Линклар

"Newsweek": Каримов мустабидлар мустабиди

  • Ҳурмат Бобожон

"Newsweek" таҳририятининг дунëдаги энг золим мустабидлар рўйхатига Ислом Каримов каби халқ норозилиги учқунларини куч орқали бостириб келаëтган Осиë ва Африканинг яна тўрт раҳбари киритилган.

"Newsweek" таҳририятининг дунëдаги энг золим мустабидлар рўйхатига Ислом Каримов каби халқ норозилиги учқунларини куч орқали бостириб келаëтган Осиë ва Африканинг яна тўрт раҳбари киритилган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номи қўшилган қора рўйхатлар яна биттага кўпайди ва "Newsweek" нашри уни дунëдаги энг золим мустабидлар бешлигига киритди.

"Совет даврида давлат тепасига келган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов давлатни ҳалигача советча услубда бошқариб, юзлаб мухолифлари ва ўзгача фикрловчиларни қамаш ё-да ўлдириш орқали ҳокимиятини бугунгача куч билан сақлаб келмоқда".

Шу жиҳатдан "Newsweek" журнали янги йилнинг илк сонида Каримовни жаҳондаги энг мустабид ва қаттол беш давлат раҳбари қаторига қўшди.

Германияда яшаётган ўзбекистонлик журналист, www.uznews.net мустақил интернет нашри бош муҳаррири Галима Бухорбоеванинг айтишича, Ислом Каримов жаҳоннинг энг қаттол мустабиди унвонига лойиқдир.

- “Newsweek” журнали хулосаси ўринли ва Каримов ўзининг 19 йиллик президентлик даврида жаҳоннинг энг шафқатсиз ва қаттол мустабиди бўлишга лойиқдир, дейди Бухорбоева.


“Newsweek” журналига кўра¸ Ислом Каримов - ўтган асрнинг 80- йилидан бери халқини қатағон қилиб келаётган Зимбабве раҳбари Роберт Мугабе, Бирмада 2007 йилда тинч намойишларнинг қонли бостирилиши устида турган ушбу давлат раҳбари Тан Шве, ўз халқига нисбатан геноцид сиёсатини юргизаётгани айтиладиган Судан раҳбари Умар ал-Башир ҳамда ўз мухолифларини ўлдириб¸ улар гўштини ейишдан ҳам тап тортмаслиги айтиладиган Экваториал Гвинея раҳбари Теодоро Обианг Нгуэма Мбасоголар билан бир рўйхатдан жой олди.

Ўзбекистон президентининг ҳокимиятни сақлаб қолиш учун нималарга тайёр экани 2005 йил 13 май воқеалари пайти кенг жамоатчиликка кўринди¸ деб ëзади журнал таҳририяти ўз хулосасини изойлай туриб.

Журналист Галима Бухорбоева Андижондаги қонли ҳодиса гувоҳларидан бири.

- Зулм, зўравонлик, қийноқлар ва одамларни ўлдириш билан Каримов ҳокимиятни ушлаб турибди. Унинг бошқарувидаги сўнгги 19 йил мобайнида нафақат фуқаровий жамият куртаклари яксон этилди, балки одамлар иқтисодий жиҳатдан яхши яшаш имконларидан, эътиқод эркинликларидан ҳам маҳрум этилди.

Ҳукуматга яқин бир ҳовуч одамларгина давлат бойликларидан баҳраманд бўлмоқда, қолган халқнинг эса Каимовнинг шафқатсиз ва қатағон сиёсати олдида ожиз, сукут сақлаб яшашдан бошқа чораси қолмаган, дейди Галима Бухорбоева.

Шу пайтгача Ўзбекистонни Марказий Осиё ва постсовет маконидаги энг мустабид режим дейишга фақат Туркманистон соя солиб келаётган эди.

Аммо "Newsweek" журнали эълон этган жаҳоннинг энг қаттол мустабидлари бешлигида Туркманистон раҳбари кўринмайди ва афтидан бу рақобатдаги биринчилик бундан буëғига фақат Каримовнинг ўзига қолган.

Швейцарияда яшаётган ўзбекистонлик диссидент ёзувчи ва собиқ сиёсий маҳбус Сафар Бекжоннинг айтишича, Ўзбекистондан фарқли Туркманистонда демократия ва сўз эркинлиги бир оз орқада бўлса-да, бу давлатда ҳукумат ҳали шу пайтгача ўз халқини қатлиом қилишгача бормаган.

- Туркманистон раҳбари ўз аҳолисини секин-секин зуғум остида ушлаб келаяпти. Каримов нафақат зуғум қилаяпти¸ қамаяпти¸ балки ўз халқини қатлиом қилишгача борди.

Бунинг ўртасида жуда катта фарқ бор. Чунки оммавий қатлиом халқаро нормаларда катта жиноят ҳисобланади. Бу диктатуранинг энг чўққиси ҳисобланади. Каримовнинг бу бешликка киргани Андижон воқеалари билан ўлчанади¸ дейди Сафар Бекжон.

Бошқа ташкилотлар ва нашрларда эълон этилган рўйхатларда ҳам Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг номи Шимолий Корея, Туркманистон, Эритрея, Куба, Мьянма ва Хитой каби сўз эркинлиги ва демократия чекланган давлат раҳбарлари ёнида тилга олинади.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 7 йилдан бери эълон қилинаëтган “Эркин матбуотга ҳужум қилувчи йиртқичлар” ва "Интернет душманлари " рўйхатидан ҳам Ислом Каримов номи тушмай келаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG