Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:39

Тошкент душманларини ушлаш осонлашди


Кузатувчилар қозоқ парламенти қабул қилган янги қонун кучга киргач, Қозоғистонда юрган ўзбекистонликларни таъқиб қилиш кучайиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Кузатувчилар қозоқ парламенти қабул қилган янги қонун кучга киргач, Қозоғистонда юрган ўзбекистонликларни таъқиб қилиш кучайиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Қозоқ парламенти қабул қилган қонун ўз ватанидаги таъқиблардан қочиб¸ қўшни мамлакатга ўтаëтган ўзбекистонликлар учун мавжуд хатарни янада кучайтирди.

Қозоғистон парламенти 15 январ куни “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ( ШҲТ) га аъзо давлатлар ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик ҳақидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида” қонун қабул қилди.

Қабул қилинган ҳужжатда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда кенг ҳамкорлик йўлга қўйилиши назарда тутилган.

Аммо, шу билан бир қаторда, шартноманинг 8-моддасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар террорчилик, айирмачилик ва диний экстремизмга қарши курашда ўзаро кенг ҳамкорликни йўлга қўйишлари ҳамда террорчилик ва экстремизм билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган шасхларни қўлга олиш ва юртига қайтаришда фаол ишлашлари алоҳида қайд этилган.

Ўтган йили МДҲ давлатларининг Ички ишлар вазирликлари ҳам айнан террорчилик ва диний экстремизм айблови билан қидирилаётган шахсларни қўлга олиш ва юртига қайтариш бўйича ўзаро келишувни имзолагандилар.

Ўшанда қозоқ ҳуқуқ-тартибот органларининг расмий нуқтаи назарини билдирган мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Боғдот Хўжахметов қўшни давлатлари ҳуқуқ-тартибот идораларининг бундай ҳамкорлиги фақат фойдага ишлашини айтиб ўтган эди.

- Қозоғистон ва Ўзбекистон Ички ишлар идоралари ўзаро вакиллари билан алмашишди. Бу давлатларимиздаги умумий жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни соғломлаштириш учун ёрдам беради, деган эди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ШҲТга аъзо бўлган давлатларнинг бундай ҳамкорлиги қўшни давлатларга қочишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик ўзгача фикрловчиларга қарши қўлланилган таъқиб-тазйиқнинг кучайишига олиб келишини айтади:

- Ўзбекистонни тарк этган ва диний оқимларга алоқадорликда айбланган одамларни ўша ерда қўлга олиб, юртига қайтарилиши кўпаяди бундан буён. Шуни англатади бу ҳамкорлик, дейди Суръат Икромов.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Нинель Фокина эса қозоқ парламенти томонидан ратификация қилган шартнома мамлакат ҳудудида юрган ўзгача фикрловчиларни ўз юртига қайтариш учун қонуний асос яратганини таъкидлайди:

- Масалан, бизникилар қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларини, аввал ўз қонунларимиз ва халқаро меъёрларга зид равишда Ўзбекистонга бериб юборган бўлсалар, энди улар бу ишни икки томонлама шартномага мувофиқ амалга ошираётганларини баҳона қиладилар, дейди қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Бироқ ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ўтган йил сўнгида Ўзбекистон раҳбари Қозоғистоннинг Боровой шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ раҳбарлари норасмий учрашувига келмаганини ёдга оларкан, икки давлат расмийлари ўртасидаги бундай совуқчилик қозоқ ҳуқуқ-тартибот ходимларининг мамлакат ҳудудида бўлган ўзбек қочқинларига нисбатан бироз адолатли бўлишига туртки бериши мумкинлигини айтади:

- Ўзбекистонда асосан террористлар ва экстремистлар эмас, балки ҳукуматга танқидий муносабатда бўлган одамларни шу баҳоналар остида қамашини Қозоғистон ҳукумати билгани учун Қозоғистонда юрган ўзбек фуқароларини тутиб беришга унчалик ён босмайди, дея умид билдиради Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG