Линклар

“Кетмоқдаман”

  • Абдулла Искандар

Қарийб 40 йилдан бери Ҳожиакбар Ҳамидовнинг “Кетмоқдаман” қўшиғи шинавандалар тилидан тушмай келаëтир.

Қарийб 40 йилдан бери Ҳожиакбар Ҳамидовнинг “Кетмоқдаман” қўшиғи шинавандалар тилидан тушмай келаëтир.

“Таниш қўшиқлар” саҳифасига бундан 37 йил муқаддам айтилган ва эл қулоғига маҳкам ўрнашган “Кетмоқдаман” қўшиғини мавзу қилиб танладик.

Бу қўшиқнинг урф бўлишига “Баҳор қайтмайди” видеофильми сабаб бўлган эди. Биз бу қўшиқ ижрочиси Ҳожиакбар Ҳамидовга мурожаат қилдик.

Озодлик: Ҳожиакбар ака¸ мана шу қўшиқ тарихи ҳақида гапирсангиз. Менимча қўшиқ матни Абдулла Ориповга оид.

Ҳожиакбар Ҳамидов: Ҳа¸ шеър муаллифи Абдулла Орипов. Ўзбекистонда энг яхши журналлардан биттаси бўлган “Шарқ юлдузи” деган журнал бўларди. Мен ўзим болаликдан журнал борми¸ газета борми ўқишни яхши кўраман.

1969 йилда бу журналда “Баҳор қайтмайди” деган асар чиқди. Бу асар журналнинг бир неча сонларида босилди.

Асар муаллифи Ўткир Ҳошимов. Мен Ўткир Ҳошимов билан Тошкентдаги Дўмбиробод деган маҳаллада туғилиб¸ бирга ўсганман. У менинг акамнинг синфдоши.

Мен бу асарга жуда қизиқиб қолдим. Шу асарнинг ичидан бир шеър чиқиб қолди. У шеърнинг номи “Йигит қўшиғи” деган эди. Охири “кетмоқдаман” деган сўз билан тугагани учун кейинчалик шу номни олди.

Мен 1970 йилда бу шеърни куйга солдим. 1972 йилда биринчи марта саҳнага олиб чиқдим. 1973 йилда “Баҳор қайтмайди” асарини Ўзбекистон телевидениесининг ажойиб режиссëри Мираббос Мирзааҳмедов видеофильм қилиб суратга олди. Мени “Шу ғазални қўшиқ қилиб айтган экансиз¸ келинг”¸ - деб таклиф қилдилар.

Ўшандан бери бу видоефильм ҳар йили қўйилади. Бу халқимизнинг қалбига¸ кўнглига ëқиб¸ ҳозиргача ҳар қандай тадбирларга борсак¸ шу қўшиқни ижро қилиб беришимизни сўрашади. Бу қўшиқнинг кичкинагина тарихи шу.

"Баҳор қайтмайди" видеофильмида шундай саҳна бор: Бош қаҳрамон Алимардон Тўраев талабалар ëтоқхонаси олдидан ўтиб кетаëтиб¸ ўз қўшиқларини талабалар магнитофондан тинглаëтганига гувоҳ бўлади. Бу “Кетмоқдаман” қўшиғи эди.

Ҳожиакбар Ҳамидов ҳаëтида ҳам айни ҳолат такрорланди.

Ҳожиакбар Ҳамидов: Ўзи Тошкент шаҳрида талабалар шаҳарчаси бор. Мен 1973 йилда Ўзбекистон Миллий Университетининг (собиқ ТошДУ) тарих факультетини тугатганман. Кечки сменада ўқиганман. Кундуз куни давлат ишида ишлардим.

Талабалар шаҳарчасидан ўтаëтганимда 1969 йилда 20 ëшимда биринчи ишлаган¸ ëшларга маъқул бўлиб қолган¸ ҳаваскор шоира Раъно Турдиева қаламига мансуб “Кечир мени¸ кечир қоракўз” деган ашуламни эшитганман.

Ўша йиллари ишланган “Ëшлигим”¸ “Гул-гул очилган бўстонлар”¸ “Нечун чиқдим гулистонга¸ қалбга сўроқ шундан берилган” деган қўшиқларим бор. 1969 йили 10 га яқин қўшиқларни басталаганман. Ўшаларнинг ичида “Кечир мени¸ кечир қоракўз” деган ашуламни талабалар магнитофонидан эшиганман.

Орадан бир неча йил ўтиб “Баҳор қайтмайди” асари видеофильм қилинганида¸ бу видеофильмда ҳам шунақа бўлган экан. Алимардон ўз қўшиғини талабалар эшитаëтганидан қувониб¸ ўз қилган ишидан маст бўлиб юрган. Ўзи у шунақа образ бўлган. Худди шу нарса менинг ҳаëтимда ҳам бўлди. Талабалар магнитофонидан ўз қўшиғимни эшитганимда жуда ажойиб ҳис-туйғуларни бошимдан ўтказганман.

Озодлик: Мана шу қисса ëзилган пайтда жамиятда “Артистлар шунақа бўлади¸ олифта бўлади¸ пулга ўч бўлади” деган тушунча бор эди. Бу тушунча Алимардон Тўраев образига ўз муҳрини урган. Лекин¸ ҳақиқатан шунақа эмас эдику.

Ҳожиакбар Ҳамидов: Мен ҳозир жавоб бераман бунга. Мен Ўткир Ҳошимов билан бирга жуда кўп учрашувларда бўлганман.

Телевидениеда чиққан пайтимизда Ўткир акага “Кимни назарда тутгансиз? Бу қанақа образ?” деган савол беришганида¸ Ўткир ака “Одатда биз ëзувчилар шундай бўламизки¸ битта образни яратиш учун¸ унинг характеридаги фазилатларни мужассам қилиш учун йиллаб одамларни кузатамиз. Мана¸ мисол учун асалари бир грамм асал йиғиш учун салкам 15 минг гулга қўнар экан” деб жавоб берганлар.

Демак¸ бизнинг меҳнатимиз ҳам шу асалариникига ўхшаган. Бу бадиий асар эмас. Ëзувчи бадиий асарни бадиийлаштиришга ҳаракат қилади.

Афсуски¸ буни оддий халқнинг ҳаммаси тушунавермайди. Тушунмаган “Бу фалонча шахсга аталган экан” деб айтади. Ваҳолангки¸ айнан шу одам ҳеч қачон ҳаëтда бўлмаган бўлади.

Озодлик: Европаликлар¸ руслар зеҳниятида артистга эҳтиром бор. Дейлик ҳозир ҳам мансабдор шахсларнинг ўрнидан туриб артистларга салом бераëтганини кўрамиз. Ўзбек жамиятида эса “Э бу артист” деган паст назар билан қараш шаклланган. Бунга сабаб нима?

Ҳожиакбар Ҳамидов: Йўқ бу гапни умумхалқ номидан гапирманг. Чунки....

Озодлик: Майли¸ кўпчилик дея қолайлик.

Ҳожиакбар Ҳамидов: Йўқ кўпчилик ҳам эмас. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Лекин баъзи пайтларда курмаклар ҳам кўпайиб кетади. Гапингизда жон бор.

Лекин вақт шу одамнинг шунақа эмаслигини кўрсатади. Халқ берган баҳо баъзан нотўғри чиқишини вақт кўрсатади. Лекин санъаткорнинг тупроғи енгил бўлади¸ гапиришга ҳам осон.

Бундан 37 йил бурун айтилган қўшиқни бугун ҳам хиргойи қилишмоқда.

Бундан 37 йил бурун айтилган бу қўшиқ ўз ëрини ташлаб кетаëтган йигит нидоси сифатида тушунилган бўлса¸ бугун бу қўшиқ ўз ватанини ташлаб йироқларга кетаëтган мингларча ўзбекларнинг ички оҳу фарëдига айлангандай.

Яхши қол¸ эй¸ дилбарим¸ дилда кадар¸ кетмоқдаман¸
Ишқ аро энди ҳолим зеру забар¸ кетмоқдаман.

На ишончу на қувончу на кўнгилдан очма гап¸
Барчасидан ушбу кун йўқдир самар¸ кетмоқдаман.

Мен қуëш юзлимга деб¸ тун-кечалар бердим юрак¸
Оқибат отганда тонг қондир жигар¸ кетмоқдаман.

Неча кунлар ўтди¸ лекин сўрмадинг ҳолимни бир¸
Охирида ҳол сўраб келсанг магар¸ кетмоқдаман.

Келганимда дедиларки¸ бу йигит кони зарар¸
Кетмагимдан¸ охир айт¸ борми зарар¸ кетмоқдаман.

Билмадим¸ ҳеч бормикин асли дардимга шифо¸
Хаста бу Абдулладан олгин хабар¸ кетмоқдаман.
XS
SM
MD
LG