятда дунёга келган 75 мингта гўдакнинг деярли 2 мингтаси вафот этгани, 24 та она эса туғруқ пайтида дунёдан кўз юмганини маълум қилди.

Қозоқ расмийсининг айтишича, бу кўрсаткич 2007 йилгига нисбатан деярли уч баробарга кўпдир. Қайназаровга кўра, Жанубий Қозоғистон вилояти касалхоналаридаги бундай аянчли ҳолат вилоят аҳолисининг тез-тез қўшни Ўзбекистондаги шифохоналарга мурожаат қилишга ундамоқда.

Бироқ, Жанубий Қозоғистон вилоят ҳокими ўринбосарининг таъкидлашича, даволаниш учун қўшни давлат касалхоналарига мурожаат қилганларнинг баъзилари у ерда ОИТВ юқтиришга улгурганлар.

- Ҳозир бизда Ўзбекистон билан боғлиқ жуда катта муаммолар юзага келмоқда. Бугун биз сизга шуни ҳақда очиқ-ойдин айтишимиз мумкинки, инфекция юқтирган ёш болалар ва аҳолининг катта қисми бизга қўшни республикадан келмоқда, деди Жанубий Қозоғистон вилояти ҳоким ўринбосари Валихон Қайназаров.

Биз қозоқ расмийсининг айтганлари юзасидан батафсилроқ маълумот олиш мақсадида Жанубий Қозоғистон вилоят соғлиқни сақлаш департаментига мурожаат қилдик.

- Бу масалада Ўзбекистонга урғу бериш керакмас. Шунчаки биз вилоят ҳудудига кириб келаётган чет элликлар, яъни меҳнат муҳожирлари туфайли ОИТВ юқтирганлар сони уч баробарга ошганини айтишимиз мумкин.

Аммо меҳнат муҳожирлари орасида Ўзбекистон фуқароларидан ташқари, бошқа республикалардан келганлар ҳам бор. Шу боис бизнинг департамент Жанубий Қозоғистон вилоят ҳокими ўринбосари айтган маълумотни тасдиқламайди, деди Жанубий Қозоғистон вилоят соғлиқни сақлаш департаменти матбуот котиби Айжан Умарова.

Бундан уч йил аввал Жанубий Қозоғистонда ёш болалар ва оналарнинг ОИТВ ни оммавий равишда юқтириб олиш ҳолати қайд этилган кезда қозоғистонлик баъзи кузатувчилар инфекция юқтирган аҳоли орасида Ўзбекистон касалхоналарида даволанганлар ҳам борлигини ҳамда улар инфекцияни айнан қўшни республикада юқтирганларини таъкидлаган эдилар.

Ўшанда вилоят соғлиқни сақлаш департаменти вакиллари баъзи кузатувчиларнинг бу каби асоссиз иддаолари икки давлат дипломатик ваколатхоналари ўртасида можарога сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этганди.

Бу фикрга Жанубий Қозоғистондаги “Ишончли таянч” нодавлат ташкилоти раҳбари Валентина Скрябина ҳам қўшилади.

Унинг Озодликка айтишича, вилоятда ОИТВ юқтирган ёш бола ва оналарнинг айнан қанчаси инфекцияни Ўзбекистонда юқтиргани ҳозиргача номаълум, шу боис расмийларнинг бундай маълумотлари чиндан ҳам икки давлат ўртасига совуқчилик тушириши мумкин.

- Ўтган йилнинг 22 декабр куни вилоятимизда ОИТС муаммоси билан боғлиқ йиғилишда ушбу муаммо билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари учрашдилар. У ерда Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлар иштирок этиб, республикаларидаги ОИТС ва ОИТВ билан боғлиқ муаммо ҳақида кенг тўхталдилар.

Бироқ Ўзбекистондаги расмий идоралар, хусусан, республика ОИТС марказининг бу муаммо ҳақида очиқ-ойдин гапиришни истамаётгани, бу борада аниқ статистика келтирмаётгани қўшни республикалардаги мутахассисларнинг чиндан ҳам Ўзбекистонда бу касаллик авж олганию унинг ўзбекистонликлар орқали қўшни давлатларга ҳам кириб келаётгани борасидаги асоссиз иддаоларни келтириб чиқараяпти, дейди Валентина Скрябина.
XS
SM
MD
LG