Линклар

logo-print

Ўзини ўлдирган аскар кўпайди

  • Гулнора Равшан

Тожик аскарларининг ўз жонига қасд қилишига, кузатувчиларга кўра, зобит ва "катта"ларнинг армияга янги борган йигитларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлаётгани ҳам сезиларли таъсир қилаяпти.

Тожик аскарларининг ўз жонига қасд қилишига, кузатувчиларга кўра, зобит ва "катта"ларнинг армияга янги борган йигитларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлаётгани ҳам сезиларли таъсир қилаяпти.

Тожикистон Ҳарбий прокуратураси тарқатган маълумотларга кўра, 2008 йилда турли оилавий муаммо ва зўравонлик сабаб 16 тожик аскари ўз жонига қасд қилган.

Ҳозир Тожикистондаги беморхоналарининг қай бирига бош суқманг, ҳеч бўлмаганда ҳафтада бир марта битта аскар жарроҳлик столига ётқизилганининг гувоҳи бўласиз.

Тожик армиясида хизмат қилаётган Маҳкам Бурҳонов ҳам бундан бир неча кун аввал қорнига теккан ўқ туфайли оғир жароҳат билан беморхонага ётқизилди.

Уни операция қилган жарроҳ Амриддин Солиев киндик пастига теккан ўқ аскарга тасодифан узилганини таъкидлайди.

Маҳкам ўз жонига қасд қилганми ёки ҳақиқатдан ҳам бу тасодифми - буниси бизга ноъмалум, аммо Тожикистон ҳарбий прокурори Юсуф Раҳмоновнинг билдиришича, 2008 йили 2007 йилга нисбатан аскарлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ошган.

- Афсуски, ҳарбий хизматга чақирилганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайган, 2008 йилда 16 аскар ўзини-ўзи ўлдирган. Бунинг асосий сабаби¸ оиладаги муносабатлар ва уларнинг ҳарбий хизматга тайёр эмаслигидир.

Масалан, Исфара туманида янги уйланган йигит армия хизматига чақирилгандан сўнг турмуш ўртоғини ҳар кун кўра олмагани учун ўз жонига қасд қилганига оид ҳолат фикримнинг далили. Шунга ўхшаш яна 10 та ҳолат қайдга олинган.

Қолган беш аскарнинг эса гўё зўровонлик қурбони бўлгани айтилади. Бу ҳам бўлса, зобитлардан бир ёки икки мушт еган аскарлар. Буни “армия” деб қўйибди. Ота-онанинг уйи эмас, дейди ҳарбий прокурор.

Армия сафида хизмат қилиб қайтган Диловар исмли бир суҳбатдошимиз хизмат чоғида сафдошларидан икки нафарининг ўз жонига қасд қилгани гувоҳи бўлганини билдирар экан:

- Армиядаги муҳит ва шароитга чидай олмагандан кейин, руҳий тушкунлик сабабли шундай ишга қўл урганлар, дейди.

Тожикистон барча ҳудудларида аскарларнинг ўз жонига қасд қилишларига доир хабарлар маҳаллий ахборот воситаларида тез-тез пайдо бўлиб туради.

Шундай мақолалар юзасидан бўлган тортишувларда аксар суҳбатдошларимиз армияда ўз жонига қасд қилишдаги асосий омиллардан бири “дембел”ларнинг “дух”ларга нисбатан ғайриинсоний муносабати, деб билишларини таъкидлайдилар.

Тожикистоннинг Оби Гарм туманида яшовчи, бундан уч йил аввал ҳарбий хизматда бўлиб қайтган суҳбатдошимизнинг айтишича, янги хизматга чақирилган аскарлар “дембел”ларнинг тарбиясига олинади. Бу “тарбия” баъзан аскарларнинг ўз жонига қасд қилиши билан якунланади.

- Бир йил ва ундан ортиқ хизмат қилган, “дембел” деб аталувчи кишилар янги хизматга келганлар ёки “дух”ларни ўз тарбиясига оладилар.

Масалан, шундай бир ҳолат қайдга олинган эди: сигарет чекаётган аскарни тутиб олган офицер сигаретни унинг қўлидан тортиб олиб, аскарнинг бурун ва тумшуқларини сигарет чўғида куйдирганди.

Бу ҳам етмагандай уни “ажалхона” деб аталувчи бир хонага олиб кириб, роса дўппослашганди. Аскарларнинг жонидан тўйишидаги асосий сабаб армиядаги “дедовшина” ёки ғайриинсоний муносабатлардир, дейди исми ошкор қилинишини истамаган собиқ аскар.

Суҳбатдош тожик аскарлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини камайтириш учун Тожикистонда ҳам, Ўзбекистон армиясидаги тартибни жорий қилиш зарурлигини таъкидлайди.

Унга кўра, “агар Ўзбекистондаги каби ҳарбий хизматга бир йилда бир марта чақирилса ва баҳорги-ю кузги чақириқларга барҳам берилса, “дембел”ларнинг ғайриинсоний муносабатларига чек қўйилиши ортидан аскарларнинг ўзини ўлдириш ҳолатлари ҳам камаяди”.

Психологларга кўра, одам фақат ечимсиз муаммоларга дуч келган ҳолдагина ўзини бошқара олмайди ва иродаси суст бўлганлар бундай пайтда ўз жонига қасд қилишни ўйлай бошлайди.

- Армияга энди чақирилган йигитларимиз у ердаги шароит, муҳитга тез ўргана олмайди. Оилада уларни севиб ардоқлаган яқинларининг ўрнини талабчан зобитлар эгаллайди.

Менимча, хизматга чақирилганларни ҳарбий хизматга тайёрлаш билан бирга зобитларни улар билан инсоний муносабатда бўлишни ўргатиш ва қайта тарбиялаш вақти етган, дейди психолог Тожинисо Раҳматова.

Тожикистон ҳарбий прокуратураси 2008 йил турли сабаблар билан ҳаётдан кўз юмган жами 38 аскар қайдга олинганини маълум қилса-да, ҳукумат расмийлари мамлакат миллий армиясидаги хизмат шароитлари олдинги йилларга нисбатан анча яхшилангани ва кўнгиллилар сафи ортаётганини таъкидлашда давом этмоқдалар.
XS
SM
MD
LG