Линклар

Тезкор гуруҳ: “Қуруқ гап кўп бўлади”

  • Сарвар Усмон

"Тезкор гуруҳ" вакилларининг тахмин қилишларича, "2009 йили меҳнат мигрантларининг ватанга қайтиши республикадаги вазият барқарорлигига путур етказувчи омиллардан бири бўлади".

"Тезкор гуруҳ" вакилларининг тахмин қилишларича, "2009 йили меҳнат мигрантларининг ватанга қайтиши республикадаги вазият барқарорлигига путур етказувчи омиллардан бири бўлади".

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган "Қийноқларнинг олдини олиш тезкор гуруҳи" 2009 йилда мамлакат ижтимоий-иқтисодий-сиёсий ҳаётида кутилиши мумкин бўлган ўзгаришлардан баҳс этмиш ҳужжат эълон қилди.

"Қийноқларнинг олдини олиш тезкор гуруҳи" коалицияси 16 январь куни эълон қилган ҳужжат "Ўзбекистон фуқаролик жамиятида 2009 йили юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар прогнози" деб аталади.

Деярли 3 қоғозга жо бўлган мазкур ҳужжатда қилинган башоратлардан оддий ўзбекистонликнинг кундалик турмушига яқин бўлган жиҳатлари юзасидан баъзи саволларимизни коалиция мувофиқлаштирувчиси, фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевга бердик.

Озодлик: Сизлар: “2009 йили меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга қайтиши мамлакатдаги вазият барқарорлигига раҳна солувчи омиллардан бири бўлади”, деб ёзгансизлар. Шу масалага изоҳ бериб ўтсангиз.

Абдусалом Эргашев: Биринчидан, дунёдаги иқтисодий инқироз Россия Федерациясига, Қозоғистон Республикасига ҳам таъсир қилмай қолмади. Шунинг учун бу мамлакатларда қурилиш ҳажми жуда қисқариб кетди.

Бунинг устига, Россияда Путин даврида ҳам, Медведев даврида ҳам, хориждан келган, айниқса, Марказий Осиёдан бораётган меҳнат мигрантларига миллатчилик руҳидаги муносабат давлат сиёсатига айланганидан кейин ўзбекистонлик муҳожирлар учун хавф кучайди.

Шу кунда ҳам Россия ва Қозоғистондан самолётларда 200 рақамли юклар (муҳожирлар жасадлари солинган қутилар – таҳр.) кўплаб келаяпти. Шу ҳолатлар меҳнат мигрантларининг Россия ва Қозоғистондан қайтишга мажбур қилаяпти.

Ўтган йилларга қараганда бу йил жуда кўп меҳнат муҳожирлари уйларига қайтиб келдилар...

Озодлик: Сизлар: “Бу вазиятни янада ёмошлашишига сабаб бўлган омиллардан бири давлат кўраётган чораларнинг чалалиги”, деб ёзаяпсизлар. Демак, давлат қандайдир чоралар кўраяпти. Ўша чоралар (чала бўлса ҳам) нималардан иборат?

Абдусалом Эргашев: Масалан, меҳнат мигрантлари тўғрисидаги мукаммал қонуннинг йўқлиги, ундан ташқари, ўзбекистон фуқароларнинг ўзга мамлакатлардаги хавфсизлиги, уларнинг мақоми бўйича чоралар йўқлиги, бор бўлса ҳам, чалалиги – биз ана шуларни эътиборда тутганмиз.

Озодлик: Яна бир бандда: “2009 йилда Ўзбекистон ҳукумати халқаро террорчилик ва диний экстремизм масалаларига озроқ эътибор беради”, деб ёзгансизлар. Оддий одамлар буни “демак, бу йил ваҳҳобий ва ҳизбчи деган айбловлар билан қама-қамалар камаяр экан” қабилида тушиниши мумкин. Шундоқми?

Абдусалом Эргашев: Шунга яқин. Чунки Америка Қўшма Штатлари маъмурияти алмашди. Бугун-эрта қасамёдга келтириладиган Обама маъмурияти террорчиликка қарши кураш ниқоби остида АҚШ олиб бораётган тадбирларни қайта кўриб чиқишга ваъда бераяпти.

Куни кеча Буюк Британия ташқи ишлар вазири ҳам мамлакатда террорчиликка қарши кураш нотўғри талқин қилиниб, террорчиликка қарши уруш фойда ўрнига жаҳонга жуда катта зарар етказганини айтиб ўтди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бошқа давлатлар ҳам АҚШ ва Европадаги йирик давлатлар сиёсатига қараб ўз сиёсатларини мувофиқлаштиришга мажбур бўладилар...


Абдусалом Эргашев билан суҳбатимиз мавзуи бўлмиш ҳужжат - "Ўзбекистон фуқаролик жамиятида 2009 йили юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар прогнози"да республика ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа соҳалари юзасидан ҳам фикрлар билдирилган.

Прогноз муаллифларининг хулоса қилишларича, 2009 йили Ўзбекистонда юз берадиган ўзгаришлар сўнгги йилларда бўлганидек, декларатив характерга эга бўлади, яъни ишдан кўра қуруқ гап кўп бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда фаолият юритаётган "Қийноқларнинг олдини олиш тезкор гуруҳи" ўз сафига "Ўзбекистонлик ёшларнинг "Веритас" инсон инсон ҳуқуқлари ташкилоти", "Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти" Фарғона вилоят бўлими, Бухородаги Ҳуқуқий маслаҳат маркази каби жами 8 та нодавлат ташкилотини бирлаштирган коалициядир.
XS
SM
MD
LG