Линклар

Қамоқдаги "беспредел"

  • Садриддин Ашур

Сиëсий ва диний айб билан қамалган тутқунлар учун Ўзбекистон қамоқхоналари борса-келмас оролига айланиб бормоқда.

Сиëсий ва диний айб билан қамалган тутқунлар учун Ўзбекистон қамоқхоналари борса-келмас оролига айланиб бормоқда.

Ўзбекистонда сиёсий ва диний айбловлар билан қамалганлар қамоқхонанинг ўзида қайта маҳкамага тортилиб, уларга берилган йил устига яна йил қўшиб берилмоқда.

Бундай воқеалардан ҳатто тутқунларнинг яқинлари ҳам бехабар қолмоқдалар.

Ўзбекистон ЖКнинг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилганлик) билан 1999 йилда 9 йилга озодликдан маҳрум этилган бу маҳкумнинг ҳам, унинг отасининг исмини ҳам келтира олмаймиз. Чунки:

- Агар Ўзбекистонда қонунлар ишлаб турганда эди¸ адолат мавжуд бўлганда эди¸ ахборот эркинлиги тўлиқ таъминланган бўлганда эди¸ мен исмимни айтишдан сира ҳам қўрқмас эдим¸ дейди маҳбуснинг отаси.

Унинг сўзларига кўра, агар исмлар ошкор этилса, унинг ўғлига қамоқда қийноқлар қўлланилиши мумкин. Отанинг айтишича, унинг ўғлига тайинланган жазо муддати 2008 йилнинг 25 майида тугаган. Аммо...

- Аммо 23 май куни Бўстонлиқ тумани судининг ҳукми билан яна 159- модда ва 221-модда билан айблашиб¸ тўрт йил қўшиб беришибди. Мени ҳайрон қилаëтган нарса шуки¸ Ўзбекистон Жиноят кодексининг 8-моддасига кўра¸ фуқаро битта жиноят учун икки марта жазоланиши мумкин эмас экан. Ўғлимни улар битта модда билан иккинчи марта жазолаяпти. Бу Ўзбекистон қонунларининг ўзига зид, дейди суҳбатдошимиз.

Отанинг сўзларига кўра, улар бу ҳукмдан анча кеч хабар топганлар. Суд мажлисига ҳатто тутқуннинг ота-онаси ҳам таклиф этилмаган. Ота эса ўғли қамоқхонанинг ичида қандай қилиб конституцион тузумга тажовуз қилиши мумкинлигидан ҳайрон қолмоқда.

Тошкентлик мустақил кузатувчи Шуҳрат Рустамов бундай ҳолат бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида оддий ҳолга айланиб қолгани, ҳукумат бундай айбловлар билан қамалган одамларни озодликка чиқармаслик учун турли хил баҳоналар ўйлаб топишини айтади:

- Бунда суд системасининг ошкоралиги қаëқда қолди¸ қариндош-уруғларнинг иштироки қаерда қолди¸ судланаëтган бечора маҳкумнинг ҳимоячиси борми¸ йўқми - қайси асосларга кўра яна суд берилаяпти?

Ахир далилларнинг ҳаммасини исбот қилиш керак-ку. Кўр-кўрона ичкарида битта хонага олиб кириб¸ пақ-пақ-пақ суд қилиб¸ олиб бориб, тағин тўрт йил қўшиб қўявериш, русчасига айтганда, бориб турган беспредел-ку.

Қани ошкоралик¸ қани адолат? Адолат бўлса¸ ошкора қилсин. Қариндош-уруғларини чақирсин. Воқеа бўйича исбот ва далилларни келтирсин.

Балки бу уйдирмадир. У ерда битта-яримтасини шантаж қилиб, у-бу қилиб юбориш ҳам ҳеч гап эмас, дейди Шуҳрат Рустамов.

Биз бундай ҳолатларга ҳуқуқшунос фикрини билиш мақсадида адвокат Руҳиддин Комиловга мурожаат қилдик. Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам бугунги кунда сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган одамларга қўшимча жазо муддати қўшиб бериш тенденцияси мавжуд.

- Маҳкумларга берилаëтган айбловлардан бири бу ички тартиб-қоидани бузиш. Шу асосда жавобгарликка тортишаяпти.

Қолган ҳолатлар бўйича бизда ҳозир ҳеч қандай маълумот йўқ. Ҳозир 159-моддани қайта қўшаяпти, деган гаплар бор. Лекин ҳозирча бу бизнинг суд практикамизда мавжуд эмас, дейди Руҳиддин Комилов.

Адвокат бундай суд мажлисларининг яширин ўтказилишини ва уларга маҳкумларнинг яқинларининг таклиф этилмаётганини қонуннинг бузилиши, деб ҳисоблайди.

- Бу ерда инсон тақдири ҳал бўлади. Беш йил бу беш кун эмас. Бу ҳолат ҳақида тегишли одамлар, жумладан, ота-оналар¸ яқинлари хабардор қилиниши шарт. Лекин кўп ҳолатларда ҳатто адвокатлар ҳам бехабар қолади¸ дейди адвокат Руҳиддин Комилов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG