Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:13

Аксил - исроилчилар ҳибсга олинди


Қирғизистон собиқ Омбудсмени Турсунбой Бакир ўғли қиймати 20,5 доллар бўлган байроқнинг ўз шахсий мулки эканини айтиб, милиция ходимларига Исроил байроғини беришни истамади.
Қирғизистон собиқ Омбудсмени Турсунбой Бакир ўғли қиймати 20,5 доллар бўлган байроқнинг ўз шахсий мулки эканини айтиб, милиция ходимларига Исроил байроғини беришни истамади.

Қирғизистон Мусулмонлар иттифоқи ҳамраислари Бишкек марказида Исроил байроғини ёқмоқчи бўлганларида милиция томонидан қўлга олиндилар.

Мусулмонлар иттифоқи бундан аввал Исроилнинг Ғазодаги амалиётини тўхтатиш талаби билан БМТ, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия, Хитой ва Германия раҳбарларига мурожаат йўллаган эди.

14 январ куни эса бу ҳаракат Қирғизистон тарих музейида Исроилнинг Ғазодаги босқини мавзусида кўргазма уюштирди.

Бишкек марказий майдонида жойлашган Қирғизистон тарих музейида Мусулмонлар иттифоқи ташаббуси билан очилган кўргазмага Исроилнинг Ғазо минтақасида олиб бораётган ҳарбий амалиёти оқибатлари акс эттирилган фотусуратлар жамланган.

Бу фотосуратлар интернетдан кўчирилган бўлиб, уларда вайрон бўлган бинолар, ҳалок бўлганларнинг жасадлари, йиғлаётган аёллар ва болалар тасвирланган эди. Шунингдек, бу кўргазмадан Исроил ва бу давлат раҳбарияти танқид қилинган карикатуралар ҳам ўрин олган.

Фотокўргазманинг тақдимот маросими Ғазода ҳалок бўлган мусулмонлар руҳини ёд этиш билан бошланди.

Шундан сўнг Қирғизистон Мусулмонлар иттифоқи ҳамраиси Турсунбой Бакир ўғли кўргазмага келганлар олдида қисқача нутқ сўзлади.

Унинг айтишича, шу кунгача дунёнинг кўплаб давлатлари Исроилнинг Ғазодаги амалиёти юзасидан ўз муносабатларини билдириб бўлдилар. Бироқ Қирғизистон ҳукуматининг нега шу кунгача бу борада сукут сақлаб келаётганини тушуниб бўлмайди.

- Қирғизистон ўз ички муаммоларига ўралашиб қолди. Ҳолбуки, мамлакат аҳолисининг 85 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Шунинг учун ҳам Фаластин борасида биз ўз фикримизни урушнинг биринчи куниёқ билдиришимиз лозим эди.

Мусулмонлар иттифоқи ҳукумат муносабатини 4 январгача сабр-қаноат билан кутди. Бироқ муносабат билдирилавермагач, биз қирғиз жамоатчилиги диққатини ҳам бу хунрезликка қаратиш мақсадида амалий ҳаракатларни бошлашга қарор қилдик, деди Турсунбой Бакир ўғли.

Кўргазманинг тақдимот маросимидан сўнг Турсунбой Бакир ўғли Мусулмонлар иттифоқи ҳамраиси, Жўмард ҳаракати раҳбари Нурлан Мотуев билан тарих музейи майдонига чиқиб, Исроил байроғига ўт қўймоқчи бўлдилар.

Бироқ милиция ходимлари бунга йўл қўймай, байроқни тортиб олдилар.

Қирғизистон собиқ Омбудсмени Турсунбек Бакир ўғли бу байроқни 820 сўмга сотиб олгани ва шунинг учун унинг шахсий мулки ҳисобланишини айтиб, милиция ходимларидан яловни қайтаришни талаб қилди. Милиционерлар эса бу талабни инобатга олмай, байроқни номаълум томонга олиб кетдилар.

Лекин тадбир иштирокчиларида Исроилнинг яна бир байроғи бор экан. Мусулмонлар иттифоқи ҳамраислари ана шу иккинчи байроқни ёқишга ҳаракат қилдилар.

Иккинчи уриниш чоғида милиция ходимлари уларни жамоат тартибини бузаётганлик ва ноқонуний йиғилиш ўтказаётганликда айблаб¸ қўлга олдилар.

Айни пайтда¸ қирғиз матбуоти Турсунбой Бакир ўғли ва Нурлан Мотуев қамоқда экани, уларнинг Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди томонидан жамоат тартибини бузганлик учун судланишларини хабар қилди.

Айрим нашрлар эса Мусулмонлар иттифоқи ҳамраисларига Исроил байроғини ёқишга рухсат берилмаганини киноявий тарзда изоҳлаб, “Исроилнинг байроғи 820 сўм туради, шунинг учун ҳам уни ёқиб бўлмайди” деган сарлавҳа билан мақола ҳам чоп қилдилар.

Мусулмонлар иттифоқи ҳамраислари айни пайтда қўлга олинганига қарамай, кўргазманинг 15 ва 16 январ кунлари ҳам давом этиши айтилмоқда.

15 январ куни фотокўргазманинг Бишкекдаги Горкий хиёбонида, 16 январ куни эса масжидларда намойиш этилиши режалаштирилган.

Бишкекдаги синагога раввини Арие Райхман Бишкекдаги аксилисроил тадбирларини демократик давлатга хос бўлган кўриниш сифатида баҳолайди.

Унга кўра, ҳар бир фуқаро ўз фикрини эркин ирод қилиш ҳуқуқига эга. Синагога раввини Арие Райхман сўзида давом этар экан, ўз нуқтаи назарича, Исроил бу урушда ҳақ эканини айтади.

- Террорчилар аҳоли яшайдиган ҳудудлардан олдинга - жанггоҳга чиқмаяпти. Улар аҳоли яшайдиган биноларда, кўчаларда ва мактабларда яширинмоқда. Шунинг учун ҳам ғазолик тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлмоқда. Исроил ўзининг барқарор ва осойишта яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилаётир, деди раввин Арие Райхман.

Қирғизистон Дин ишлар давлат қўмитаси расмийси Шайлўўбек Ўркунбаев эса бу масалада сиёсатчи сифатида фикр билдира олмаслиги, аммо мусулмон қаторида ўз нуқтаи назарига эга эканини айтади.

- Сўнгги 10 йил, айниқса, кейинги уч йил мобайнида Исроил Ғазони иқтисодий қамал вазиятида сақлаб, ғазоликларни қашшоқликка гирифтор қилди. Бунга қарши курашаётган Ҳамасни эса террорчи атаб, Ғазога бостириб кирди.

Ҳамас отган ракеталардан сўнгги саккиз йилда Исроилда фақат тўрт одам нобуд бўлган. Исроил эса бу йил ичида 1000 га яқин фаластинлик жонига зомин бўлди.

Исроилнинг Ҳамасга қарши амалиётни баҳона қилиб, тинч аҳоли, айниқса, болаларни ўлдираётганини қоралайман, - дея ўз шахсий муносабатини билдирди Шайлўўбек Ўркунбаев.

XS
SM
MD
LG