Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:31

Киев ва Москва ҳамон муросадан йироқ


Чоршанба куни Словакия¸ Болгария ва Молдова раҳбарларининг Москва ва Киевда ўтказган музокаралари ҳам¸ аввалги уринишлар каби¸ бесамар тугади.
Чоршанба куни Словакия¸ Болгария ва Молдова раҳбарларининг Москва ва Киевда ўтказган музокаралари ҳам¸ аввалги уринишлар каби¸ бесамар тугади.

Ҳаво ҳарорати –10 даражадан пастда қолаëтган бир кезда 10 кундан бери Россия газисиз қолган Европа раҳбарлари Киев ва Москвадан зудлик билан муросага келишни сўрамоқдалар.

Россия ва Украина ўртасида ўзаро қарздорлик ва 2009 йилги газ нархи борасидаги келишмовчиликдан бошланган газ жанжали ҳали-ҳамон якунига етай демаяпти.

Бундай вазиятда табиий газга нисбатан эҳтиëжининг 80 фоиздан 100 фоизига қадар Россия гази ҳисобига қондириб келган Европа давлатларининг энергетик хавфсизлиги эртаси¸ ҳеч муболағасиз¸ хавф остида қолмоқда.

Аксарияти бир ҳафта - 10 кундан бери фавқулодда газ заҳираларини ишлатишга ўтган Европа Иттифоқи давлатлари омборидаги заҳира тугашига ҳам саноқли кунлар қолди.

Ва мабодо эрта-индин Украина магистрал қувурлари орқали Россиядан газ келиши йўлга қўйилмас экан¸ Европа Иттифоқи ўз тарихидаги энг оғир энергетик бўҳрон домидан қандай чиқиш борасида ўта фавқулодда чораларга қўл уришга мажбур бўлади.

Брюссел воситачилигида ҳозирланиб¸ Киев ва Москва ҳукумати раҳбарлари имзолаган келишув¸ душанба куни имзоланиши ҳамоно йўққа чиқди.

Москва Газпромнинг яна аввалгидек газ узатишни бошлагани¸ бироқ Киевнинг транзит қувурлар кўзини очмаганини даъво қилди.

Киев эса Газпромни¸ нотўғри қувурларга газ юборишда айблади.

Совуқ забтига олиб бораëтган айни кунларда вақтни яна бесамар айблов ўйинига бой беришни истамаëтган Европа Иттифоқи¸ ҳар иккала томондан ҳафсаласи очиқчасига пир бўлганига қарамай¸ уларни музокараларни қайта давом эттиришга даъват қилмоқда.

Бундай чақириқларга жавобан Россия президенти Дмитрий Медведев¸ зудлик билан Москва саммити ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

- Мен шанба¸ 17 январ куни Москвада Европанинг Россия федерациясидан газ импорт қилаëтган давлатлари¸ шунингдек транзит давлатлар раҳбарларининг олий даражали учрашувини ўтказишга чақираман¸ деди Медведев 14 январ куни.

Медведев матбуот хизматига кўра¸ Москва саммитига қатнашиш учун таклифномалар Европа давлат ва ҳукумат раҳбарлари¸ шунингдек транзит давлатлар етакчиларига жўнатилган.

Ҳозирча Украинанинг Москва саммитида қатнашиш-қатнашмаслиги мавҳумлигича қолмоқда.

14 январ куни Украина Бош вазири Юлия Тимошенко бундай саммитни Москва ëки Киевда ўтказиш фикрига қўшилмаслигини билдирди.

- Мен фақат бир нарса- бундай саммитни можарога тортилган давлатлар эмас¸ балки Европанинг исталган пойтахтида ўтказиш мақбул бўлишини айтишни истардим¸ деди Медведев ташаббусига муносабат билдирган Тимошенко хоним.

Украина президенти Виктор Юшченко ҳам¸ газ можаросига бағишланган саммитнинг Москвада ўтказилишига шу каби эътироз билдирди.

Айни пайтда¸ Украина Бош вазири 17 январ куни Москвада ўз ҳамкасби Владимир Путин билан ушрашишга розилик берди.

Европа Комиссияси икки ҳукумат раҳбарининг бўлажак сўзлашувини олқишлади.

Тимошенко билан учрашувдан аввал Путиннинг Берлинга келиб¸ бу ерда Германия канцлери Ангела Меркел билан учрашиши кутилмоқда.

Сафар арафасида Германия телевидениесига берган интервюсида Путин¸ Украина транзит қувурларини ижарага олувчи халқаро консорциум ташкил этиш ва мабодо Украина қаршилик кўрсатмаса¸ ушбу консорциумнинг қувурларни хусусийлаштиришини таклиф қилди.

Кузатувчиларга кўра¸ бундай таклиф киевдагилар жаҳлини чиқариб¸ Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни янада мураккаблаштириши мумкин.

Ҳозирга қадар Россия кўп бор Украина транзит қувурлари устидан ташқи назорат ўрнатишга уриниб келди¸ аммо Киев ўз ҳудудидан ўтувчи қувурларни бошқалар назоратига бериб қўймаслигини билдириш орқали¸ бу уринишларни йўққа чиқариб келди.

Путиннинг ушбу таклифни яна бир бор ўртага ташлаши¸ таҳлилчиларга кўра¸ Киев ва Москва ўртасида Европа Иттифоқига таъсир ўтказиш учун бораëтган рақобатнинг янада кучайгани аломатидир.

Бу рақобат фақат қизигандан қизиб борар экан¸ европаликлар пули аллақачон тўлаб қўйилган газнинг шанба куни томонлар муросага келган тақдирда ҳам¸ яна камида бир ҳафтадан сўнг кела бошлашини тахмин қилмоқдалар.

Мабодо муросаю мадора йўли топилмаса¸ Европа қаршисида январнинг қолган совуғини газсиз¸ иссиқсиз ўтказиш таҳликаси кўндаланг турибди.

XS
SM
MD
LG