Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:02

ҲРУ: "Ҳукумат бедодлиги камаймаëтир"


Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ўз ҳисоботида янги АҚШ маъмуриятидан дунë бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қадриятига қайтишни сўради.
Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ўз ҳисоботида янги АҚШ маъмуриятидан дунë бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қадриятига қайтишни сўради.

Freedom House ташкилоти Ўзбекистонни инсон эркинликлари энг кўп бўғилаëтган давлатлардан деб эълон қилганининг эртасига Human Rights Watch гуруҳи ҳам айни хулосани қўлловчи ҳисоботини эълон қилди

"Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларига оид муносабати 2008 йилда ҳам аянчлилигича қолди.

Ҳукумат мустақил фуқаровий жамият фаоллиги ва диний эътиқодни бостириш ҳамда 2005 йил Андижон хунрезлиги учун масъулиятни рад этишда давом этди.

Шунга қарамай, Европа Иттифоқи санкциялари қисман бекор қилиниб, халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистон ҳукуматига босими камайди."

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 2009 йилги ҳисоботининг Ўзбекистонга оид боби ана шу хулосадан бошланади.

Дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари вазияти манзарасига бағишланган ушбу ҳужжатнинг Ўзбекистонга оид қисмида мамлакатда ўтган йил давомида бир неча ҳуқуқ ҳимоячиси ва ўзгача фикрловчиларнинг қамоққа ташлангани, фуқаролар дин эркинлигидан маҳрум этилгани, қамоқларда қийноқлар ҳамон кенг қўлланилаётгани, болалар меҳнати каби муаммолар долзарб бўлиб қолаётгани қайд этилади.

Шунингдек, 2007 йилнинг охирида ўтказилган президентлик сайловларида Ислом Каримовнинг қонунларга зид равишда учинчи марта президентликка сайлангани ва бу сайловларнинг халқаро меъёрларга мос келмагани Ўзбекистонда қонун устуворлиги мутлақ таъминланмаганига ёрқин мисол сифатида келтирилади Ҳюман Райтс Уотчнинг 2009 йилги ҳисоботида.

Ҳюман Райтс Уотчнинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Игорь Воронцов Озодлик радиосига берган суҳбатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятига оид ташкилот хулосаларини бундай изоҳлайди:

- Афсуски, ўтган йил давомида ҳам Ўзбекистон анчадан бери долзарб бўлиб келган муаммолар, хусусан Андижон воқеалари ва ундан кейин бошланган репрессиялар, ҳуқуқ тартибот идоралари ва қамоқларда қийноқларнинг қўлланилаётгани, болалар меҳнати кабилар ечим топмади ва ҳукуматнинг вазиятни яхшилашга мойиллиги йўқлигини кўришимиз мумкин.

Ўтган йилда рўй берган янги воқеаларга Европа Иттифоқи санкциялари билан боғлиқ “кўрпа тагидаги ўйинларни” мисол қилишимиз мумкин.

Андижон воқеаларидан кейин қатъий позиция тутишини ваъда қилиб келган Европа Иттифоқининг бошқа сиёсий мақсадларни устувор, деб билиб¸ инсон ҳуқуқлари вазиятига оид ижобий ўзгаришларнинг йўқлигига қарамасдан, санкцияларнинг асосий қисмини бекор қилганини кўрдик, дейди Воронцов.

Айни пайтда, 2008 йилнинг октябрида Европа Иттифоқи ўзининг санкциялар жумласидан Тошкент расмийларига нисбатан виза чекловини бекор қилиш қарорида мамлакатда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар, хусусан, Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқларига оид мулоқот ўрнатилганини қайд этган.

Ўтган бир йил давомида ҳукумат Европа Иттифоқи расмий идоралари ҳамкорлигида инсон ҳуқуқлари ва фуқаровий жамият муаммоларига бағишланган қатор тадбирларни ҳам ўтказган.

