Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:20

"Кўк қоғоз" яна кучайди


Глобал молиявий бўҳрон туфайли жаҳон валюта ва ëнилғи бозорларида юзага чиққан эврилишлардан энг кўп Россия ва унинг рубли зарба емоқда.
Глобал молиявий бўҳрон туфайли жаҳон валюта ва ëнилғи бозорларида юзага чиққан эврилишлардан энг кўп Россия ва унинг рубли зарба емоқда.

Жаҳон валюта биржаларида душанба ва сешанба кунлари бўлиб ўтган савдоларда АҚШ доллари бошқа валюталарга нисбатан ўз позициясини яна мустаҳкамлай бошлади.

Масалан, Россияда 13 январ куни долларнинг рубл нархи қарийб 22 ярим копейкага қимматлаб, бир доллар 31 рублу 22 копейкага тенглашди.

Шундай қилиб, долларнинг рублга нисбати энг рекорд даражада бўлган бундан 6 йил аввалги – 2003 йилнинг 9 январдаги кўрсаткичга озгинагина қолди. Ўшанда бир доллар 31 рублу 88 копейкага тенг бўлган эди.

Мутахассислар доллар қадри кўтарилаётганини Европа Mарказий банкининг 15 январга режалаштирилган мажлиси билан боғламоқда.

Хабарларга қараганда, ўша мажлисда Европа Mарказий банки фоиз ставкаларини пасайтирмоқчи ва валюта бозорлари мана шу хабарга реакция билдириши оқибатида евро – доллар "мусобақасида" Европанинг муштарак пули Шимолий Америка пулига нисбатан арзонлай бошлади.

Пул бозори бозорларнинг энг сезгиридир. Доллар-рубл, доллар-евро муносабатларидаги ўзгариш доллар-сўм муносабатларида ҳам дарҳол билинди.

13 январ, сешанба куни Андижоннинг пул бозорида бир АҚШ долларини 1520 сўмга сотдилар.

- Ҳозир 100 долларни 152 минг сўмга алмаштириб келдим¸ деди ўз исмини айтишни истамаган бир андижонлик.

Умуман, доллар – сўм нисбатидаги ўзгаришлар бошқа валюталар билан доллар нисбатидаги ўзгаришлардан фарқланади, дейди овозини ёзиб олишимизни истамаган тошкентлик бир кузатувчи.

Ўзбекистонда доллар ҳеч қачон кескин арзонламаган. Кейинги йилларда 1300 сўмгача тушган холос. Бу эса сўмнинг қадри кўтарилмаётгани, инфляция суръатининг баландлиги аломатидир.

Тошкентлик кузатувчининг бундай фикрини Садирохун исмли оддий андижонлик қувватлайди.

- Бизда доллар ҳеч қачон пасаймайди¸ баландлайверади. Сабаби бизда ишлаб чиқариш воситалари ишламайди. Ўзимизда маҳсулот ишлаб чиқарувчи воситалар бўлгандагина¸ завод ва фабрикалар маҳсулот ишлаб чиқарган тақдирдагина бизнинг пулимизнинг нархи кўтарилади ва қадри ошади¸ дейди Садирохун исмли оддий андижонлик.

Бу оддий ўзбекистонликнинг фикри.

Энди мутахассиснинг фикрига қулоқ солайлик. Қирғизистонлик иқтисодчи Айилчи Сарбаев фикрича, минтақа мамлакатлари пуллари қадрини кейинги йилларда ташқаридан – меҳнат мигрантларидан кириб келаётган долларлар ушлаб турган эди.

- Кейинги пайтларда чет эллардан келаётган пул оқими камайди ва оқибатда чет эл валютасига талаб кучайиб, сўмнинг қадри туша бошлади, дейди қирғизистонлик таҳлилчи.

Айилчи Сарбаев қирғиз сўми ҳақида гапирмоқда. Қирғиз сўми ҳам кейинги кунларда психологик чизиқ – 1 долларга 40 сўм деган маррага миниб олди.

Қирғизистонлик таҳлилчининг ўз мамлакати пули аҳволи тўғрисидаги гапларни ўзбек сўмига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Чунки бу икки қўшни мамлакат иқтисодиётининг аҳволи ўхшаш, иккала мамлакат аҳолисининг катта қисми тирикчилик учун пулни ташқарида ишлаб топаяпти.

Доллар билан маҳаллий валюталар ўртасидаги ўзаро курашда маҳаллий валюталар ютқизаётган экан, оқибат қандай бўлиши мумкин?

Бу саволга қирғизистонлик мутахассис мана бундай жавоб берди.

- Агар доллар курси шу кундагидай кўтарилишда давом этиб, сўм қадри тушаверсаю ҳукумат бунга қарши қўшимча чоралар кўрмаса, инфляция бугунгидан баттар қутуриб, сўм қадри янада тушиб кетиши мумкин, дейди таҳлилчи.

Доллар қимматлабди дегани, бозорда ҳатто кашнич ҳам қимматлади, дегани эканлигини умрида бирон марта доллар деган кўк қоғозни ушлаб кўрмаган чекка қишлоқлик момо ҳам билади.
XS
SM
MD
LG