Линклар

logo-print

"Бунда ақл эгалари учун ибрат бор..."

  • Барно Анвар

“Дин менга дунёни ким яратганини ўргатди, илм эса қандай яратганини” дейди америкалик астроном Консолмагно...

“Дин менга дунёни ким яратганини ўргатди, илм эса қандай яратганини” дейди америкалик астроном Консолмагно...

15 январ куни Парижда йиғилган олимлар шу йилларга қадар ўзлаштирилган коинот илми ва сўнгги йилларда қилинган кашфиётларни бутун инсониятга етказиш фурсати етганлигини таъкидладилар.

Келажак ҳақдаги тадқиқотларига шўнғиган олимлар инсониятнинг нафақат ерда, балки чексиз коинотнинг бошқа сайёраларида ҳам яшаш имконларини қидирмоқда. Бошқа бир тоифа олимлар эса Ер сайёрасида ҳароратининг ошиши ва турли табиий офатлар таҳдиди боис бир кун келиб яшаш учун фазодан жой ахтариш зарурати туғилиши мумкинлигидан сўзламоқдалар.

Бугун Парижга кўчган ана шу баҳснинг энг қизиқ нуқталаридан бири – инсониятни фазога етаклаган кашфиётларнинг аксарияти аслида диндан илдиз отгани ҳақидаги илмий изланишларга эътиборингизни тортмоқчимиз.

Ўз вақтида коинот ҳақида қилган кашфиётлари учун черков ва масжидлардан қувилган олимлар аксариятининг даҳрий эмас, диндор бўлгани, фалакиёт илмида очилган йирик кашфиётлар аксарининг эса Ислом фалакиётчилари томонидан кашф қилинганини Европа олимларнинг кўплари бугун эътироф эта бошладилар.

БМТ Жаҳон астрономия иттифоқи таклифи билан 2009 йилни “Астрономия йили” деб атади. 2009 йилга бундай ном берилишига сабаб эса буюк италян олими Галилело Галилей томонидан илк бор коинотдаги сайёраларни кузатувчи оптик асбоб - телескоп қўлланилганилганига 400 йил тўлганидир.

Илк бор осмондаги сайёралар – юлдузлар ҳаракатини телескопда кузатган ва бу кузатувлари асосида топган илмий кашфиётлари учун Галилей банди қилинган, азобларга солинган эди.

Унга қадар Коперник, ундан ҳам аввал Птоломей Ер, Қуёш ва бошқа сайёраларнинг коинотдаги ўрни ҳақида сўз очгани учун тазйиққа олинган эди. Астрономия соҳасидаги тадқиқотларга қўлга урган Ислом олимларининг сўзлари ҳам “куфр”, “ширк” дея талқин қилинганига мисоллар кўп.

Бугунги баъзи машҳур астрономлар орасида қадимги астрономларни илмга бошқарган манба айнан диндир, деган мустаҳкам ишонч бор.

Париждаги тадбир олдидан матбуотга сўзлаган америкалик астроном Гай Консолмагно ўз фикрига асос қилиб “Инжил”ни тилга олди.

"Иоанн келтирган янги аҳднинг биринчи сатри “Дастлаб сўз бўлган эди”, деб бошланади. Грек тилида сўз “логос”, дейилади. Кейинчалик “логос” сўзидан “логика”(мантиқ) деган сўз келиб чиқди. Қадимги грек файласуфлари учун бу сўз ҳақиқат, мантиқ деган маънони англатган. Демак, “Инжил” айтадики, дастлаб сўз бўлган, мантиқ, ҳақиқат, коинот қонуниятлари бўлган. Буларнинг ҳаммасини Худо яратган, аввалда Худо бўлган”, дейди астроном Гай Консолмагно.

Бу тахлит фикрлайдиган астрономлар инсонни азалдан тафаккурга йўллаган манба муқаддас китоблар эканини таъкидлайди ва бунга “Инжил”дан шу каби кўплаб мисоллар келтиради.

Айни мазмундаги эътирофларни биз Ислом олимларидан ҳам эшитамиз. “Қуръон”да ер, фазо ва ундаги юлдузлар ҳақидаги оятлар талайгина.

Ғарбда фалакиёт илми эшигини қоққан Птоломей ва осмонга телескоп қадаган Галилей орасида 1500 йиллик сукунат даври ҳукм сурган. Ўша сукунат даврда Ислом оламида илм-фан гуриллаб ривожланган. Бугунги олимларнинг кўпчилиги бу тараққиётни, шаксиз, Ислом билан боғлайди.

Илк бор Ислом олимларини фалакиёт илмини ўрганишга ундаган воқеа эса халифа Умар даврига бориб тақалади. Ҳазрати Умар Ҳижрий тақвимга асос солган ва бу тақвим Ойнинг фазодаги ҳаракатига асосланган. Зеро, Қуръони каримда мусулмонлар вақт ўлчовини айнан Ойга қараб аниқлашига буюрилган оят бор.

Буни ўзбек уламоси Тоҳир Умар шундай шарҳлайди:

“Қуръоннинг “Бақара” сурасида: “Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. “Улар одамлар ва Ҳаж учун вақт ўлчовидир”, деб айт”, деган оят бор. Шунинг учун ой билан ҳисоблашишлик мусулмон кишилар учун фарз бўлди”.

Шу тариқа пайдо бўлган ҳижрий тақвимда ҳар бир ойнинг бошланиши фалакда ҳилол ойнинг кўринишига кўра белгиланган ва аксар ислом давлатлари ҳозир ҳам шу тақвимга асосланиб вақт ҳисобини юритади.

Бундан ташқари, мусулмонлар дунёнинг қай нуқтасида бўлишидан қатъий назар, Каъба жойлашган Макка шаҳрига қараб ибодат қилишга буюрилган. “Қуръон”да эса мусулмонлар учун ўз йўлини аниқлашида кўрсаткич қилиб юлдузлар хизмат қилиши мазмунидаги оятлар ҳам бор.

Мисол учун, “Қуръон” каримнинг “Анъом” сураси, 97-оятида: “У сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун юлдузларни қилиб қўйган зотдир. Биладиган қавмлар учун оят-ибратларни батафсил қилиб қўйганмиз”, дейилади.

Бугунги астрономлар бу мазмундаги оятларни қадимда Ислом олимларини фалакиёт илмига етаклаган аниқ ва равшан кўрсаткичлар, деб ҳисоблайди. Улардан бири ҳозир АҚШдаги Колумбия университетида дарс бераётган профессор Жорж Салиба.

Асли ливанлик бу олим ўзининг сўнгги тадқиқотларидан бири бўлган “Ислом илми ва Европа Уйғониш даври” номли китобида Ислом ҳазораси (цивилизацияси) гуллаб яшнаган даврда мусулмон олимлари астрономия соҳасида эришган ютуқлар кейинчалик Европада ҳукм сурган “Тафаккур асри”га асос бўлгани ҳақида ёзади.

Бундай атаманинг тарихда битилишига сабаб бўлган инглиз файласуфи Томас Пейн ўз вақтида динни бадъатлардан, черковни эса илмсиз руҳонийлардан тозалаш ташаббуси билан чиққан эди. Томас Пейнни бундай ислоҳотга чорлаган манба, Жорж Салибага кўра, Ислом олимларининг асрлар давомида олиб борган системали тадқиқотлари эди.

- Ислом олами қилган улуғ иш ва Ислом цивилизацияси эришган илмга назар солсак, айтиш мумкинки, астрономия фани бир вақтнинг ўзида математика, физика каби фанлар билан уйғун равишда олиб борилган. Бу уйғунлик Ислом астрономияси ушбу фан тараққиётига қўшган ўзига хос улуғ ҳисса, дейди нью-йорклик олим Жорж Салиба.

У каби Ислом астрономлари уларни ҳамиша илҳомлантириб келган қадимги мусулмон олимлари орасида Мирзо Улуғбек номини алоҳида тилга оладилар. Мирзо Улуғбекни эса Ислом олами фалакиёт билан бирга фиқҳни ҳам ривожлантирган аллома сифатида танийди.

Тарихда унинг номи билан битилган “Зижи Кўрагоний” ўз вақтида илми нужум ривожига жуда катта туртки берган. “Қуръон”да эса ҳам астрономия, ҳам астрология соҳасига бирдек дахлдор буржлар илмига кўрсаткич мазмунидаги оятлар талай.

Жумладан, “Ҳижр” сурасининг 16-оятида: “Батаҳқиқ, Биз осмонларда буржлар қилиб қўйдик ва уни назар солувчилар учун зийнатлаб қўйдик”, дейилади.

Жорж Салиба каби ислом олимлари “Қуръон”нинг шу мазмундаги оятларини ислом олимларини бир вақтнинг ўзида фаннинг бир неча муҳим йўналишлари бўйича тадқиқот олиб боришга ундаган манба, дея эътироф этади.

Мусулмон астрономи Жорж Салибанинг замондоши Гай Консолмагно асли насронийликнинг католик оқимига эътиқод қилувчи ва Ватиканда нуфузи баланд насроний астрономлардан бири.

Ҳали-ҳануз дунёдаги турли дин вакилларининг илм-фан ва дин ўртасида зиддиятлар мавжудлиги ҳақидаги тортишувлари, мутлақ, ўринсиз, деб ҳисоблайди бу олим.

Асрлар давомида коинот, унинг яралиши билан боғлиқ кашфиётларга қаршилик, айниқса, Ғарбда ва айнан католик черковда кузатилган. Хусусан, фалакиёт илмининг асосчиларидан бири саналмиш Галилейнинг 1992 йилга келибгина Иоанн Павел иккинчи томонидан реабилитация қилингани бунга ёрқин мисолдир.

Ана шу ақидаларини бир-бир тарк қилаётган Ватикан астрономи бугун Ислом ва насронийлик диний оқимлари етакчилари орасида жиддий баҳс бўлаётган илмдаги “Буюк портлаш” фарази ҳақида ҳам деярли мутлақ кутилмаган баёнотни берди.

Илк бор илмга шу гипотезани олиб кирган олим Жорж Леметрэ белгиялик руҳоний бўлган, деди Гай Консолмагно Ватиканда анжуманлардан бирида қисқагина қилиб.

Маълумки, дунёда тирик ҳаёт бошланишининг ибтидоси, деб олинган бу илмий фараз устида ҳозир 300 дан ортиқ физик, математик ва астроном олимлар биргаликда тадқиқот олиб бормоқда.

Ўтган йили Швейцарияда коинотнинг ибтидосини билишга интилган олимлар ўша буюк портлашни қайта жонлантириши кутилаётган асбоб – коллайдерни ишга туширганда эътироз қилган диндорлар орасида мусулмонлар ҳам кўп бўлди.

АҚШлик астроном Консолмагно бутун умри давомида ўрганган илми ва эришган кашфиётларидан хулоса қилиб, Парижда кечгани каби илмий анжуманларда ҳар доим такрорлайдиган бир шоир борки, уни бугунги эшиттиришимизга сўнгсўз қилиб олдик.

“Дин менга дунёни ким яратганини ўргатди, илм эса қандай яратганини”.

XS
SM
MD
LG