Линклар

logo-print

“Ўз уйингни ўзинг асра”

  • Абдулла Искандар

Тошкент маркази ҳисобланмиш Бешëғочдаги маҳаллада тикланган беш хонали ҳовли ўрнига Муяссар Раҳимовага¸ шаҳар ташқарисидан икки хонали эски квартира таклиф қилинмоқда.

Тошкент маркази ҳисобланмиш Бешëғочдаги маҳаллада тикланган беш хонали ҳовли ўрнига Муяссар Раҳимовага¸ шаҳар ташқарисидан икки хонали эски квартира таклиф қилинмоқда.

Бугунги қаҳрамонимиз¸ қонунларда битилган хусусий мулк дахлсизлигига қарама-қарши¸ Тошкент марказидаги уйи бузилаëтган 40 яшар уй бекаси Муяссар Раҳимова.

Муяссарxон Раҳимова кейинги 10 йил давомида югуриб йўртиб¸ участка қурди. Болаларим бировлардан кам бўлмасин деди.

Аммо у яшаëтган уй ҳудуди бир ширкат кўзига яxши кўринди. Ҳокимият қарорини қўлтиқлаган мулозимлар булдозерлар ҳамроҳлигида келиб Муяссархонга дағдаға қилишди.

Муяссар Раҳимова : Маҳалламиз 2006 йилдан бузилишни бошлади. Уйлар бузилди ва иккита хонадон қолганда жуда ҳам сарсон қилиб юборишди. Пул берганда озгина пул беришди. Мен кўнмадим.

Озгина қўшинглар деганимда қўшишмади. Энди ҳозир мени касал ҳолимга қарамасдан болаларим билан домга тўртинчи этажга чиқариб юборишмоқчи. Мен ëзмаган жой қолмади. Судда умуман қулоқ солишмаяпти.

Шу 5 хонали уйни 15 йилда қурдим. Ҳозир булар биз эр-хотиннинг меҳнатини бир тийин қилиб¸ қаëқдаги эски домга чиқариб қўймоқчи.

Ўтган йил ўғлим вафот этди. Ўғлимнинг жигари касал эди.

“Ҳеч бўлмаса биринчи этаждан қилиб беринглар. Майли розиман¸ чиқиб кетаман” деб илтимос қилганимга қарамасдан менга тўртинчи қаватдан беришди. Булар ҳозир менинг уйимни олаяпти.

Менинг шароитимга рози бўлиши керакми ëки йўқми? Ўзим булар билан курашаман деб инсульт бўлиб қолдим. Ҳозир булар мени судга бериб¸ мажбуран ўша домга чиқариб юбормоқчи.

Муяссархон Тошкент марказидаги уйи бузилаëтган юзлаб ўзбек хонадон соҳибаларидан бири. Мен ҳукумат мулозимлари билан тил бириктирган ширкат мутасаддиларидан жабр кўрмоқдаман¸ дейди Муяссархон.

Муяссар Раҳимова: Мен бир умр ҳовлида яшаганман. “Менга четроқдан бўлса ҳам еримга яраша беринглар” деб илтимос қилдим. Қўшниларимга беришди. Қўшниларимни рози қилиб чиқарди. Менга келганда.... Маҳаллада 70 та оила бўлса¸ ҳеч кимга дом олиб бермаган. Менинг оиламга келганда булар дом бермоқчи.

Тошкент кўчаларида “Ўз уйингни ўзинг асра” деган шиорларни кўриш мумкин. Бу шиор талабини айнан тушунган Муясарх он ўз уйини ўзи ҳимоя қилишга уриниб кўрди. Ҳатто шиор кўтариб пикетга ҳам чиқди.

Муяссар Раҳимова : Бормаган¸ ëзмаган жойим қолмади. Прокуратура¸ судларга бордим. Қулоқ солишмаяпти.

Охири пикет қилиб чиққанимдан кейин ҳокимиятдан келишди. “Талабингизни қондиришади. Эртага телефон қиламиз” дейишди ва шу билан 20 кун ўтди ҳалигача қўнғироқларини кутаман. Булар мени қуруқ ëлғон билан алдаяпти.

Озодлик: Сиз қачон пикет қилган эдингиз?

Муяссар Раҳимова : Биринчи пикетим октябрмиди¸ қайси ойлиги эсимда ҳам йўқ. Чиққанимда қўлимдан тортиб олиб қўйишди.

Норозилик сифатида компанияга чиққан эдим. Кимдир келди ва “Сизни компания судга бериши мумкин. Қамаб юборади. Бу ердан кетинг” деб болаларимнинг қўлидаги плакатларни олиб қўйди.

Иккинчи пикетни ўтказмоқчи бўлганимда мен ҳокимиятга қоғоз бердим. Ҳокимиятдагилар “Қоғозни бизга эмас¸ ИИБ га беришингиз керак” деди.

Мен пикетга чиқмоқчи бўлганимда Чилонзор тумани ҳокимиятидан одам келди ва “Эртага қўнғироқ бўлади. Илтимос пикет қилиб чиқманг. Талабингизни қондиришади” деб айтди. Ўшанга ҳам мана 20 кун бўлди.

Энди ҳозир қил устида ўтирибман. Қишнинг кунида қаëққа ҳайдаб чиқаради булар. Уйимни бузгани анави куни булдозер билан келди. Ижрони зўрға тўхтатиб қолдим.

Ҳозир менинг курашгани ҳолим йўқ. Касалхонага ëтаман десам болаларимни ташлаб кетгани қўрқаман. Мен йўқлигимда булар келиб уйимни ноҳақ бузиб кетаверади.

Нима қилишни билмасдан ўтирибман. Ҳозир қаëққа мурожаат қилишни ўйлаб ўтирган эдим. Булар берган домни менинг соғлигим кўтармайди.

Озодлик: Сизнинг маҳаллангиз қайси маҳалла?

Муяссар Раҳимова : Бешëғочдаги маҳалла. Тошкентнинг энг марказида жойлашган. Қайнонамга жойи учун 9 минг доллар берди. Қайнонам сиқилганидан охири инсульт бўлиб ўлиб кетди. Қайнонам Тошкентнинг марказида яшаб туриб¸ Бектемир туманидан бир хонали ваннаси йўқ уй олди. Мана бир йил олдин қайнонам ўлиб кетди.

Кичкина қайниним ҳозир ўша домга бормай оиласи билан кўчада сарсон-саргардон бўлиб юрибди.

Иккита қайниним пулни олиб¸ ҳалигача уй ола олгани йўқ. Нима қилиш керак? Мен булар берган пулга тўртта болам билан кўчада қолишни хоҳламайман.

Бозор шароити бўйича аниқланглар десам “Норма” дейди. Нимага менга норма қилиши керак? Мен уларга уй олиб бергин деб ялиниб борганим йўқку.

Болаларимга ўзим шароит яратган бўлсам¸ беш хонали уй қурган бўлсам¸ нимага булар нормага яраша уй олиб бердик сенга деб баҳона қилаяпти? Билмадим нима қилишим керак ҳозир энди.

Ҳозир қон босимим 180. аллақачон ўйлаб¸ сиқилиб “Эртага келса нима бўлади?” деб адо бўлаяпман. Лекин мен улар берган домга бормайман.

Нимага мени ҳамма қатори рози қилиб қўя қолмайди? Қўшнимизга бердию. 160 минг¸ 200 минг¸ 300 минг ҳам бердию. Мен шунча пул сўраганим йўқку.

“Ҳовлим қанча турадиган бўлса¸ ўшани пулини беринглар ëки бошқа ҳовли олиб беринглар” деб айтдим. Булар ўғлимнинг касаллигига ҳам қарамади. Ўғлим ўлганидан кейин уч кун ўтгач ҳайдаб чиқаришга келишди.

Буларни инсон эмас¸ қонхўр босқинчи деб ўйлайман. Мени гўдак болаларим билан кўчага ҳайдамоқчи. “Ҳозир кўчага чиқасан¸ кўчада яшайсан” дейди. Нимага мен меҳнат билан қурган уйимни бузиб¸ кўчага чиқишим керак?

Давр менинг тақдиримда эшиттиришининг бугунги қаҳрамони Муяссар Раҳимова мулозимлар ўзбошимчалиги олдида иложсизлигидан юм-юм йиғлайди.

Муяссар Раҳимова : Кимга мурожаат қилишим керак мен? Илтимос ëрдам бериб юборинглар. Болаларим кўчада қолмасин.

Озодлик: Биз сизнинг овозингизни эшиттирамиз. Ҳар ҳолда Тошкент шаҳар қурилиш бўлими эшитса керак.

Муяссар Раҳимова : Мен прокуратурага учрашганимда¸ бош прокурор икки йил давомида биринчи марта қулоқ солди ва “Булар сизнинг талабингизни қондириши керак ва қондиради” деди. Энди агар бу ҳам қуруқ ваъда бўлмаса. Яхшилик кутиб ўтирибман энди.

Булар ўзича компания бошлиғига 500 минг сўраяпти деб айтибди. Мана Худо бор мен 500 минг сўраганим йўқ. Мен ўшанда 40 минг доллар сўраган эдим. Улар “Ерингиз олти хона билан баробар деб ҳисобланди” деб 36 минг доллар беришди. Мен “40 мингга участка топдим. Илтимос 40 минг қилиб беринглар. Инвалид ўғлим бор. 4 минг доллар қўшишни менинг шароитим кўтармайди” дедим.

У куни компаниянинг директори келиб “Ўшанда 4 минг доллар учун талашдинг. Мана энди ўзинг инсульт бўлиб қийналиб юрибсанку” деб устимдан кулди. 4 минг доллар ўша пайтда мен учун катта пул эди. Инвалид касал болам билан менга 4 доллар ҳам катта пул.

“Биз берган домни олиб¸ хоҳласанг 80 мингга¸ хоҳласанг 100 мингга сотгин. Хоҳласанг Мерседес машина мингин” дейди. Нимага энди мен улар олиб берган домни касал ҳолимга сотиб юришим керак? 100 мингга баҳолаëтган экан¸ нимага менга 30 минг таклиф қилади? “Хоҳласанг машина олгин” деб устимдан кулиб кетди.

Буларнинг дастидан қаерга борай? Борган жойларимда “Талабингизни қондиришади. Боришади” деб айтишади¸ булар бўлса келиб менинг устимдан кулиб кетишади.

Мен ўзи касалхонага ëтишим керак¸ лекин мен уларни бугун келар¸ эртага келар¸ деб кутиб ўтирибман. Болаларим мактабда ўқиши керак¸ мактабга бормайди. Қизим 16 ëшда. Лицейда ўқиши керак¸ чиқмайди. Бу компаниянинг дастидан болаларимнинг келажаги йўқ.

Битта фарзандимни йўқотдим. Сиқилиб тамом бўлдим мен. Мен уй бекасиман. Хўжайиним ишлайди. Болаларимизни ҳалол меҳнат билан боқиб¸ қурдик шу уйни. Биз ҳозир қанақа қилиб бир хонали квартирада яшаймиз?

“Нимага қурдинг? Сенга ким айтди қургин деб?” дейди. Бир хонали уйда 16 яшар қизим¸ 17 яшар ўғлим билан яшаб келдик. Қандай қилиб мен уйни кенгайтирмаслигим керак? Наҳотки мен болаларим учун шароит яратиб бера олмасам?

Озодлик: Сизнинг уйингизни олиб қўяëтган фирманинг номи нима?

Муяссар Раҳимова : Global Project Management Inc. компанияси. Халқаро бизнес компанияси экан.

Битта қайниним зўрға икки хонали уй олди. Битта қайниним¸ мана ҳозиргина келиб кетди¸ икки йилдан бери уй ололгани йўқ. Битта қайниним берган 9 мингнинг ëнига қўшиб яқинда уй олди. Ҳалигача таъмирлагани йўқ.

Мен ҳам ўшаларнинг ҳолига тушишни хоҳламайман. Ҳозир участкаларнинг нархи ошиб кетган бўлса. Шунинг учун ҳам участкамга яраша пул бер деб талашиб ўтирибман.

Яқинда дадамни ҳам бериб қўйдим. Бунга бу бузилишларнинг алоқаси бор деб ўйлайман. 22 да бузаман деб келган бўлса¸ дадам 24 да касалхонага тушди. Қачонгача менинг яқинларим бу компаниянинг дастидан азият чекади? (йиғлаб) Қайсидир сабаб бордирки¸ отам ҳам мана мен учун сиқилиб оламдан ўтиб кетди.

Отамни йўқотдим¸ ўғлимни йўқотдим¸ қайнонамни йўқотдим. Яна бу компанияга нима керак? Мен болаларим учун яшашим керак. Икки йилдан бери Худодан бошқа ишончим қолмади. Икки йилдан бери чеккан азобларимни Худо кўргандир. Ҳеч кимга ишончим қолмади. Фақатгина кутиш қолди¸ холос.

Мол аччиғи¸ жон аччиғи деган гап бор. Уй-жойидан ажралаëтган Муяссархон Раҳимованинг дардлари ўзбек тингловчилари учун балки таниш эшитилар.

Тошкент марказидаги уй-жойидан ажралганларнинг сони энг камтар ҳисобларда ҳам мингларни ташкил қилмоқда.

"Давр менинг тақдиримда" эшиттиришининг бугунги сони ҳам Тошкентдаги инсон ҳуқуқлари фаоллари кўмагида ҳозирланди.
XS
SM
MD
LG