Линклар

logo-print

Қирғиз суди синов олдида

  • Шерзод

Маҳкама мажлисида Қирғизистон мадҳиясини куйлаб бериш ҳам судланувчи Лобархон Сайидорипованинг жазосини енгиллатмади - у 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Маҳкама мажлисида Қирғизистон мадҳиясини куйлаб бериш ҳам судланувчи Лобархон Сайидорипованинг жазосини енгиллатмади - у 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

2008 йил кузида Новқат суди ҳукми билан 9 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган 32 одам тақдирини апелляция тартибида энди Ўш вилоят суди белгилайди.

Ўшдаги “Акипресс” ахборот агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров апелляция суди шу йилнинг 16 январ кунига белгиланганини маълум қилди. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, суд жараёни аввалгисидан мутлақо фарқ қилади:

- Новқат воқеалари икир-чикиригача менга маълум, барчаси қандай режалаштирилган, нима учун, буни ким хоҳлаган ва бунинг ортида қандай мақсадлар бўлгани, бунинг ортидаги порахўрликни, буларнинг барчасини мен суд жараёнида фош қилмоқчиман.

Агарда суд ҳукмини олиб кўрсак, ҳукм ноқонуний, қўпол тарзда ёзилган. Мен бу ҳақда республика президенти Қурмонбек Бакиевга ҳам мактуб йўллаганман.

Новқатда ҳеч қандай тартибсизлик бўлмаган, тартибсизликларни ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимлари атайлаб уюштирган. Улар аввалига одамларни ура бошлаганлар, шундан сўнг одамлар ҳам уларга жавоб қайтарган.

Жиноят ишидаги барча далиллар билан танишиб чиқдим. Қўлга олинганларнинг ҳеч бири тош отгани ёки бирон бир ноқонуний ҳаракат қилгани тўғрисида далиллар йўқ, суратларда ҳам бу акс этмаган, дейди Равшан Гапиров.

Матбуот анжуманида қўлга олинганлардан айримларининг яқинлари ҳам иштирок этдилар, улар ўз яқинларининг айбдор эмаслигини айтмоқдалар.

- Мен Лобархон Сайидорипованинг опаси бўламан. Синглим нега қамалганини ўзим ҳам тушунмай қолдим. Ўша (Рамазон ҳайити – таҳр.)куни байрамга бирга борган эдик.

Халқ у ёққа юрди, бу ёққа юрди, стадион очиқ, дейишди. Одамлар борганида у ер ҳам ёпилган эди. (Байрамни нишонлашга жой ажратиб беришни талаб қилган одамлар Новқат туман ҳокимияти биносига келганида уларга расмийлар байрам стадионда ўтказилишини айтганлар – таҳр.)

Милиция ходимлари тош отишларни ўзлари бошлаб беришган. Ниқоб кийиб олган одамлар дубинкалар билан уриб, одамларнинг асабига тегишди. Уч-тўрт одамни калтаклаб, оғир аҳволга солиб, касалхонага жўнатишди.

Аёллар ва қарияларни калтаклашганидан сўнг халқ қўзғалиб кетди ва уларга қарата тош ота бошлади. Биноларнинг ойналари синди. Биз тош отган болаларни ҳам тўхтатдик.

Судга бориб шу нарсаларни айтсам, “сени синглингни қамашибди, нега сени қамашмади?” дейишди.

Бизнинг Новқат халқи жуда содда, қўрқоқ халқ. Бизнинг ниятимиз фақатгина байрамни нишонлаш эди, деди 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган Лобархон Сайидорипованинг опаси Юлдузхон Сайитбоева.

Бироқ расмийлар Новқат воқеалари Ҳизбут-Таҳрир партияси тарафидан уюштирилганини таъкидламоқдалар.

Қирғизистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Жениш Жақипов оммавий ахборот воситалари орқали тартибсизликларни ҳизбчилар уюштирганини ва улар қонун доирасида жазоланишини билдирди.

- Омманинг ҳаракати, уларнинг орасида, асосан, ёшлар ва ёш болали аёлларнинг кўплиги, бу Ҳизбут-Таҳрир етакчилари томонидан атайлаб уюштирилганига яна бир бор далил бўлади. Айнан мана шу тадбирда иштирок этган Ҳизбут-Таҳрир аъзолари оммавий тарзда тартибсизликларни уюштириш моддаси бўйича жазоланадилар. Негаки, тадбир ўтказиш услуби бунинг олдиндан уюштирилганлигини кўрсатиб турибди, деган эди Жениш Жақипов.

2008 йилнинг 27 ноябр куни Новқат воқеалари юзасидан ниҳоясига етган биринчи маҳкама ниҳоясида қўлга олинганларни 9 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарилди.

Суд раиси ўз ҳукмини изоҳлар экан, айбловчилар тарафидан келтирилган барча далилларни асосли, деб баҳолаган. Бундан ташқари:

- Судланувчиларнинг ўз айбига тўла иқрор бўлмагани ва турли кўрсатмаларини суд жиноий жавобарликдан қутулиш ёки енгил жазо олишга ҳаракат сифатида баҳолайди, деган эди Новқат туман судининг судяси Бақит Сарибоев.
XS
SM
MD
LG