Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:17

"Ватан ҳимоячилари" кимнинг ҳимоясида?


Мустақил кузатувчилар ва оддий халқ¸ бу саволга 2005 йилнинг 13 майида Андижонда рўй берган қонли ҳодисалар аниқ жавоб бўлганини таъкидлашмоқда.
Мустақил кузатувчилар ва оддий халқ¸ бу саволга 2005 йилнинг 13 майида Андижонда рўй берган қонли ҳодисалар аниқ жавоб бўлганини таъкидлашмоқда.

Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил топганининг 17 йиллиги чоршанба куни мамлакат бўйлаб кучли ташвиқот кампанияси ва армияни мадҳ этиш орқали байрам қилинди.

Ушбу ташвиқот кампанияси бир неча кун аввал бошланиб¸ 14 январ куни ўз чўққисига етди.

Аммо Ўзбекистон армияси мақталган ўнлаб репортажларнинг бирортасида ҳам армияни таъминлаш ўзбекистонлик солиқ тўловчилар учун қанчага тушаётгани айтилмади.

Бу каби маълумотлар АҚШ Марказий разведка бошқармасининг Ўзбекистонга оид очиқ ҳисоботида ҳам мавжуд эмас.

Москвалик ҳарбий таҳлилчи Владимир Мухин ўз манбаларига таянган ҳолда¸ бугунги кунда Тошкентнинг бир йиллик ҳарбий сарф- харажатлари бир миллиард АҚШ долларига яқинлашиб қолганини айтади.

- Улар мудофаанинг ўзига қарийб бир миллиард доллар сарфлайди. Бу эса¸ мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 6-7 фоизини ташкил этади. Каримов ўз режимини сақлаб қолишни истайди ва бу мақсадда ҳеч қачон пулни аяган эмас¸ дейди таҳлилчи.

Президент Каримов¸ қуролли кучларга йўллаган байрам табригида армия қошидаги махсус операцияларни амалга оширадиган кучлар ва террорчиликка қарши курашиш корпуси имкониятларини кенгайтириш ва кучайтириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

2005 йил Андижонда кўтарилган ғалаённи айнан шундай бўлинмаларнинг бостиргани маълум.

2008 йилнинг 17 сентябр куни президент Каримов Андижондаги намойишни бостиришда бевосита иштирок этган махсус амалиётлар бўйича бригада командири Қобилжон Бердиевни Мудофаа вазири лавозимига тайинлади.

Ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэрнинг айтишича, ҳозирги кунда армиянинг бюджети ҳам Каримов режими олдида турган янги таҳдидларга монанд тақсимланаётир.

- Каримовга ўзининг ички душманларига қарши курашиш учун танклар керак эмас. Аммо қандайдир норозилик кўтарилса¸ Андижонда бўлгани каби уни бостириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, махсус хизматлар ва махсус қуролли кучлар зарур¸ дейди таҳлилчи.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон армияси хизмат қилишни истаётган барча ёшларни қуролли кучлар сафига қабул қилолмайди.

Ëшларни армия сафига қўшилишга ундаëтган асосий омил¸ кузатувчиларга кўра¸ ватанпарварлик туйғуларидан кўра¸ иқтисодий имконсизликдир.

Зотан¸ ишга яроқли ëшлар сони ошиб бораëтган бир кезда¸ ишсизлик муаммоси янада катталашаëтган Ўзбекистонда армия сафида хизмат қилган ёшларга ишга жойлашишда имтиёзлар берилади.

Биз билан суҳбатда бўлган 17 ёшли Жамшид айнан шу боис армияда хизмат қилиш истагида эканини айтади.

Жамшид: Ўзи боришга менинг ниятим бор эди. Энди ҳозир ўқиш бўлгани учун билмадим энди.

Озодлик: Нима учун хизмат қилишни хоҳлар эдингиз?

Жамшид: Мен ўзи билмайман нима учун бориш кераклигини. У ерда системаси бошқа дейишадию. Лекин “Бориш керак¸ кейин ҳарбий гувоҳнома керак бўлади” деган гаплар учун бораман. Ўзимга шунақа ният қилиб қўйганман.

Аксар таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон бошқарувида қуролли кучлар ва умуман куч ишлатар тизимларига фаол ўрин ва алоҳида имтиëзлар берилаётгани мамлакатдаги жорий иқтисодий вазият билан чамбарчас боғлиқдир.

Жаҳон молиявий бўҳронининг Ўзбекистонга ҳам таъсир эта бошлагани¸ президентни ўз бошқарувининг асос таянчи бўлмиш бу идораларга янада кўпроқ таянишга мажбур қилаётгандек.
XS
SM
MD
LG