Линклар

Гуноҳкорлар топилди ва жазоланди...

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 2008 йилда аҳолига электр узатишда техник йўқотиш ҳажми 2,9 миллиард кВт/соатга етганига ишониш қийинлигини айтади.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 2008 йилда аҳолига электр узатишда техник йўқотиш ҳажми 2,9 миллиард кВт/соатга етганига ишониш қийинлигини айтади.

“Барқи тожик” ва “Тожикгаз” корхонаси бошлиқлари аҳоли ва саноат корхоналарини иссиқлик ва ёруғлик билан таъминлай олмаганлари учун¸ ишдан бўшатилдилар.

Бу қарор 15 январ куни Душанбе шаҳрида иш бошлаган Тожикистон ҳукуматининг кенгайтирилган йиғилишида давлат раҳбари томонидан қабул қилинди.

Ҳукумат йиғилишида йиллик ҳисобот берган Тожикистон Энергетика ва саноат вазири Шерали Гулнинг маълум қилишича, 2008 йил мамлакатда 14,8 миллиард кВт/соат электр ишлаб чиқарилган.

- Шу миқдор электр қувватининг 13 фоизи, яъни 2,9 миллиард кВт/соати техник харажатлар сабабли йўқотилган, деди Энергетика ва саноат вазири.

- 2 миллиард кВт/соат электр қувватини ишлаб чиқариш учун Сангтўда-1 ГЭСининг бир йил ишлаши керак. Бунча электр республика аҳолисининг эҳтиёжини тўла таъминлайди. Бу техник йўқотиш эмас, бу очиқдан-очиқ ўғирликдир, деди ҳукумат йиғилишини бошқараётган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон асабийлашиб.

Давлат раҳбари бу йўқотишда “Барқи тожик” ширкати раиси Шарифхон Самиевни айблади ва уни вазифасидан озод қилди.

Шундан сўнг Имомали Раҳмон “Тожикгаз” давлат унитар корхонаси раиси Фатҳиддин Муҳсиддиновни сўроқ-жавобга тутди.

Президент нима учун аҳоли ва саноат корхоналари табиий газ билан тўла таъминланмагани, 2008 йилда фойдаланилган табиий газ пулини йиғиб олиш режаси нега 100 фоизга эмас, 92 фоизга бажарилганини сўради.

Саволларга асосли жавоб қайтара олмаган “Тожикгаз” корхона бошлиғи ҳам ўз ишига масъулиятсизлик билан ëндашганликда айбланиб¸ ишдан бўшатилди.

Айни мажлисда¸ Энергетика ва саноат вазири Шерали Гулга¸ 2009 йили республика шимоли ва жанубидаги газ конларини аниқлаш ҳамда ўзлаштиришда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорлик қилиш вазифаси топширилди.

- Шўролар даврида Сўғд вилоятида 350 миллион куб метр табиий газ ўзлаштирилар эди. Шу эски конларнинг, ҳеч бўлмаганда, 20-30 фоизини ишга солсак, ўша ҳудуд аҳолисини йил бўйи маҳаллий газ билан таъминлаш имкони пайдо бўлади.

Агар сизларда номус, тожик қони бўлса, халқимизни қиш чилласида бунчалик хўрламаган бўлардингиз. Бошқа давлатларга зорланмаган бўлардик. Мана, кўраяпсиз газ нархи қанча қимматлаганини, деди Имомали Раҳмон.

Шундай қилиб, ўз вазифасида қолган Энергетика вазири, айни пайтда давлат раҳбарининг қудаси Шерали Гул 2009 йили мамлакатдаги йирик энергетик иншоотлар ҳамда юқори кучланишли электр узатиш линияларига доир лойиҳалар устида ишлаш баробарида яна 50 та кичик ГЭС қуриш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Соҳа бўйича таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддиновга кўра, 2008 йили Тожикистонда ишлаб чиқарилган электрдан 13 фоиз эмас, балки 50 фоиз талафот кўрилган.

Таҳлилчи 2008 йилнинг 8 ойи мобайнида давлатлараро юқори кучланишли электр узатиш линияларининг тўрттасидан зим-зиё ғойиб бўлган 2,9 миллиард кВт/соат электр қуввати “Барқи тожик” масъуллари томонидан қўшни Ўзбекистонга ноқонуний пулланган, деган ишончда.

- Биз бу гапни ҳар йил айтамиз ва даъволаримизда асос ҳам бор. Нега шўролар даврида республикадаги барча корхоналар тўла фаолият қилиб туриб ҳам аҳолининг электрга бўлган эҳтиёжини тўла қондира олар эдик, бугун эса бу умуман мумкин бўлмай қолди?

Чунки мамлакат энергетика тизимида ўғирлик, порахўрлик бошқа соҳаларга нисбатан кўпроқ. Мамлакат энергетика тизимига ичи ачийдиган бирорта мутахассис қолмади. Ҳамма чўнтагини ўйлаб қолди, дейди таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов.

Шу кунларда Тожикистонга Ўзбекистон ва Туркманистонда электр импорти батамом тўхтатилган.

“Барқи тожик” бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гуловнинг маълум қилишича, бунга 2009 йил учун Ўзбекистон билан электр олди-бердиси ва туркман электри транзити бўйича давлатлараро шартноманинг имзоланмай қолаётгани сабаб бўлаётган экан.

Рашид Гулов ҳукумат йиғилишидан сўнг Ўзбекистон билан шартнома имзоланишига ва шу кунларда республикада мавжуд электр муаммоси ҳал бўлишига ишонч билдирди.

Бироқ кузатувчилар туркман электрининг яқин орада Ўзбекистон томонидан транзит қилинишига шубҳа билан қарамоқдалар.

Ўзбекистон туркман электрини Сардор-Қоракўл юқори кучланишли электр узатиш линияси орқали қабул қилиб олади ва ўз тармоқлари орқали Тожикистонга транзит қилади.

Ўтган йили туркман электри транзитига доир Ўзбекистон ва Тожикистон музокараларида “Барқи тожик” ширкати Сардор-Қоракўл юқори кучланишли электр узатиш линиясини таъмирлаш ишларида ўз улушини қўшишини билдирган эди.

Аммо ўтган вақт ичида расмий Тошкентдан шу масалага доир бир неча бор огоҳлантириш олинганига қарамай, таъмирлаш ишлари ўлда-жўлда қолиб кетди.

Жорий йил бошида “Барқи тожик” ширкати раиси Шарифхон Самиев ўзбекистонлик ҳамкасбларига туркман электри ҳар кВт/соати учун 0,03 цент транзит ҳақи олинишини ва шунинг учун ҳам таъмирлаш Ўзбекистон вазифаси эканини таъкидлаган эди.

Бунга жавобан Ўзбекистон айни қиш палласида Тожикистонга туркман электрини узатишни тўхтатиб қўйди. Бунинг сабабларини эса Сардор-Қоракўл юқори кучланишли электр узатиш линиясида таъмирлаш ишлари бошлангани билан изоҳлади.

Шу кунларда Тожикистонга ташқаридан электр узатилмаётгани сабабли республика барча шаҳар ва туманлари аҳолиси учун суткасига атиги икки соат электр берилаяпти.
XS
SM
MD
LG