Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 12:54

БМТ Бош котиби Яқин Шарққа келди


БМТ бош котиби ҳам Яқин Шарққа сафарини Ҳамас ҳаракатига таъсири кучли деб қараладиган Миср президенти билан учрашувдан бошлади.
БМТ бош котиби ҳам Яқин Шарққа сафарини Ҳамас ҳаракатига таъсири кучли деб қараладиган Миср президенти билан учрашувдан бошлади.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Ғазода инсоний фожеа авж олаëтган бир кезда¸ Исроил ва Ҳамас ҳаракатини ўзаро жанг ҳаракатларини тўхтатишга даъват қилмоқда.

Қарийиб уч ҳафтадирки, жаҳон етакчилари Исроил ва Ҳамас ҳаракатини Ғазодаги зўравонликларни тўхтатишга чақириб келмоқда.

Чақириқлар эътиборсиз қолар экан¸ Ғазодаги ҳарбий амалиётлар оқибатида мингга яқин фаластинлик нобуд бўлди. Уларнинг аксарини тинч аҳоли вакиллари ташкил қилади.

Исроил томонидан ҳам йўқотишлар бор. Тел-Авив расмийларига кўра, Ғазодаги тўқнашувларда ўн нафар Исроил аскари ўлдирилган. Уч фуқаро Ҳамаснинг Исроилга отилган ракеталаридан нобуд бўлган.

Халқаро ҳамжамиятининг тинчлик ўрнатиш тўғрисидаги чақириқлари ортидан Миср расмийлари Исроил ва Ҳамас билан музокаралар ўтказди, бироқ томонлар ўз ҳаракатларини ҳануз тўхтатганича йўқ.

Яқин Шарқ бўйлаб сафарини айнан Мисрдан бошлаган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун низолашувчи томонларни муросага келтиришга умид қилмоқда. У Қоҳирада Миср президенти Ҳусни Муборак билан учрашди.

Мазкур учрашув арафасида матбуотга берган интервьюсида Пан Ги Мун:

- Аввал ваъда қилганимдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби сифатида, биринчи навбатда, зудликда ўт очишни тўхтатишга эришиш ва айни вақтда минтақага зарур инсонпарварлик ёрдамини тезроқ етакзиш йўлида имконим қадар ҳаракат қиламан, деди.

БМТ Бош котиби Қоҳирадан сўнг Иордания, Исроил, Рамааллоҳ шаҳри, Туркия, Сурия, Ливан ва Қувайтга боради.

Бош котибнинг матбуот вакили Мишел Монтас сешанба кунги чиқишида¸ Пан Ги Муннинг бу сафардан асосий мақсади “тинчликка эришиш йўлидаги дипломатик уринишларни бирлаштириш” эканини айтди.

Бош котиб томонларни муросага келтириш учун минтақа давлатлари босимини кучайтиришга уринмоқда.

Айни вақтда Исроил Ҳамас ҳаракати мамлакат шимолини ўққа тутишни тўхтатмас экан, ўз амалиётларини давом эттиришини айтмоқда. Шу билан бирга Тел-Авив¸ Ғазо минтқасининг Миср билан чегараси халқаро кучлар томонидан назорат қилинишини ҳам талаб қилмоқда.

Ҳамас ҳаракати эса¸ Исроил ҳарбийлари Ғазо минтақасини тарк этмагунга қадар ўт очишни тўхтатмаслигини айтган.

Кундан -кунга Ғазо минтақасида оғирлашиб бораётган гуманитар вазият эса ҳар икки томонда музокаралар столига ўтиришдан ўзга чора қолмаганини кўрсатмоқда. Ғазодаги БМТ расмий вакили минтақада аҳоли таъминоти деярли тўлиқ издан чиққани айтмоқда.


- Бу минтақанинг инфраструктурасига жуда катта шикаст етди. Шу вақтгача биз қуришга интилиб келган келажак Фаластин давлатининг келажаги эди. Ҳозир эса, табиийки, бузилган тузилмани тиклаш ҳаммамиз учун ҳам жуда қимматга тушади, деди БМТ нинг Ғазо минтақасидаги расмий вакили Жон Жинг.

Исроил томони дипломатик ечим қидираётгани нишонаси тарзида Мудофаа вазирлиги расмийси Амос Гиладни пайшанба куни Қоҳирага юбормоқда.

Исроил ҳукумати Ҳамас гуруҳи билан тўғридан тўғри мулоқотни рад этиб келмоқда. Айни дамда Ҳамас етакчиларининг ҳам билвосита мулоқот учун Қоҳирага боргани айтилмоқда..

Ғазо минтақасида 14 январ куни олиб борилган жанг ҳаракатлари чоғида эса Исроил яна 60 та нуқтани ҳаводан ўққа тутди. Исроил пиёда қўшинлари Ғазонинг жанубий ҳудуди бўйлаб янада ичкарига кириб борди.

Ҳамас ҳаракати Исроил ҳудудига уюштириб келган ҳужумларнинг шу кунда бироз сустлашгани кузатилмоқда.

Расмий Тел-Авивга кўра¸ низо аввалида кунига 80 тага қадар ракета ҳужумини амалга ошираётган Ҳамас ҳаракати чоршанба куни Исроилга қарата 20 та ракета улоқтирган.

XS
SM
MD
LG