Линклар

Халқнинг жони ва молига янги посбон келди

  • Сарвар Усмон

Янги тайинланган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири 2005 йилнинг 13 май куни юзага чиққан Андижондаги қонли воқеалар пайтида қароргоҳи Фарғона шаҳрида жойлашган Шарқий ҳарбий округ қўмондони эди.

Янги тайинланган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири 2005 йилнинг 13 май куни юзага чиққан Андижондаги қонли воқеалар пайтида қароргоҳи Фарғона шаҳрида жойлашган Шарқий ҳарбий округ қўмондони эди.

Европа Иттифоқи томонидан 2005 йилги Андижон воқеалари учун бевосита маъсул шахслардан бири деб қаралган генерал Қосимали Аҳмедов Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланди.

Президент Каримов куни -кеча имзолаган фармони билан генерал-майор Қосимали Аҳмедовни Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинлади.

Қосимали Аҳмедовнинг Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланганини вазирлик навбатчиси тасдиқлади.

Озодлик: Сизларда вазир ўзгарибди шундайми?

Вазирлик навбатчиси - Ҳа.

Озодлик: Янгиси ким бўлди?

Вазирлик навбатчиси - Аҳмедов Қосимали Ҳошимович.

Нима учун вазирлик раҳбари алмашди – бу одатий ротациями ёки эски раҳбар камчиликларга йўл қўйган эдию аҳволни ўнглаш учун янгиси тайинландими?

Қосимали Аҳмедовнинг таржимаи ҳоли тўғрисида нима биласиз?

Шу ва шунга ўхшаш тингловчини қизиқтириши табиий бўлган саволларимизга вазирлик навбатчиси жавоб бермади.

Вазирликнинг матбуот хизмати телефонларини эса ҳеч ким кўтармади.

Хўш, ким ўзи Қосимали Аҳмедов?

Сайтларни қидириб¸ уларнинг фақат биридан - centrasia.ru дан мана бу информацияни топдик.

"Аҳмедов Қосимали Ҳошимович, туғилган йили тўғрисида маълумот йўқ, 2001 – 2005 йилларда Мудофаа вазирлигининг Шарқий ҳарбий округи қўмондони, 2007 йил охиригача Чирчиқ олий ҳарбий билим юрти бошлиғи, 2008 нинг январидан Фавқулодда вазиятлар вазири. Генерал-майор, 2002 йилнинг 10 январида Биринчи даражали "Шон-шараф" ордени билан тақдирланган. Акаси Бош прокуратурада масъул лавозимда ишлайди".

Бор-йўқ информация шу. Айтганча, бу маълумот кетидан сайт бир муштарийнинг мана бу хабарини ҳам босган:

"Жуда яхши одам. Унинг уйидаги бассейнда чўмилганман. Ўғиллариям зўр болалар".

Агар шу постингга ишонар бўлсак, яхши одам Қосимали Аҳмедов бадавлатгина ҳам экан - ҳамманинг ҳам уйида бассейни йўқ!

Шуни айтиш керакки, Аҳмедовнинг вазирликка кўтарилгани тўғрисида хабар қилганлар, у 2005 йил, 13 май куни Андижонда Каримовнинг ғазабига учрагани тўғрисида ёзмоқдалар. (Аҳмедов ўша пайтда қароргоҳи Фарғона шаҳрида жойлашган Шарқий ҳарбий округ қўмондони эди).

Эмишки, Андижонга етиб борган Каримов Аҳмедовни тўрт соат излаттириб тополмаган. Қўмондонликдан олиниб, Чирчиқдаги ҳарбий билим юрт бошлиқлигига тайинланиши Каттанинг ана ўша ғазаби оқибатимиш.

Агар президент Аҳмедовни дарҳол топганида 13 май кунги воқеалар қай томонга йўналиб кетган бўлар эди – бир нарса дейиш қийин.

Лекин бошқа бир нарса аниқки, Қосимали Аҳмедовни Европа Иттифоқи 13 май қирғинига жавобгар давлат амалдорлари рўйхатига киритган.

Генерал-майор Қосимали Аҳмедов номи ЕИ қора рўйхатида 6-ўринга қўйилган.


Ўша рўйхатга киритилганлардан баъзилари кейинроқ ишдан кетди.

Мудофаа вазири Қодир Ғуломов ишдан олинди, Ички ишлар вазири Зокир Алматов истеъфога чиқарилди.

Ҳукумат бу ўзгаришларни расман Андижон воқеалари билан боғламаган бўлса-да, одамлар айнан мана шундай тушунди.

Мана энди бугунга келиб, Европа Иттифоқининг қора рўйхатидагилардан бири вазирлик лавозимига кўтарилиб ўтирибди.

Баъзи таҳлилчилар Қосималининг кўтарилишини унинг прокуратурадаги акаси (ёки укаси) билан боғламоқда. Лекин таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев бу фикрга қўшилмайди.

Тошпўлат Йўлдошев: Йўқ¸ Ислом Каримовнинг кадрлар сиëсатини фақатгина Ислом Каримовнинг ўзи билади. У кимгадир яқин экан¸ қариндоши экан деб қарамайди.

Шунинг учун¸ Қосимали Аҳмедовнинг вазир этиб тайинланишига унинг акасими¸ укасими сабаб бўлибди¸ дейишларини мен нотўғри деб ҳисоблайман.

Озодлик: Унда қайси қилган хизматлари учун Аҳмедов бу даражага кўтарилиши мумкин? Ҳатто ўша 13 май куни Каримовнинг характеридан келиб чиқадиган бўлсак¸ ишдан бўралаб¸ сўкиб ҳайдаб юборган бўлиши мумкин.

Тошпўлат Йўлдошев: Агар Каримов бировни уриб¸ тепиб¸ пешонасини ëриб¸ калласини ëрадиган бўлса¸ “Раҳмат сизга Каримов. Мени ўлдиришингиз мумкин эди. Мана ўлдирмадингиз. Мана мен тирик қолдим” деб хурсанд бўлиб чиқиши керак.

Яна бир томони борки¸ Каримов жаҳли чиқсаю¸ бировни уриб¸ тепиб оғиз-бурунларини қонатмаса¸ хатарли ҳисобланади. Нега бу урмади? Урса жаҳли чиқиб кетган бўлади. Урмаса қамаши ҳам мумкин¸ мол-мулкини мусодара қилиши ҳам мумкин¸ қолаверса қариндош-уруғларини ҳам таъқибга олиши мумкин деб ўйлаб¸ булар қайтанга даҳшатга тушишади.

Озодлик: Демак¸ ургани ўзига яқин олгани бўларканда?

Тошпўлат Йўлдошев: Ҳа¸ ургани кечиргани ҳисобланади. Ургани¸ шу билан тинчидим дегани.

Кейин яна бир томони бор. Оғзи-бурни қонаб¸ тишлари синган бўлса ҳам орада 1-2 йил синов даври бўлади. Мана шу синов даврида ҳам “Бу яхши одам экан. Менинг тишларимни синдирди. Мен ҳақиқатда гуноҳ қилган эдим” деб¸ фақатгина Каримовни мақтаб юриш керак.

Озодлик: Демак¸ Қосимали Аҳмедов ўша синов муддатидан ўта олди.

Тошпўлат Йўлдошев: Ҳа.

Ўзбекистон вазирлар маҳкамасининг 1996 йил, 11 апрел кунги қарорида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вазифалари белгилаб қўйилган.

Қарорнинг одми тилдаги мазмуни будир: вазирлик халқнинг жонини ва молини ҳар қандай бало-қазолардан сақлаши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG