Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:53

Улоқ президент қизларида кетди


Халқаро майдонда бугун ўзбек маданияти деганда Гулнора Каримова¸ Гулнора Каримова деганда ўзбек маданияти тушуниладиган бўлиб қолган...
Халқаро майдонда бугун ўзбек маданияти деганда Гулнора Каримова¸ Гулнора Каримова деганда ўзбек маданияти тушуниладиган бўлиб қолган...

12 январ куни Тошкентда ўтказилган 2008 йилнинг илғор маданият ва спорт арбобларини тақдирлаш маросимида қўшалоқ мукофот Каримовнинг қўшалоқ қизларига тегди.

Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бошчилик қиладиган "Санъат ва маданият форуми" йилнинг энг фаол нодавлат ташкилоти деб топилди.

Президентнинг кенжа қизи раҳбарлик қиладиган "Гимнастика федерацияси" Ўзбекистондаги энг яхши спорт федерацияси деган номга лойиқ кўрилди.

Ўзбекистоннинг спорт ва маданияти ишончли қўлларда эканлигига тадбир мобайнида ишонч ҳосил қилдим¸ дейди Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги мулозими.

- У ерда 34тами¸ 36тами номинация бўлди. Ўша номинациялардан биттаси гимнастика федерацияси бўлди. Бундан ташқари яна 33 та номинация бор. Мен ўша ерда томошабин бўлиб ўтирдим¸ дейди Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги мулозими.

Бу тадбирни мана қаторасига уч йилдан бери ўтказаяпмиз¸ президент қизлари қаноти остида ишлагандан кейин кайфият ҳам зўр¸ деб гапини давом эттирди мулозим.

- Кайфият зўр бўлади-да. Кайфият зўр эди. Мукофотни у ерда Филиппова Гўзал қабул қилиб олди¸ дея гапида давом этди мулозим.

Гимнастика федерацияси бош котибаси Гўзал Филиппова Озодлик мухбири саволларига жавоб берар экан¸ бу соврин барча ўзбек гимнастикачиларини янги ғалабаларга илҳомлантирганини таъкидлади.

- Бизнинг федерациямиз йилнинг энг яхши федерацияси бўлди.

Озодлик: Кечирасиз Гимнастика Федерацияси раиси ким ўзи?

- Каримова Лола Исломовна.

Озодлик: Федерациянинг соврин олишида президент кенжа қизининг катта роли бор дейишмоқда.

- Биласизми бу рол нималарда акс этади? Лола Исломовна спортчиларимизнинг шоҳсупадаги ўрни юксак бўлишини жуда истайди. Лола Исломовна федерациямиз спортчиларига ҳар томонлама ëрдам ва далда беради. Уларни янги нурафшон марраларга етаклайди. Уларнинг ҳар бирига яқиндан кўмаклашади.

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигининг тадбирда қатнашган яна бир мулозимига кўра¸ Лола Каримова бошлиқ федерациянинг бошқа спорт клубларидан яхши эканлигига бошданоқ шубҳа бўлмаган.

- Эришган ютуқларига нисбатан тўғри баҳоланганлигини айта оламан. Спортчиси олимпиадада қатнашиб совринга эга бўлди¸ дейди тадбирда қатнашган бошқа бир мулозим.

Эртаклардаги икки урушқоқ эчкича уларга ҳадя қилинган пишлоқ бўлаклари теппа-тенг бўлишини исташади. Зинҳор укамга каттароқ бўлаги тегмасин дейишади улар.

Ўзбекистондаги спорт ва маданиятни йўналтирган вазирлик мутасаддилари ҳам президентнинг ҳар иккала қизига бериладиган совғаларнинг мавқеи бир хил бўлиши учун тиришишди.

Президентнинг катта қизи Гулнора Каримова бошчилик қилаëтган "Санъат ва маданият форуми" йилнинг энг фаол нодавлат ташкилоти деб топилди.

"Санъат ва маданият форуми"нинг Парижда ўтказган кўргазмасини бориб кўрган ўзбек мусаввираси фикрига кўра¸ ўзбек маданиятининг ҳеч бўлмаса шу тарзда тарғиб қилиниши ëмон эмас.

- Каримовнинг қизлари бунга қизиқишмаса¸ бундан ҳам ëмон бўларди. Умуман ҳеч нарса бўлмас эди. Шунинг учун уларнинг ҳамма нарсани хоҳлашининг ўзи катта гап¸ менимча.

Кейинчалик структура қилинса¸ ўзининг одамлари етилиб чиқиши мумкин. Буни давлат бошлиқлари қилмаса¸ бошқа одам қила олмайди. Шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаб яхши-яхши дейиш керак.

Структура пайдо бўлгандан кейин ўзи фаол одамлар етилиб чиқади. Чунки улар ўзидан-ўзи туғилмайдику¸ дейди ўзбек мусаввираси.

Суҳбатдошимизга кўра оркестрда у ë бу чолғунинг овози ҳукмронлик қилиши учун дирижëр ўз таëқчаси билан бошқа чолғуларни вақтинча тўхтатиб туради.

Гулнора Каримованинг жамғармаси энг фаол деган мақомга эришган даврда мамлакатда бошқа жамғармалар сукут сақлашга мажбур.

Сорос жамғармаси мамлакатдан қувиб чиқарилган¸ эркин матбуотга интервью берган рассомлар академиядан ҳайдалмоқда. Ана шу мозор жимлиги фонидаги фаоллик ҳам шубҳали¸ дейди суҳбатдош.

- Агар битта одамга ишониб қўйган бўлса¸ у албатта нимани хоҳласа шуни қилади. Бунинг учун яхши рассомлар¸ яхши журналистлар¸ яхши юристлар бўлиши керак¸ дейди ўзбек мусаввираси. .

Мисол учун¸ Франция президентининнг фарзанди шубҳали тарзда қўлга киритган пул эвазига тадбир ўтказа олмайди. Дарҳол сиëсий жанжал бошланади.

- Бугун¸ албатта¸ жанжал бўлади. Масалан 30-40 йил олдин бўлмас эди. Ўша пайтда бу ишни айнан Жорж Помпидунинг хотини қилган¸ Климансонинг одамлари қилган. Чунки биринчи ғиштни қўйиш осон нарса эмас¸ дея гапида давом этади ўзбек мусаввираси.

Гулнора Каримова жамғармасига соврин топширилган Ўзбекистон меҳмонхонасининг ортида истиқомат қилган маҳалла аҳли жамғарманинг ортиқча фаоллигидан хурсанд эмас. Улар бу жамғарма биноси қуриладиган доира ичига тушиб қолгани учунгина қишнинг қировли кунларида кўчага қувилдилар.

АҚШдаги Ню-Жерси маҳкамаси қарорига мувофиқ ушланган жойида ҳибс қилиниши шарт бўлган Гулнора Каримова хонимнинг хархашалари нафақат спорт ва маданият учун¸ балки иқтисод ва сиëсат учун ҳам оғирлик қилмоқда¸ деди исми номаълум қолишини истаган мулозимлардан бири.
XS
SM
MD
LG