Линклар

Россия ва Украина муросага келмоқчи

  • Сарвар Усмон

Россия ва Украина бош вазирлари Европага газ етказиб бериш бўйича шартнома талабларини бажаришда ҳар икки мамлакат обрўсини сақлаб қолиш учун ўзаро айбловлардан келишув йўлига кўчишга қарор қилган кўринадилар.

Россия ва Украина бош вазирлари Европага газ етказиб бериш бўйича шартнома талабларини бажаришда ҳар икки мамлакат обрўсини сақлаб қолиш учун ўзаро айбловлардан келишув йўлига кўчишга қарор қилган кўринадилар.

Россия ва Украина Европага табиий газ етказиб беришни қайта тиклаш йўлидаги ҳаракатларини давом эттирмоқда. 17 январ куни кечга яқин Украина бош вазири Москвага жўнаб кетди.

Хабарларга қараганда, Украина бош вазири Юлия Тимошенко россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан сўзлашувлар ўтказади.

Киевлик ҳамкасби билан учрашуви арафасида Владимир Путин газ таъминоти билан боғлиқ можарога барҳам берилишига умид билдирди.

17 январ куни тушдан олдин Германиянинг Дрезден шаҳрида қилган чиқиши чоғида Россия бош вазири: “бугун кечқурун масала ҳал бўлади", деган фикрни билдирди.

Ўз навбатида, Юлия Тимошенко ҳам Украина билан Россия ўртасидаги дўстона алоқаларни ҳамда икки давлат обрўсини сақлаб қолиш учун "муроса қилишга зарурат борлиги" тўғрисида гапирди.

Европа Комиссияси эса Россия билан Украинани газ таъминоти масаласида ўзларининг ишончли ҳамкор эканликларини исботлашга даъват қилди.

- Европа Комиссияси яқин кунлар ичида ўтадиган учрашувларни Россия ва Украинанинг можарога барҳам бериш йўлидаги ҳаракатлари жиддий эканлигини намойиш қилишлари учун сўнгги ва энг яхши имкон, деб ҳисоблайди.

Газ таъминоти тикланиши керак. Биз жорий даврни синов даври – уларнинг ишончли ҳамкор эканликлари синаладиган давр, деб ҳисоблаймиз, - деди Еврокомиссия вакили Johannes Laitenberger 16 январь куни Брюсселда ўтказилган брифингда.

Боз устига, Европа Иттифоқи, агар газ таъминоти тезликда тикланмаса, Москва ва Киев билан муносабатларини қайта кўриб чиқиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириб ҳам қўйди.

Маълумки, Москва билан Киев ўртасидаги газ можароси, таъбир жоиз бўлса, икки қаватлидир: биринчиси – газни Европага транзит қилиш, иккинчиси – бу икки давлат ўртасида газ олди-сотдиси юзасидан ўзаро шартнома.

Украина президенти девони вакили жума куни иккала масала биргаликда муҳокама қилиниши керак, деган фикрни билдирди.

Бироқ бош вазир Тимошенко бундай фикрга қўшилмайди. Унинг фикрича, иккала масала ўртасида боғлиқлик йўқ.

Россия Украинага газ узатишни “2009 йил учун шартнома имзоланмади”, деган баҳона билан 1 январь куни тўхтатиб қўйган эди.

7 январь куни эса “Украина газни ўғирлаяпти”, деган баҳона билан Европага газ ташилувчи Украина ҳудудига ётқизилган қувурни мутлақ беркитиб қўйди.

Газ таъминоти тўхтаб қолганидан Европа давлатларидан 15 дан зиёди зарар кўрмоқда, аҳолиси азият чекмоқда.

Газ можаросини ҳал қилишга бағишланган Тимошенко – Путин учрашувидан ташқари Россия президенти Дмитрий Медведевнинг ташаббуси билан 17 январга махсус газ саммити ҳам чақирилган.

Бироқ сўнгги хабарларга қараганда, Медведев уюштирган учрашув саммит, яъни давлат раҳбарлари даражасига кўтарила олмайди.

Унда Европа Иттифоқининг энергия таъминоти бўйича комиссари Andries Pielbags ҳамда Иттифоққа раислик қилаётган мамлакат – Чехия республикасининг саноат ва савдо вазири Martin Rimanларнинг иштирок этажаги хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG