Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:31

Европа ҳамон газсиз қолмоқда


Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо¸ Москва ва Киевдан газ пулини тўлаб қўйган европаликларни ўзаро можарода гаровда ушлашни дарҳол тўхтатишни талаб қилди.
Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо¸ Москва ва Киевдан газ пулини тўлаб қўйган европаликларни ўзаро можарода гаровда ушлашни дарҳол тўхтатишни талаб қилди.

Қаҳратонда қолган европаликларнинг Россия ва Украина ўртасидаги газ жанжали якун топди¸ деган севинчи узоққа чўзилмади – жанжал энди янги поғонага кўтарилди.

Яқин йиллар ичи кузатилмаган қаҳратон совуқ забтига чиқар экан¸ европаликларнинг тез орада Россия гази узатишнинг бошланишига нисбатан умидлари устига муздек сув сепилди.

Газпромнинг Украина орқали Болқон давлатлари ва Туркияга газ узатишни бошлаш уриниши¸ сешанба куни саноқли соатлар ичида йўққа чиқди.

Газпром раҳбарлари Украина қувурлари орқали Европага газ узатиш борасида чоршанба куни қилинган иккинчи уриниш ҳам бесамар қолганини билдирдилар.

Брюсселнинг можарога барҳам бериш уринишлари натижа бермаëтган бир пайтда¸ 100 фоиз Россия газига қарам Болгария ва Словакия ҳукуматлари ҳам музокаралар жараëнига қўшилдилар.

Чоршанба куни бу икки давлат бош вазирларининг аввалига Москвада Россия Бош вазири Путин¸ сўнгра эса Киевда Украина Бош вазири Юлия Тимошенко билан учрашиши кутилмоқда.

Мазкур сафар арафасида эса¸ Украина ва Россиянинг давом этаëтган бўҳрон учун бир-бирини айблаши авжга чиқди ва бундан Европа Иттифоқининг ҳам тоқати тоқ бўлгани ўзини намоëн қилди.

- Мен Москва ва Киевга жуда аниқ бир мужда йўлламоқчиман: агар Европа Иттифоқи ҳомийлигида эришилган келишувга дарҳол амал қилинмас ва томонлар ўз мажбуриятларини зудлик билан бажаришга киришмас эканлар¸ Европа Комиссияси Европа ширкатларига бу масалани судга олиб чиқишни¸ аъзо давлатларга эса¸ ëнилғи таъминоти ва транзитининг муқобил йўлларини топиш борасида ҳаракат бошлашни тавсия қилади¸ деди Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо Европа парламенти олдида чоршанба куни қилган чиқишида.

Йил бошида Киев ва Москва ўртасида навбатдаги газ жанжали юзага чиққанидан бери ЕИ расмийлари бу икки пойтахтга бўзчининг мокисидек қатнай бошладилар.

Аммо уларнинг Киев ва Москва ўртасидаги тижорий келишмовчиликнинг навбатдаги сиëсий шоу ва муҳими¸ европаликларни гаровда қўядиган жараëнга айланиши олдини олиш уринишлари самара бермади.

Душанба куни Россиянинг Газпром ва Украинанинг Нафтогаз ширкатлари ўртасида имзоланган келишувга Брюссел расмийлари ҳам қўл қўйгач¸ икки ҳафталик бу можарога ечим топилгандек кўринди.

Аммо сешанба кунининг ўзидаëқ Россия Украинани магистрал қувурлар жўмрагини очмаганликда¸ Украина эса¸ Россияни нотўғри қувурларга газ юборишда айбладилар.

- Афсуски¸ Газпромнинг Суджа қувурлари орқали Орловка ва Молдова йўналишида кунига 76 миллион куб метр газ юбориш таклифини Украина газ транзит тизими бажаришга қодир эмас.

Россия газини Европага узатиш тўхтатилганидан сўнг¸ Украина газ транзит тизими ягона бирлик ўлароқ ишлашга ўтди. Агар биз Газпром сўровини қондириш учун¸ айтилган миқдордаги газни ушбу йўналишда юбора бошласак¸ биз Одесса¸ Донецк¸ Луганкс ва Днипропетровск вилоятларини газсиз қолдиришимиз керак бўлади¸ дея изоҳ берди Нафтогаз раҳбари Олеҳ Дубина.

Нафтгогазнинг¸ Европага мўлжалланган газнинг украиналик истеъмолчиларга белгиланган газ билан қўшилиб кетиши олдини олиш учун¸ Россия газини бошқа қувурдан оқизиш керак¸ деган бу даъвосини Газпром дарҳол инкор қилди.

Россия Бош вазири Владимир Путин эса¸ газ жанжалининг янги босқичида¸ вазиятга анча дипломатик баҳо беришга уринди.

- Афтидан¸ Украина газ-транспорт тизимининг аҳволи бизнинг газимизни манзилига етказиб беришга қодир эмасдек кўринади. Бу бўлиши мумкин. Аммо бу нарса очиқ ва ҳалол айтилиши лозим. Биз бугун қай аҳволдаги транзит тизими билан ишлаëтганимизни тушунишимиз ва Украина тизимининг бизнинг газимиз транзити учун яроқли ëки яроқсизлигини билишимиз зарур¸ деди Путин.

Янги вазиятга муносабат билдирган Украина президенти Виктор Юшченко баëноти эса¸ Путинникига қараганда¸ анча кескин бўлди.

- Украинага қарши амалга оширилаëтган мазкур ҳужумдан бир неча мақсад кўзланган. Украинадаги ички сиëсий вазиятни кескинлаштириш¸ Россия-Украина муносабатларига анча эҳтирос билан ëндашувчи минтақалардаги сиëсий фаолликни юзага чиқариш¸ шундай мақсадлардан биридир¸ деди телевидение орқали қилган чиқишида Украина президенти.

Москва ва Киев ўртасидаги баëнотлар уруши қизиб¸ томонларни муросага келтириш уринишлари бесамар қолаëтган айни соатларда фавқулодда газ заҳираси ҳам тагига етай деб қолган Европа давлатлари рўйхати узайиб бормоқда ва қаҳратонда нима қилиб бўлса ҳам газ ëхуд унга муқобил ëнилғи манбаи топиш улар учун ҳаëт-мамот масаласига айланмоқда.


XS
SM
MD
LG