Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:28

Қамоқхона эмас¸ силхона?!


Қамоқхоналарда сил тарқалмаслиги учун тутқунлар мунтазам равишда тиббий текширувдан ўтказиб турилиши лозим бўлса-да¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида силнинг эпидемия ҳолатига яқинлашгани айтилади.
Қамоқхоналарда сил тарқалмаслиги учун тутқунлар мунтазам равишда тиббий текширувдан ўтказиб турилиши лозим бўлса-да¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида силнинг эпидемия ҳолатига яқинлашгани айтилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги овқатлар сифатининг пастлиги ва зах камералар тутқунлар орасида сил тарқалишини тезлаштирмоқда.

Шунингдек, бу касалликнинг сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳбусларга қасддан юқтирилаётгани ҳақида ҳам гап-сўзлар бор.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси фаоллари Оҳангарон шаҳри Галақудуқ посëлкасида жойлашган 69-жазони ўташ муассасасида жазо муддатини ўтаётган 27 ёшли Ридван Илёсовнинг оғир аҳволидан ташвиш билдиради.

Алянс фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, Радвин Илёсов қамоқхонада оғир сил касалига чалинган ва у зудлик билан даволанишга муҳтож. Шу йилнинг октябр ойида бу маҳбуснинг сил касалликлари касалхонасидаги муолажаси тугамай туриб у яна қамоқхонага қайтариб олиб кетилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси жазони ўташ муассасаси раҳбарларидан Радвин Илёсовнинг зудлик билан касалхонага қайтарилишини талаб қилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам Ўзбекистон қамоқхоналарида сил касали билан оғриётган маҳбуслар тобора кўпайиб бораётганини айтади.

- Бизга келган маълумотлар ичида маҳбусларга сил касаллигининг мажбурлаб юқтирилиши ҳақида ҳам гапиришади. ШИЗО (жазо изолятори – таҳр.) деган қамоқхонанинг ичида қамоқхона бор. Бунинг ҳамма ери бетон ва зах бўлади. Кейин атайлабдан тагига сув сепиб қўйишади. Кейин эса у ердаги одам сил касалига дучор бўлади, дейди Суръат Икромов.

Турмуш ўртоғи қамоқхонада силга чалинган ўзбекистонлик аёл ҳам бу касаллик унинг эрига қасддан юқтирилганини таъкидлайди.

- Унинг олдига олдин сил касалига чалинган одамни қўйишган. Атайин қилишган. Ўзи касалга чалинганларни ажратиб қўйиш керак-ку. Ўпкаларида доғ бор, дейди ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

Диний айбловлар билан қамалганлар жиноий ишлари юзасидан мониторинг олиб борувчи фарғоналик ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадумаров фикрича, сил касалининг Ўзбекистон қамоқхоналарида кўпайиши бу табиий ҳол. Чунки бу касалликнинг урчиб-кўпайиши учун қамоқхоналарда барча “шароит” бор.

- Сил касалининг ривожланиши учун энг асосийси муҳит керак. Яъни иммунитет паст бўлиши керак¸ овқат калориясиз бўлиши керак. Қамоқхонада худди шу шароитлар мавжуд¸ дейди ҳуқуқ фаоли.

Мадумаровга кўра, қамоқхонада калорияли овқат берилмагани камлик қилганидек, маҳбусларга яқинлари олиб борган калорияли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам қабул қилинмайди.

- Қолаверса, ота-онаси олиб борган ëғни ҳам олмайди. Айниқса, Қарши зонасида. Ҳатто сарëғни ҳам олмайди. У ëғли овқат ейиши керак¸ иммунитет кучайиши керак, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Турмуш ўртоғи Зарафшондаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Муслима ҳам жазони ўташ муассасаларида сил касали кўпайишининг сабабларини эридан эшитганлари асосида ҳикоя қилади.

- Ичкаридаги ҳамма шароитлар сил касаллиги бўлиши учун-да. Масалан, сил касаллиги шамоллашнинг қаттиқ ўтиб кетганидан бўлади.

Мана, қишда Ўзбекистонда жуда қаттиқ совуқ бўлди. Ўша пайтда эрталаб кўчага олиб чиқишаркан. Умуман ичкарига қўйишмас экан. Ҳатто баъзи болаларнинг қулоғи¸ бурни яхлаб қоларкан. Ўшандан кейин кўпчилиги сил касал бўлди.

Ўша вақтида қаралмагани¸ тиббий ëрдам кўрсатилмагани учун ҳалигача сил касали билан юришибди, дейди Муслима.

Халқаро инсон ҳуқуқи ташкилотлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиб келинаётгани, қамоқхоналардаги сиёсий маҳбуслар доимий қийноқларга солиниши ва уларга турли хил касалликлар сунъий равишда юқтирилишини қайд этиб келади.

Ўзбекистон ҳукумати эса¸ бундай иддаоларни муттасил рад этишдан тўхтамаяпти.
XS
SM
MD
LG