Линклар

Мен ватанда эмасман¸ ватан менинг ичимда...

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистондаги болалар¸ тараққий қилган дунëда яшаб¸ хориж тилларида таълим олаëтган миллатдошларига ҳавас қилса¸ хорижда улғаяëтган ўзбек болалари ўз тилида гапириб-ўқиб¸ буви-бобою¸ амма-холаси ëнида катта бўлаëтган тенгқурларига ҳавас қилади.

Ўзбекистондаги болалар¸ тараққий қилган дунëда яшаб¸ хориж тилларида таълим олаëтган миллатдошларига ҳавас қилса¸ хорижда улғаяëтган ўзбек болалари ўз тилида гапириб-ўқиб¸ буви-бобою¸ амма-холаси ëнида катта бўлаëтган тенгқурларига ҳавас қилади.

Европада яшаётган ўзбекларнинг болаларига маҳаллий мактабларда ўзбек тили ўқитилаётгани эътиборга олинса, уларнинг ўз тилини унутиб юбормаслигига умид уйғонади.

"Ўзбек дунёси"нинг бугунги сони бир йўналишли ва ўша йўналишда кутилмаган икки бурилишли.

Бурилишлар кутилмаган бўлса ҳам уларнинг йўлимизда учраши мутлақ табиий кўринадики, миллат кичик бир парчасининг бугунги дунёсини уларсиз – ўша бурилишларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Кутилмаган бурилишлар эшиттиришимиз давомида, табиийки, кутилмаганда юз беради. Фақат сабр қилинг.

Аввало, бугунги эшиттиришимиз учун режалаштирганимиз суҳбатлардан биринчиси:

- Yag elska muderlanded.

Озодлик: Бу нима дегани?

- “Мен ўз ватанимни яхши кўраман” дегани.

Биринчи суҳбат тугади. Суҳбатдошим Зебуннисо ҳозир 10 ёшда. У Швецияда яшайди. Ўша ердаги мактабнинг 4-синфида ўқийди.

Швед тилида “Мен ўз ватанимни севаман” дер экан, Зебуннисо Швецияни эмас, Ўзбекистонни назарда тутаяпти. Чунки у ўзбекистонлик. Дадаси Муҳиддин Қурбонов ўзбекистонлик сиёсий қочқинлардан бири.

Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган сиёсий қочқин ота-онаси билан чиқиб кетган юзлаб ўзбек ўғил-қиз бор шу кунда хорижда. Зебуннисо ўшалардан бири.

Хўш, ўша болаларнинг дунёсида қандай ўзгаришлар юз бераяпти? Бу ўзгаришлар фойдагами ё зараргами? Ўз тилини унутиб қўймаяптиларми? Келажакларини она ватан билан боғлаяптиларми? Маргиналлашиб кетмаяптими улар?

Шу саволлар жавобини изламоқчимиз бугун.

“Катта бўлсам, албатта Ўзбекистонга қайтаман”


Муҳиддин аканинг рухсати билан у кишининг яна бир фарзанди, 13 га кирган ўғли билан суҳбатлашдик.

- Исмим Абдуллa. Муҳиддин Қурбоновнинг ўғлиман.

Озодлик: Швецияга бориб қолганингизга қанча бўлди?

- Яқинда уч йил бўлади.

Озодлик: Демак, 10 ëшингизда боргансиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ҳозир бирон жойда ўқийсизми?

- Ҳа¸ ҳозир мактабда ўқияпман.

Озодлик: Шу мактабингиз ҳақида айтиб беринг. Ўзбекистонликларга 13 яшар Абдуллa деган боланинг Швециядаги қанақа мактабда ўқиши қизиқ-да. Қанча бола ўқийди сиз ўқиëтган мактабда?

- 400 га яқин.

Озодлик: Ўқиш қайси тилда бўлади?

- Швед ва инглиз тилида.

Озодлик: Швед ва инглиз тилида дарс олишга қийналмаяпсизми?

- Швед тили қийинмас, инглиз тили озгина қийин.

Озодлик: Швед тилини қачон ва қаерда ўргандингиз?

- Швецияга келганимдан кейин мактабда ўргандим.

Озодлик: Сизнинг синфингизда нечта бола ўқийди?

- Бизнинг синфимизда 20 та бола ўқийди. Еттинчи синфмиз.

Озодлик: Бу кўпми ë озми? Одатда, болалар нечта бўлади?

- 20-25 та бўлади.

Озодлик: Сизнинг синфингизда сиздан бошқа швед бўлмаганлар борми?

- Ҳа, иккита бор.

Озодлик: Кимлар улар?

- Афғонистонлик битта қиз ва германиялик битта бола.

Озодлик: Қолганлар ҳаммаси шведлар.

- Ҳа.

Озодлик: Сизларни “швед эмассан¸ келгиндисан”, деб камситмайдими?

- Йўқ.

Озодлик: Синфдошлар билан муомала қандай?

- Яхши.

Озодлик: Ўқитувчиларнинг муносабати-чи?

- Яхши.

Озодлик: Ўзбекистондаги мактабда ўқиш билан Швециядаги мактабда ўқишнинг нима фарқи бор?

- Фарқи - бу ерда компьютер ва интернет билан ишлаш мумкин. Кейин мактабларда тушлик қилиш учун овқатхонаси бор.

Озодлик: Ҳар куни тушда Ўзбекистонда ҳам ҳамма овқатланади. Сизнинг гапингизни қандай тушуниш керак? Ë тушлик текинми?

- Ҳа. Ўзимиз бориб, овқатланиб келаверамиз.

Озодлик: Текин овқат нималардан иборат?

- Ҳар хил нарса. Шведларнинг овқатлари.

Озодлик: Бу мактабда яна неча йил ўқийсиз?

- Яна икки йил ўқийман.

Озодлик: Ҳозир еттинчи синф бўлсангиз, тўққизни битирар экансиз-да.

- Ҳа, тўққизни битираман.

Озодлик: Ундан кейин-чи?

- Ундан кейин коллежга ўтамиз.

Озодлик: Мактабда ўқитувчилар ҳар кун уй вазифасини сўрайдими?

- Уй вазифасини ҳар кун сўрамайди. Айтган кунига сўрайди. Масалан, уйга вазифани 3-4 кунга беради.

Озодлик: Берган жавобингизга қараб, Ўзбекистондагига ўхшаб бирдан бешгача бўлган баҳо қўйиладими?

- Йўқ¸ бу ерда фақат хатоми¸ йўқми шуни айтади. Баҳо қўйилмайди. Лекин ўзлари яхши ўқиди¸ ëмон ўқиди, деб ëзиб бораверади.

Озодлик: Баҳони қачон қўяди? Ëки умуман баҳо деган нарсанинг ўзи йўқми?

- Баҳо умуман йўқ.

Озодлик: Сизнинг билимингизнинг даражасини қандай аниқлашади?

- Уни саккиз-тўққизда аниқлайди.

Озодлик: Ҳар йил тугаëтганда сизнинг ота-онангизга “Ўғлингиз яхши ўқиди ëки ëмон ўқиди” деб хабар беришмайдими?

- Хабар беришади. Ҳар бир болага алоҳида дело тутилади. Масалан, мен расм дарсига борсам, расм дарси муаллими ўз фикрини айтади. Қоғозга ëзиб беради ва шу ота-онага жўнатилади.

Озодлик: Ўзбекистонни соғинасизми?

- Ҳа¸ соғинаман.

Озодлик: Нимасини соғинасиз?

- Ўртоқларимни, оғайниларимни, холамларни.

Озодлик: Ҳозир сизга дадангиз: “Ўғлим¸ кетишинг мумкин. Мана самолëтга билет. Хоҳласанг бор - Ўзбекистонга кетавер” деса¸ кетасизми?

- Мен аввал бу ерда ўқимоқчиман. Ўқиганимдан кейин, Худо хоҳласа, катта бўлсам бораман.

Озодлик: Катта бўлганингизда Ўзбекистонга албатта қайтасиз-а?

- Худо хоҳласа, албатта қайтаман.

Уч йилдан бери Швецияда яшаётган 13 яшар ўзбекистонлик Абдулла билан суҳбатлашдик. Бояроқ унинг 10 га кирган синглиси билан гаплашгандик. Бинойидек ўзбекча гаплашишаяпти. Бир қарашда “хорижда яшаётган ўзбек ўғил-қизлар маргиналлашиб кетмайдими?” деган хавфсирашга ўрин йўқдек.

Лекин, Абдулланинг ҳам, Зебуннисонинг ҳам ҳали бола эканлигини, улар дунёга ҳозирча ота-онасининг кўзи билан қараётганини, эрта ўтиб индинга балоғатга етгач, дунёни ўз кўзлари билан кўра бошлашларини назарда тутсак-чи?

“Чет элдаги ўзбек болалари ўз тилини унутиб қўйишлари мумкин”


Шунинг учун болаларнинг отаси – Муҳиддин Қурбоновнинг ўзини ҳам суҳбатга тортдик.

Озодлик: Муҳиддин ака, оилали қочқинлар Швецияда кўпми? Ëки болалар кўпми? Мана, сизда иккита экан.

Муҳиддин Қурбонов: Кўп. 5000 атрофида оила бўлса керак. Ëлғиз юрганлар¸ ишлагани келганлар жуда кўп. Бу ерда ўзбекларни 3000 та дейишган эди. Ҳозир биз билган ўзбекларнинг бир қанчаси келаяпти.

Ўзининг ҳисобидан йўл кира қилиб келиб, топшираëтганлар бор ва БМТ орқали келаëтганлар ҳам кўп бўлаяпти. Яқинда бир ўнтами оила келди. Бу биз билганимиз. Биз билмаганимиз қанча.

Озодлик: Болаларнинг дунë кўргани яхши. Лекин ватандан узоқда, бошқа маданият ичида маргиналлашиб кетиш, миллий қадриятларни, аждодлар қадриятларини унутиб қўйиш хавфи бор. Шу хавф ота сифатида сизнинг кўнглингизга бир ҳадик солмайдими?

Муҳиддин Қурбонов: Нафақат маданият¸ тилини унутиб қўйиш хавфи бор. Мана шу қизим айрим ўзбекча сўзларни: “Дада бу нима дегани?” деб сўрайди. Бу туришда тилни ҳам унутиб қўяди экан дейман.

Бир одамнинг оиласи билан келганига тўққиз йил бўлган экан. У: “Шу миллатнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи бор. Миллат ўзини сақлаб қолиш учун нималарга эътибор бериши керак? Бошида эътибор берамиз деймиз, лекин секин-секин кўз ўрганади. Шу жамиятнинг ичида шу жамиятга мослашиб кетганимизни билмай қоламиз”, деб айтди.

Бу ҳақиқатда рост нарса. Миллатни сақлаб қолиш учун қандайдир уюшмаси бўлиши керак. Биз дастлаб келганимизда “Швецияда ўзбеклар маданият маркази” деган уюшмани тузган эдик. Лекин у деярли ҳеч қандай фаолият юритмаяпти.

Ваҳоланки, бу ташкилотнинг фаолиятини бошлаш, ривожлантириш мумкин. Швецияда ўзбекистонлик қатор спортчи йигитларимиз ҳам бор, уларни ҳам жалб этиб, спорт ва маданият марказига ҳам айлантириш мумкин.

Бунинг учун эса...

Муҳиддин Қурбонов: Жуда имкониятлар катта. Фақат бундан унумли фойдаланишимиз керак.

Масалан, мен ўзбеклар билан жуда кўп жойларда учрашаман. “Ўзбеклар бу ерга қорнини тўқлаш учун келмаган. Болаларинг ўқисин¸ тилни ўргансин. Араб тилини¸ инглиз тилини ўргансин. Ҳар бир бола халқаро даражада иш юрита олиш қобилиятига эга бўлиши керак. Илмли бўлса¸ Ўзбекистонга борганда, Ўзбекистон келажаги учун хизмат қилади”, деб айтаман. Қаерга борсам ҳам ҳаммасига шу гапни айтаман.

Мана шу гапидан кейин Муҳиддин Қурбонов билан суҳбатимизда биринчи кутилмаган бурилиш юз берди.

Мана эшитинг.

“Швед мактабларидан ўзбекча дарслар ўтилади”


Муҳиддин Қурбонов: Бу ерда мактабда ҳар бир миллат вакилининг ўзининг тилида дарс бериш йўлга қўйилган. Мактабда агар ўзбек бўлса¸ бир одам ўзбек тилида дарс беради. Ўқитувчи бўлмаса ҳам давлат ўшанга ҳақ тўлайди. Унга дарс ажратиб бериш учун камида беш боладан иборат бўлиши керак.

Ана холос! Бу ёғи неча пулдан тушди?!

Бу иш – иммигрантлар болаларининг ўз она тилини ўрганиши учун ўқитувчи ёллаб бериш Швеция ҳукуматига неча пулга тушишини билмаймиз.

Муҳиддин Қурбоновнинг айтганларидан билганимиз шуки, Швеция ҳукумати иммигрантларнинг нафақат миллий маданият марказлар очиб олишларига имкон яратган, балки уларнинг маргиналлашиб кетиши олдини ҳам олаяпти.

Суҳбатдошимизнинг ёрдами билан Швециядаги мактаблардан бирида ўзбек тилидан дарс бераётган муаллимани ҳам топдик. Исмини айтмаслигимиз шарти билан опа саволларимизга жавоб берди.

