Линклар

"Ихтиëрий қуллик "ка исëн

  • Садриддин Ашур

Адвокатлар эътирози президент идораси томонидан эътиборсиз қолдирилган бир кезда¸ унга жавоб бериш маъсулияти эндиликда Ўзбекистон Олий мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси зиммасига тушмоқда.

Адвокатлар эътирози президент идораси томонидан эътиборсиз қолдирилган бир кезда¸ унга жавоб бериш маъсулияти эндиликда Ўзбекистон Олий мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси зиммасига тушмоқда.

Пойтахтда фаолият юрғизувчи 700 дан ошиқ адвокат¸ ўз ҳақлари чекланаëтганидан норозилик билдириб¸ Ўзбекистон олий идораларига мурожаат қилдилар.

Пойтахт адвокатлари президент фармони ва Вазирлар маҳкамаси қарорига асосан ташкил этилган Адвокатлар палатаси фаолиятига норозилик билдириб¸ декабр ойида Ўзбекистон президентига ёзма мурожаат йўллаган эдилар.

Лекин бу мурожаатга ҳозиргача ҳеч қандай жавоб бўлмаган.

Адвокатлар энди ўз ҳуқуқларини поймол қиладиган қонунни қайта кўриб чиқиш учун Конституциявий суд, Олий Мажлис Сенати ва қонунчилик палатасига мурожаат қилдилар.

Адвокат Руҳиддин Комилов ўз ҳамкасблари норозилигига асосли сабаблар борлигини айтади.

- Адвокатлар ихтиëрий қул бўлиб қолаяпти-да. Шунга норози. Биринчидан, “сен адвокатсан¸ нотижорат давлат ташкилотисан¸ лекин бирлашишга мажбурсан”, деяпти.

Иккинчидан, адвокатуранинг жамоатчилик ташкилоти, нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида ҳуқуқлари мустақил. Бу ҳақда давлат конституциясида ëзилган: давлатнинг жамоат бирлашмаси ишларига аралашишга¸ жамоат бирлашмаларининг давлат ишларига аралашишга ҳақи йўқ.

Лекин бу нарсани Адлия вазирлиги барибир амалга ошираяпти. Бизнинг таклифларимизни инобатга олмаяпти.

Адвокатурадан узоқ бўлган одамлар қандай қилиб адвокатура соҳасида ислоҳотлар қилиши мумкин? Қўполроқ қилиб айтганда¸ тракторчи молбоқарлик¸ молбоқар тракторчилик қилаяпти.

Биз учун қонун чиқарадиганлар адвокатурадан узоқ. Адвокатуранинг обрўсини кўтариш учун олдин адвокатлар билан маслаҳатлашиш керак. Шунга мос ва хос қонунлар ишлаб чиқариш керак. Ислоҳот баҳонаси билан бизни занжирбанд қилишмоқчи¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Унинг фикрича, янги қонунга мувофиқ, адвокатлар энди ҳукуматга қарам бўлиб қоладилар:

- Адвокатуранинг ўзи демократик институт бўлишига қарамасдан, ҳудудий бўлим раҳбарлари Адвокатлар палатаси раиси томонидан лавозимига тайинланар ва озод этилар экан. Гувоҳномани ҳам Адлия вазирлиги тасдиқлаб берар эмиш.

Бу жуда кўп адвокатларнинг норозилигига сабаб бўлди. Ҳозирги кунда бунинг Конституцияга зидлиги бўйича иш қўзғатганмиз, дейди Руҳиддин Комилов.

Адвокат Гулнора Эшонхонованинг айтишича, янги қарорга кўра, адвокатлар эндиликда палата раҳбарини ўзлари сайлаш имкониятидан маҳрум бўлдилар. Бундан буён Адвокатлар палатаси ўз раҳбарлигига фақат Адлия вазирлигининг тақдим этган номзодини сайлай олади, холос.

- Президент фармонида кўрсатилган ислоҳот чора-тадбирлари маъноси тубдан ўзгариб¸ бу ислоҳотлар умуман бошқа йўлга қаратилган. Яъни адвокатнинг мустақиллигини чеклайдиган меъёрлар¸ адвокатлар ўзининг бошқарув органларини сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилингани¸ кўп меъёрлар адвокатларнинг Адлия вазирлигига қарам бўлаëтганини тасдиқлайди. Мажлисда ҳаммасига баҳо берилди, дейди Гулнора Эшонхонова.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов фикрича, янги ташкил этилган Адвокатлар палатаси “мустақил адвокатларга таъсир кўрсатиш учун давлатнинг қўлида жуда қулай механизм бўлиши мумкин”.

15 январ куни Тошкент адвокатлари норозилиги битилган мурожаатнома Конституциявий судга ва Олий Мажлисга топширилди.

Адвокатлар адвокатура институтини ислоҳ қилиш билан боғлиқ айрим қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни бевосита адвокатлар иштирокида қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG