Линклар

Доллар яна қимматлади

  • Абдулла Искандар

Кейинги кунларда АҚШ долларининг қурби жаҳоннинг аксар валюталарига нисбатан кўтарилишда давом этмоқда.

Кейинги кунларда АҚШ долларининг қурби жаҳоннинг аксар валюталарига нисбатан кўтарилишда давом этмоқда.

Тошкентдаги валюта бозорида яқинларгача Ўзбекистонда нисбатан барқарор турган АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қиймати ошганлиги ва алмаштирув пунктларида доллар тақчиллашгани қайд этилди.

Баъзи маълумотларга кўра¸ бир АҚШ долларининг нархи кейинги бир-икки кун ичида 1400 сўмдан 1558 сўмгача кўтарилган.

Тошкент бозорларидаги аҳвол ҳақида исмли тадбиркор йигитни суҳбатга тортдик.

- Курс ҳозир 1500 сўм. Қўлда¸ қора бозорда шунақа. Давлат курси эса 1380 сўм.

Озодлик: Бир-икки кун олдин арзонроқмиди?

Равшанбек: Кўп ошгани йўқ. Бир-икки кун олдин 1450 сўм эди. 50 сўмга ошди.

Озодлик: Бемалол кўчада алмаштирса бўладими?

Равшанбек: Фақат қўлда-да. Давлатда алмаштира олмайсиз.

Озодлик: Давлатда доллар йўқми?

Равшанбек: Доллар бор¸ лекин беришмайди. У ëқни долларчилар эгаллаб олишган. Олишнинг иложи йўқ. Фақат қўлдан оласиз. Қўлдан хоҳлаган бозорингиздан олишингиз мумкин.

Долларчилар валюта алмаштириш пунктининг ëнида туришади. Давлатнинг валюта алмаштириш пунктидан оламан десангиз “Доллар йўқ” ëки “Навбатда туринг” деб айтади. Навбат қаерда десангиз¸ навбат қаердалигини сизга ҳеч ким айтмайди.

Озодлик: 50 сўмга ошган бўлса ҳам нима сабабдан ошди у?

Равшанбек: Мен нимага ошганини тушунмайман. Ким билади энди. Энди жаҳон инқирози бўлаëтгани учун Россиядан доллар келмаëтган экан.

Ҳеч ким у ëқдан доллар олиб келмаяпти. Шунинг учун бу ëқда ошиб кетаяпти¸ дейишаяпти. Мен шунақа деб эшитдим.

Ҳозир ҳамма ëқдан ҳайдашаяптию. Россиядан қанча ўзбеклар қайтиб келди. У ëқдан ҳайдашаëтган экан.

Равшанбекнинг айтишига кўра¸ чет элда ишлаëтган мардикорлардан келаëтган пул оқими камайгани учун ҳам доллар ошган.

Европадаги қурилишлардан бирида ишлаган Матназар исмли хазорасплик мардикор бир ҳафта олдин уйига доллар жўнатгани¸ аммо Ўзбекистондаги банк бу омонат пулни эгасига етказмаëтганидан нолийди.

- Доллар кўтарилиб кетибди. Яқинда банк орқали пул жўнатган эдим. Уйдагилар бу пулни бир ҳафтадан бери олишолмаëтган экан. Банк “Пул йўқ” деб бермаëтган экан.

Келинойим билан гаплашсам “Банкда танишим бор. Бориб оламан” деб айтди. Шу озгина пул жўнатган эдик уйга. Қолган пулимни ҳали олиб билганим йўқ. Олсам жўнатарман уйга¸ дейди Матназар.

Айни пайтда Матназар икки ойдан бери ишсиз ëтибди.

- Европадаги қурилишлар тақа-тақ тўхтаган. Мен ўзи сувоқчиман. Ташқарида қаттиқ совуқ бўлгани учун ҳам сувоқ¸ пардоз ишлари тўхтаган. Олган пулларимни уйга жўнатиб бўлдим. Доллар нафақат Ўзбекистонда балки Европада ҳам ошди. Олдингидай катта катта пул юбора олмаяпмиз¸ деб нолийди Матназар.

Матназарга ўхшаган миллионлаб меҳнат муҳожирлари дуч келаëтган мавсумий муаммолар¸ Ўзбекистонда АҚШ долларининг кўтарилганига сабаблардан бири сифатида кўрилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG