Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:42

Пикет давом этаверади...


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси қатор йиллардан бери пойтахт Тошкентда мунтазам равишда пикетлар ўтказиб келмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси қатор йиллардан бери пойтахт Тошкентда мунтазам равишда пикетлар ўтказиб келмоқда.

Ноқонуний пикет ўтказганликда айбланган ўз маслакдошлари судининг ëпиқ ўтганига қарши Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсининг қолган аъзолари янги пикет орқали норозилик билдирдилар.

14 январ куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсининг 10 нафар аъзоси ноқонуний пикет ўтказганликда айбланиб, жаримага тортилгани бўйича апелляция суди бўлаётган эди.

- Суд очиқ тарзда ўтишини талаб қиламиз, деб қоғозга ëзиб, Мирзо Улуғбек туман жиноят ишлари бўйича суд биносининг олдида пикет қилиб турдик.

Кейин ҳукумат одамлари келди. Ҳар доим орқамиздан юрадиган одамлар келиб, расмга олди, дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси фаоли Саломат Бойматова.

Альянс раҳбари Елена Урлаевага кўра, улар бу гал маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг суд жараёнига қўйилмагани учун пикет ўтказишган.

- Маҳкамани кузатиш учун келган ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар, шунингдек, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари судга киритилмади.

Судья Манзур Мусаев судга бирорта ҳам кузатувчи қўйилмаслиги борасида қарор чиқарган, ҳуқуқ фаолларининг пикети ҳам судья жанобларини ўз қароридан қайтара олмади¸ дейди Елена Урлаева.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судидан бу борада маълумот олиш имкони бўлмади.

14 январ куни Мирзо Улуғбек туман судида Альянснинг 10 нафар фаоли билан боғлиқ апелляция суди ўтказилган. Альянс фаоллари ўтган йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси биносини пикет қилгач, ҳибсга олиниб, маъмурий жавобгарликка тортилган эди.

Елена Урлаевага кўра, 10 нафар ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбдор топилган. Улар маъмурларга бўйсунмаслик, милиция ходимларига қаршилик кўрсатиш ва митинг ўтказиш тартибларини бузганликда айбланиб, жаримага тортилган.

Суд қарорига кўра, ўтган йили Ўзбекистон бош прокуратурасини пикет қилишда иштирок қилган 10 нафар ҳуқуқ фаолига тахминан 200 АҚШ доллари миқдорида жарима солинган. Мазкур иш юзасидан апелляция суди 19 январ куни давом этади.

Альянс фаоллари ҳуқуқларини судда ҳимоя қилаётган икки нафар адвокат бундан буён альянсчиларни ҳимоя қилишдан бош тортганлар.

Альянс фаолларининг аввалги адвокати Фарид Абдурашидов эса ўтган йилнинг декабрь ойида ҳибсга олинганди.

Пикет ўтказгани учун Альянс фаоллари бир неча бор судланиб, маъмурий жавобгарликка тортилганлар.

Шундай бўлса-да, альянсчилар бундан буён ҳам мамлакатда кузатилаётган ноҳақликларни қарши пикет ўтказишда давом этишларини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG