Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:33

Алюминийчилар таъқиби тўхтатилди


Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохоновнинг билдиришича, 2007 йил ноябрида Талко томони Абдуқодир Эрматов ва Аваз Назаровга нисбатан даъволаридан кечган.
Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохоновнинг билдиришича, 2007 йил ноябрида Талко томони Абдуқодир Эрматов ва Аваз Назаровга нисбатан даъволаридан кечган.

Тожикистонда Талко ширкати собиқ директори Абдуқодир Эрматов ва “Ансол” ширкати раиси Аваз Назаровга нисбатан очилилган жиноят иши тўхтатилди.

- Томонлар ярашувидан сўнг Эрматов ва Назаровга нисбатан эълон қилинган қидирув ишлари ва уларга эълон қилинган санкциялар бекор қилинди. Шундай қилиб, улар эндиликда эркин фуқаролар ҳамда истаган пайтда Тожикистонга келиб, ҳар қандай муаммоларини ҳал қила оладилар. Эрматов, Назаров ва Кўчаровга нисбатан жиноят иши тўхтатилди, деди сешанба куни матбуот анжуманида Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов.

Бундан уч йил аввал тожик расмийлари “Ансол” ширкати эгаларини 1996 ва 2004-йиллар мобайнида қиймати ярим миллиардлик давлат алюминийсини ноқонуний ўзлаштирганлик, пора берганлик ва завод мол-мулкини талон-тарож қилганликда айблаган эдилар.

Тожикистон давлат алюминий ширкати даъвосига кўра, “Ансол” ширкати масъули Аваз Назаров “Талко” ширкатининг собиқ раиси Абдуқодир Эрматов кўмагида бу маблағларни ноқонуний тарзда қўлга киритган.

Ўз навбатида, “Ансол” ширкати эгаси Аваз Назаров Тожикистон давлат ширкатини унга тегишли 130 миллион долларни тортиб олганликда айблаган эди.

Унга кўра, Тожикистон давлат ширкати шартномани бир томонлама тўхтатиши оқибатида “Ансол” катта миқдорда молиявий зарар кўрган.

Пировардида¸ Тожикистоннинг асосий даромад манбаи саналмиш бу йирик саноат корхонаси атрофида томонлар баҳслари кескинлашди.

Айни шу молиявий баҳслар атрофида Буюк Британия Олий Судида уч йил давом этган маҳкама жараёни ўтган йил ноябр ойида томонлар ярашуви билан якунига етди.

“Талко” масъулларига кўра, томонлар ўзаро даъволарни тинчгина ҳал қилиш борасида келишиб олган. Келишув тафсилотларини ошкор қилмаган Талко матбуот хизмати бошлиғи Саёҳат Қодирова жиноят иши Тожикистон прокуратураси томонидан қўзғатилгани ва яна шу идора томонидан тўхтатилганини билдирар экан, ортиқча тафсилотлардан тийилишини таъкидлади.

Кузатувчи Шокиржон Ҳакимовга кўра, Британия Олий маҳкамаси қароридан сўнг Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу икки шахсга нисбатан янгитдан жиноят иши очиш ҳуқуқига эга эмас.

- Зеро, Тожикистон Конституциясининг 10-моддаси 4-қисми ва Тожикистон ўз зиммасига олган бошқа халқаро мажбуриятларига кўра, халқаро суд қароридан сўнг Бош прокуратура Абдуқодир Эрматов ва Аваз Назаровга нисбатан жиноят ишини тўхтатишга мажбур эди, дейди мустақил кузатувчи Ҳакимов.

Тожикистоннинг энг йирик саноат корхонаси саналмиш “Талко” алюминий ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди ва у келтирадиган фойда мамлакат йиллик даромадининг 70 фоизини ташкил этади.
XS
SM
MD
LG