Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:58

"Суд яна буйруқни бажаради"


Новқат туман суди ҳукми билан 9 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган 32 новқатлик ўзларига берилган жазодан норози бўлиб Ўш вилоят судига шикоят аризаси билан мурожаат қилганлар.
Новқат туман суди ҳукми билан 9 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган 32 новқатлик ўзларига берилган жазодан норози бўлиб Ўш вилоят судига шикоят аризаси билан мурожаат қилганлар.

Ўш вилоят судида новқатлик 32 диндор устидан бошланган апелляция тартибидаги жараëнга ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистлар киритилмади.

Аввалроқ расмийлар маҳкама жараёни очиқ ўтказилиши эълон қилган эдилар. Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари мустақил телевидение, радио ва газета журналистларини маҳкама жараёнига қўймадилар.

Расмийлар бу борада бирон-бир маълумот беришни истамадилар. Бироқ овозини ёзиб олишимизни истамаган милиция ходими суд зали тор бўлгани учун фақатгина беш нафар журналистга жой ажратилгани ва маҳкамага ўша журналистларгина киритилишини маълум қилди.

Кейинроқ бу беш журналистнинг ҳукумат телеканаллари ходимлари ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот хизмати матбуот котиблари экани маълум бўлди.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров жараёнда иштирок этиш учун тегишли ҳужжатларни судга топширганини айтади. Бироқ у ҳам суд жараёнига киритилмаган.

- Новқатликлар судида мен ҳимоячи бўлиб иштирок этишим керак эди. Бунинг учун судга аввалроқ келиб, керакли ҳужжатларни топширганман. Судда иштирок этишга ҳакамдан рухсат олиб, жиноят ишидан нусха кўчиртириб, танишиб чиққанман.

Бугун эрталаб келсам, ҳуқуқ-тартибот ходимлари: “Суд бизга маҳкамага қўйиладиган одамларнинг рўйхатини тузиб берган, сиз рўйхатда йўқсиз”, деб киритишмади. Бундан кўриниб турибдики, булар озроқ гапириб, индамай ўтирадиганларга рухсат бериб, ҳақиқатни гапирадиганларнинг киришига рухсат беришмаяпти.

Ҳозир суд бўлмайди, одамларнинг кўзига суд бўляпти, деб кўрсатишади-да, тайинланган буйруқни бажаришади. Демак, катта бир одамдан буйруқ бўлган. Ҳозир мана шу буйруқни бажаришади, дейди Равшан Гапиров.

Суд жараёнига киритилмаган журналистлар суд раиси номига “жараёнда иштирок этишга рухсат бериш талаби билан” ариза ёзиш билан чекландилар.

Аввалги маҳкама жараёнининг дастлабки кунлари ҳам мустақил журналистлар судга қўйилмаган эди. Айрим адвокатлар ва судланувчиларнинг талаби билан маҳкаманинг учинчи куни мустақил журналистларга рухсат берилганди.

Айни пайтда давлат қораловчиларидан бири ўтган маҳкама жараёни одилона ўтказилганини қониқиш билан қайд этганди.

- Суд жараёни 18 нафар адвокат, судланувчиларнинг яқинлари, оммавий ахборот воситалари иштирокида очиқ-ойдин, ҳаққоний тарзда ўтказилди, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, юздан ортиқ гувоҳ, жабрланувчилар иштирок этди.

Қолаверса, судланувчиларнинг қўшимча гувоҳлари ҳам суд жараёнида тўлалигича иштирок этди. Бундан ташқари, судланувчиларнинг адвокатлари судда иштирок этолмаган гувоҳларнинг ёзма кўрсатмаларини ўқиб берди. Бу ҳам суд жараёнининг очиқ ойдин, одилона тарзда ўтказилганига далил бўлади, - деган эди исмини айтмаган давлат қораловчиларидан бири.

2008 йилнинг 1 октябрида Рамазон ҳайитининг Новқат марказий майдонида ўтказилишига рухсат берилмаганидан норози бўлган 1000 дан ортиқ диндор туман давлат маъмурияти биносини тошбўрон қилган эди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси тартибсизликларни Ҳизбут-Таҳрир партияси уюштирганини ҳамда партиянинг 32 нафар аъзоси уюштирувчи сифатида айбланиб, қўлга олинганини маълум қилганди.

2008 йилнинг 27 ноябр куни айбланувчилар устидан ҳукм чиқарилди. 32 нафар судланувчидан балоғатга етмаган Аҳмадилло Эргашевга 9 йил, Лобар Сайидориповага 15 йил, Зарифа Абдураимовага 16 йил, қолган 29 нафарига 16 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси берилди.

Уларга оммавий тартибсизликларни уюштирганлик, расмийларга қаршилик кўрсатганлик, соғлиги ва ҳаётига хавф туғдириш орқали ҳукумат вакилига нисбатан куч ишлатганлик, мамлакатнинг ҳудудий дахлсизлигига хавф туғдирганлик, конституцион тузумни ўзгартиришга уринганлик, миллий ва диний низо чиқарганлик каби қатор айблар қўйилганди.

Судланувчиларнинг адвокатларидан бири Улуғбек Усмонов судланувчиларга берилган жазони “бошқаларга ўрнак” ўлароқ баҳолайди.

- Менимча, бутун диний оқимларга ўрнак бўлиб қолсин, деган маънода қилинаётган иш бўлди. Бу ҳукумат буюртмасидир. Бу нарсалар, бундай воқеалар қайтарилишининг олдини олиш мақсадида атайин қилинмоқда, дейди Улуғбек Усмонов.
XS
SM
MD
LG