- Мен ҳозир ўтаëтган ўзбек тили дарсларим 50 фоиздан иборат.

Озодлик: 50 фоиз нима дегани?

- Бу дегани тўлиқ бўладиган бўлса, ҳафтасига 30 соат бўлиши керак. Ҳозир менда ҳафтасига 13 соат дарс бор. Бу 60 минутлик дарсдан.

Озодлик: Демак, 60 минутдан 13 соат дарс ўтасиз. Нечта ўқувчингиз бор?

- Олтитагина ўқувчим бор.

Озодлик: Сиз ўтадиган дарсларнинг асосий вазифаси нимадан иборат?

- Асосий вазифаси - ўзбек тилини болаларнинг эсидан чиқариб юбормаслик.

Шу ўринда эшитганингизни ҳазм қилиб олишингиз учун бироз тин олмасак бўлмас.

Демак, Швециядаги мактаблардан бирида ўзбек болаларга ўзбек тилидан дарс бераётган ўқитувчи билан суҳбатлашаяпмиз.

- Нафақат ўзбек тилини¸ ўзининг динини¸ ўзининг урф-одатларини эсдан чиқариб юбормаслиги шарт.

Бизни ўзбек тилидан дарс ўтишга чақирган пайтда улар бизларга: “Четдан келган болалар ўз тилини унутиб юбораяпти. Шунинг учун сизлар бизларга ëрдам беришинглар керак, деган фикрга келдик”, дейишди.

Шундан кейин бошладик. Мен ўтаëтган дарсда ëзув¸ шу билан бирга Ўзбекистон тарихи¸ адабиëти¸ ҳозирги кундаги адабиëт ва шеърият¸ ҳозирги кундаги Ўзбекистон аҳволи ва шунга боғлиқ бўлган нарсалар.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги урф-одатлар. Масалан, салом-аликда¸ овқатланишда¸ одобда. Мана шу нарсаларни шакллантириб бораяпмиз.

Озодлик: Бу ўзи азалдан бор лойиҳа эканми ë кейин пайдо бўлибдими?

- Олдин ҳам бўлган. Лекин бу даражада эътибор беришмаган экан. Шу йилдан буни жуда ҳам қаттиқ талаб қилишаяпти. Она тилидан ўқитувчиларга алоҳида дастурлар тузилган. Жуда ҳам яхши лекин.

Бошида баъзи бир болаларда: “Ўзбекистон унча яхши эмас. Ўзбек тилини ўрганиб нима қиламиз?” деган тушунча ҳам бўлган.

Мана, биз ҳозир болалар билан Алишер Навоий, Бобур ҳақида ўтдик. Болаларда шунақа қизиқиш кучли бўлаяптики¸ “Нега биз ўзимизни шунча паст санадик? Йўқ¸ биз зўр жойдан келган одамлар эканмиз”, деб болаларда шунақа яхши ўзгаришлар бўлаяпти.

Динга нисбатан муносабат ҳам шунақа. Болалар орасида: “Баъзи мусулмон давлатларида уруш бўлаяпти-ку. Демак, динимиз яхши эмас шекилли”, деган шубҳалар бўлган. Лекин ҳозир болаларда тушунча яхши.

Ҳатто шунақа ҳолат бўлдики¸ бизларнинг шу квомюнимизда Ислом дини хусусида кичкина тадбир ўтказиб берсангиз, деган илтимос бўлди.

Озодлик: Квомюни нима энди у?

- Бу битта кичкина районча. Бизлар яшаëтган жой.

Озодлик: Демак, районнинг ҳокими айтибди-да.

- Шунақа деса ҳам бўлади. Кейин мен районнинг уч-тўрт жойида Ислом дини хусусида швед тилида йиғилиш ўтказиб бердим. Қизиқишлар жуда зўр бўлди. Қизиқувчи болалар жуда кўп саволлар беришди.

Мен: “Бизда динимиз ëмон эмас¸ фақат кўриниш шунақа бўлаяпти. Худди одамлар ҳар хил бўлганидай диннинг ичидагилар ҳам шуларга ўхшаган одамлар. Диннинг ўзи жуда гўзал. Унга фақат ҳар ким ҳар хил амал қилаяпти, холос”, деб тушунтиришга ҳаракат қилдим.

Ҳозир энди болаларда нисбатан ҳам муомала чиройли. Ундан ташқари мусулмонларга нисбатан шведлар ва бошқалар тарафидан: “Э, булар бунақа жойдан келган”, деган паст назар билан қараш мавжуд бўлган экан. Ҳозир ўртадаги муомала гўзаллашди.

Озодлик: Боя дастур тузиб берган, дедингиз. Давлат дарсларда нимани гапириш¸ қандай гапиришнинг дастурини тузиб берганми?

- Энди, бу ерда асосан эркин. “Нима ўтаяпсан¸ нима қилаяпсан”, деб сизни кўп ҳам текширмайди. Лекин “Қайси томондан ëндошсанг, яхшироқ бўлади”, деган маънода маслаҳатлар берган.

Бу ерда: “Шуни ўтишинг шарт”, деб битта нарсани бериб қўймас экан. Бизда, масалан, “Уни ўтдим¸ буни ўтдим”, деб конспект қилиб топширар эдик-ку. Бу ерда унақа нарсанинг ўзи йўқ.

Биров сизнинг устингиздан туриб текширмайди. Фақат маслаҳат ва қўлланма беришади. “Мана шундай ëндашсанг, яхши бўлиши мумкин, яна ўзинг биласан”, дейишади.

Озодлик: Дарсга конспект ëзмайсиз¸ директор ўринбосарига кўрсатмайсиз.

- Йўқ.

Озодлик: Сизнинг мутахассислигингиз ўқитувчиликмиди?

Худди шу саволдан кейин эшиттиришимизни бошлаётиб, Сизни огоҳлантирганимиз иккинчи кутилмаган бурилиш юз берди.

“Ҳижобни баҳона қилиб, университетдан ҳайдашган”


Демак, Швециядаги мактаблардан бирида ўзбек болаларга ўзбек тилидан дарс бераётган ўқитувчи билан суҳбатлашаяпмиз.

- Ҳа, ўқитувчилик эди. Университетда ўқидим¸ фақат тугалламадим. Ҳижоб масаласида озгина жанжал бўлиб¸ тўртинчи курсдан кетиб қолган эдим.

Озодлик: Нима учун? Қандай кетиб қолгансиз?

- Тўртинчи курсни бошлаганимдан кейин бир куни шундай ҳижобда келаëтиб¸ ректорга рўпара бўлиб қолдим. Ўзи ҳижобга муносабат жуда ëмон эди. Буни сизлар ҳам билсангизлар керак.

Бизнинг жуда кўп курсдошларимиз ҳайдалган. Жуда кўпчилиги рўмолини ечишга мажбур бўлган. Хуллас, ректор: “Рўмолингизни ечсангиз ўтасиз¸ бўлмаса ўтмайсиз”, деди.

Озодлик: Бу қайси институтда?

- ЎзМУ да (собиқ ТошДУ). Кейин: “Узр, домла. Бу ишни қилолмайман”, дедим.

Ўша ерда ортиқча даражада очиқ қизлар туришган эди. Ўша қизлардан биттасини қучоқларига олиб туриб: “Қани, мана шундан нима ортиқ жойинг бор? Олдин менга шуни айтгин? Сен шунга жавоб берсанг¸ кейин мен ўйлаб кўраман”, деди.

Ҳақиқатан, у жуда чиройли¸ жуда гўзал қиз эди. Қараб туриб: “Очиғини айтсам¸ аччиғингиз келмайдими?” десам, “Йўқ”, деди.

Бўлмаса эшитинг деб, “Исломда шунақаки, агар аëл ҳур бўладиган бўлса, у ҳамма жойини бекитиши шарт. Шариат қандай белгилаган бўлса, шундай. Фақат юзи билан қўлигина очиқ бўлади, холос. Агар у қул бўлса¸ чўри бўлса, худди мана шу қиздай юриши мумкин”, дедим.

Шундан кейин ректор жуда қаттиқ аччиқланди. Шунинг орқасидан кетиб қолдим.

Озодлик: Бу нечанчи йилги гап?

- Бу 5-6 йил олдинги гап. Лекин барибир ўқиганим фойда қилди. Мен ўзи олдин тил адабиëт соҳаси бўйича уч йил лицейда ўқиган эдим. Кейин уйда болаларни озгина мактабга тайëрлаб. Барибир фойдаси бўлди, алҳамдилуллоҳ.

Мана ҳозир бу ерда ишлаяпман. Мен: “Шунақа - тўрт йил ўқиганман, кейин ташлаб кетганман” дедим. Кейин шу билан ишга олишди. Бу ерда ҳатто мендан ҳужжат талаб қилишмади. Ишонишди шундоқ.

Ишонишди.

Бўлди. Гапимиз тугади. Мен биронта ҳам ортиқча сўз қўшмоқчи эмасман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG