Линклар

logo-print

Россиялик миссионер қамалди


Қозоғистон суди Елизавета Дреничевани ўз миссионерлик фаолияти билан жамиятга хавф туғдираëтган шахс деб топди ва уни жамиятдан ажратишга қарор қилди.

Қозоғистон суди Елизавета Дреничевани ўз миссионерлик фаолияти билан жамиятга хавф туғдираëтган шахс деб топди ва уни жамиятдан ажратишга қарор қилди.

Олмаотанинг Олмалин туман суди россиялик миссионер Елизавета Дреничевани Қозоғистонда даъватчилик билан шуғулланганликда айблаб¸ озодликдан маҳрум қилди.

Маҳкамада давлат қораловчиси христиан дини йўналишларидан бири ҳисобланадиган “Мун” сектаси вакиласи Дреничева хоним жамият учун катта хавф туғдираётгани, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний низо қўзғовчи шахс ҳисобланишини қайд этиб ўтди.

Суд ҳукми билан эндиликда икки йилга озодликдан маҳрум этилган россиялик миссионер тарғиб қилмиш дин мазмунини ўрганиб чиққан Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари эса Дреничева ўз даъватларида руҳий террор ва одамни зомбилаштириш унсурларидан фойдаланганини билдирдилар.

Бундан аввал мамлакат ҳудудида даъват ишларини юритган миссионерларга нисбатан маъмурий жазо ва жарима солиш каби чоралар кўрилганини таъкидлаган халқаро Инсон ҳуқуқлари бюросининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис россиялик миссионерга сиёсий маҳбусларга нисбатан қўлланиладиган модда қўйилганини айтади:

- Ҳозирча ҳукм биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган, бу ҳукмнинг аппеляцион тартибда шаҳар судида ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Агар шаҳар суди ҳам ушбу ҳукмни ўз кучида қолдирса, Қозоғистон “виждон тутқуни”га эга бўлади. Чунки Жиноий Кодексдаги россиялик миссионерга нисбатан қўлланилган модда сиёсий ёки сиёсий жиҳатдан қўлланилган модда ҳисобланади.

Демак, биз Совет Иттифоқи замонидаги каби давлат динга қарши курашган энг ёмон даврга қайтаётирмиз, дейди Жовтис.

Ўтган йил охирига келиб мамлакатда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бир қатор ноанъанавий дин вакилларига нисбатан кучли босим ва тазйиқлар ўтказилди.

Кузатувчилар диндорларга нисбатан қўлланилаётган бундай чоралар жорий йил январ ойи охирида кучга кириши кутилаётган “Дин ва эътиқод эркинлиги тўғрисида”га қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сабаб юзага келаётганини таъкидламоқдалар.

Шу важдан дунёдаги етакчи дин пешволарининг айримлари мазкур қонунга киритилажак қўшимча ва ўзгартишлар диндорлар ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келишини таъкидламоқдалар.

Яқинда Рим Папаси Бенедикт XVI нинг расмий Остонага йўллаган мурожаатида ҳам католик черкови етакчиси қозоқ расмийларини диндорлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган.

Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи раиси Мурод Тилебековнинг Озодликка айтишича, ҳозир мамлакатда нафақат христиан дини, балки мусулмонларга бўлган босим ҳам кучайиб бормоқда:

- Мен расмий масжидларни тамсил этувчи кўплаб имомлар Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари билан доимий алоқада бўлиб, улардан маълум бир топшириқлар олишларини, шунингдек, ўз ваъзларида айнан нимага урғу бериш ва нималарни айтмаслик ҳақида тавсия олишларини ҳам биламан.

Шунингдек, Ислом динининг ноанъанавий йўналиши вакиллари ҳам махфий хизмати вакилларининг доимий босими остида эканлиги ҳақида маълумотга эгаман.

Масалан, сўфийликни тарғиб қилган Исматулло имомга ҳам махфий хизмат ходимлари томонидан кучли босим ўтказилгани бунга ёрқин мисол бўла олади, дейди Мурод Телибеков.

Инсон ҳуқуқлари Ҳельсинки қўмитасининг Олмаота ваколатхонаси раисаси Нинель Фокина эса мамлакатда диндорларни қамаш ишлари аввалги йилларга нисбатан кўпайгани, диний маҳбуслар орасида¸ айниқса¸ мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилаётганига алоҳида эътибор қаратади:.

- 2007 йилнинг охирига келиб Қозоғистон қамоқхоналарида 700 га яқин диндор маҳбус борлигини аниқлагандик. Бу - 2000 йил бошидан буён қамалганлардир. Улар орасида турли дин вакиллари бор.

Бироқ уларнинг асосий қисми - мусулмонлар. Ўтган йили яна 54 мусулмон қамоққа олинди.

Ҳозир Қозоғистон қамоқхоналарида айнан қанча диндор маҳбус борлиги бизга номаълум, сабаби ҳукумат бу маълумотни сир тутиб, диндорлар устидан бўлиб ўтаётган маҳкама жараёнларида инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакилларининг иштирок этишига имкон бермаяпти, дейди Фокина.
XS
SM
MD
LG