Мулоқот доирасида кўрилаётган бу каби чоралар Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро ҳамжамият олдида мамлакатда бу соҳаларда “ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилмоқда”, дея олишига асос бўлганди.

Ҳюман Райтс Уотч вакили, расмиятчилик ва кўзбўямачиликдан иборат бу тадбирларнинг асл вазиятга мутлақ алоқаси бўлмади, дейди.

- Биз ҳеч қандай натижа бермаслиги аввалдан маълум бўлган расмий мулоқотни ижобий ўзгариш деб қабул қилмаймиз.

Биз асл вазият, мамлакатда халқнинг кечмишлари, ҳукуматнинг бедодлиги кўлами камаяяптими, йўқми, шу каби омилларни кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Европа Иттифоқи хуш кўрадиган хўжа кўрсинга ўтказиладиган бу каби семинарлар, мулоқот ва бошқа сиёсий тадбирларни эса Шимолий Кореяда ҳам ўтказиш мумкин. Бу ҳеч нарсани англатмайди, дейди Игорь Воронцов.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматининг бир ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилганини олқишлаб, бир нечтасининг қамоққа олинганига бармоқ орасидан қараётгани эса ҳеч бир мантиққа сиғмайди, деб давом этади ҳуқуқ ҳимоячиси.

- Бу вазият инсонларнинг ҳокимият олдида мутлақ ҳимоясизлигини кўрсатади. Ўзбекистон расмийлари қандайдир сабабларга кўра, кимнидир озодликка чиқараётганини унинг ҳайрихоҳлиги, деб қабул қилиш керак эмас.

Муаммо ҳукуматнинг истаган одамни ҳеч бир сабабсиз қамоққа ташлаётганидадир.

Масалан, Мўътабар Тожибоеванинг озод қилингани ҳақида гапирсак, авваламбор у қамалмаслиги лозим эди. Бундан ташқари, қамоқда унинг саломатлиги ўта ёмонлашгани ҳақида гапиришимиз керак.

Унинг озод этилишига қанчадан-қанча халқаро ташкилотлар ва дипломатларнинг уринганини иносбатга олсак, унинг озод этилишини Ўзбекистон ҳукуматининг муруввати, деб қабул қилмаган бўлардим¸ дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида 2008 йилда ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Турғунов, Солижон Абдураҳмоновларнинг ҳукумат уйдирмаси билан 10 йилга қамалгани, диссидент шоир Юсуф Жума ва унинг икки ўғли сиёсий қарашлари учун қамоқда қийноққа солинаётгани Ўзбекистондаги асл манзарага чизгилар сифатида келтирилади.

Ҳисобот эълон қилиниши муносабати билан чиқарилган пресс-релиз АҚШнинг янги президенти Барак Обамага қаратилган мана бу мурожаат билан бошланади.

“Ҳокимият тепасига келаётган Обама маъмурияти, Буш даврида етказилган зиённи бартараф қилмоқчи бўлса, инсон ҳуқуқлари масаласини ташқи, ички ва хавфсизлик сиёсатининг марказига қўймоғи даркор.”

Ҳюман Райтс Уотч вакили Воронцов, ўтган йил давомида АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Ўзбекистонга нисбатан мулозаматли бўлганини кўрдик, лекин янги президент Обама даврида бундай мунофиқлик сиёсати ўзгарадими йўқми, бундан қатъий назар, нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари муаммосига халқаро ҳамжамият диққатини жалб қилишда давом этамиз, дейди.

- Инсон ҳуқуқлари бузилаётганига оид хабарлар бизнинг ихтиёримизда бўлса, уларни ¸албатта¸ халқаро ҳамжамиятга етказмиз.

Европа Иттифоқи ва АҚШда бу муаммолар, жумладан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бефарқ бўлмаган муайан кучлар борлигига ишонамиз ва тегишли муносабат бўлишига умид қиламиз, деб қўшиб қўяди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Игорь Воронцов.
XS
SM
MD
LG