Линклар

Масжидми¸ мактаб?


Исломий ақидалар ва амалларнинг¸ айниқса¸ ўсмир ва болалар орасида ëйилиб бораëтгани¸ афтидан расмий Тошкентни ташвишга солаëтган кўринади.

Исломий ақидалар ва амалларнинг¸ айниқса¸ ўсмир ва болалар орасида ëйилиб бораëтгани¸ афтидан расмий Тошкентни ташвишга солаëтган кўринади.

“Форум 18” ташкилотининг хабар қилишича¸ Қашқадарёда милиция ходимлари масжидга борадиган болаларга қарши кампания бошлаб¸ намозхон ўқувчиларнинг ота-оналарига босим кўрсатмоқдалар.

“Форум 18” халқаро гуруҳи муҳаррири Феликс Корлининг Озодликка маълум қилишича, Қашқадарёда жума намозига қатнаётган диндор болаларга нисбатан босимлар кузатилиб, болалар ва уларнинг ота-оналари сўроқ қилинган.

Корли бу ҳолат ўтган йилнинг охирларида маҳаллий газеталардан бирида намозхон болалар борасида танқидий мақола эълон қилингач бошланганлигини айтади.

- “Қашқадарё” номли вилоят газетасида масжидларга ота-оналар фарзандлари билан бориши кўпаяётгани ва бундай салбий ҳолатларни олдини олиш лозимлиги ҳақида мақола эълон қилингач¸ мсжидга болалари билан келаётган ота-оналар тазйиқ остига олинган, дейди Феликс Корли.

Айни пайтда Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси ходими намозхон болаларга қарши кампания бошланганини инкор қилди.

Унга кўра, мактаб ўқувчиларининг жума намозларига бориш учун дарс машғулотларини қолдираётгани сабабли ўқувчилар орасида тушинтириш ишлари олиб борилган, холос.

Бироқ Феликс Корлига кўра, Қашқадарёда болаларнинг нафақат мактаб пайтида, балки таътил ёки дам олиш кунлари ҳам масжидга қатнашига қаршилик кўрсатилмоқда.

- Қашқадарё вилоятида маҳаллий расмийларнинг болаларнинг умуман масжидга қатнашини хоҳламаётганлари аниқ бўлиб, улар бунинг учун жиддий кураш олиб боришаяпти¸ дейди Феликс Корли.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, Корли тилга олган каби ҳол¸ нафақат Қашқадарëда¸ балки Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида кузатилмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев Фарғона водийсида ҳам намозхон ўқувчиларни таъқиб қилиш доимий тус олганини айтади.

- Динга берилган ëки намоз ўрганмоқчи бўлган ëшларни таъқиб қилиш йил сайин кучайиб бораяпти. Жума намозларида ҳар бир масжид олдида милиционерлар¸ маҳаллалардан фаоллар туришади. Масжидга келаëтган болаларни рўйхатга олиб, уларнинг ота-онасини у ëқ-бу ëққа чақиришлари ҳеч кимга сир эмас, дейди Абдусалом Эргашев.

Кейинги йилларда Фарғона водийси, айниқса, Андижонда диндорларга нисбатан салбий муносабатнинг кучайгани кузатилади.

Хусусан¸ 2007 йили вилоят ҳокими буйруғи билан масжидларга ёш болаларнинг кириши ва масжидларда азон айтилиши таъқиқланди. Ҳозирда ҳам андижонлик намозхон ўқувчилар доимий назоратда эканлиги ҳақида маълумот бор.

Андижон вилоят диний ишлар бошқармаси ходими Озодлик билан суҳбатда диний ташкилотлар томонидан намозхон болаларга ҳеч қандай чеклов қўйилмаганлигини билдирди.

- Бизда, алҳамдилуллоҳ, ҳамма нарса эркин. Бизда диний идорамиз томонидан болаларга чеклов эълон қилинган томони йўқ.

Озодлик: Демак, мактаб ўқувчилари ҳам намоз ўқиши мумкин¸ жума намозларига бориши мумкин.

- Дарс вақтида эмас. Дарс вақтида қочиш керак эмаслиги тўғрисида мактаб ўқитувчиларининг ўзлари тушунтириш ишлари олиб бораяпти, дейди Андижон вилоят диний ишлар бошқармаси ходими.

Расмий Тошкент ҳеч қачон мамлакатда диний чекловлар мавжудлигини тан олмаган¸ дейди андижонлик расмий айтганларга муносабат билдирган “Форум 18” вакили Феликс Корли.

- Болаларга нисбатан кучли босимнинг мавжудлиги эса ҳукумат ёш авлоднинг диндор бўлишини хоҳламаслигидан. Шунинг учун ҳам намозхон болалар доимий назорат остида ушлаб турилмоқда, дейди Корли.

АҚШ Диний эркинликлар қўмитасининг ўтган йилги ҳисоботида Ўзбекистон эътиқод эркинлиги борасида дунё бўйича алоҳида ташвиш уйғотувчи саккиз давлат қаторида тилга олинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG