Линклар

Вашингтон инаугурацияга тайёрланмоқда


Барак Обама сешанба куни АҚШнинг 44-президенти сифатида қасамёдга келтирилишидан аввал у минган поезд Вашингтонга етиб келди.

Обама Америка Қўшма Штатларининг асосчилари 1776 йилда Британиядан мустақиллигини эълон қилган Филаделфия шаҳридан шанба куни АҚШ пойтахтига жўнаб кетди.

Обама ўзининг қаҳрамони деб билган президент Абраам Линколн ҳам 1861 йилда қасамёд маросимига Филаделфиядан Вашингтонга поездда борган.

Обама Балтимор шаҳрида тўхтаб қилган чиқишида америкаликларни уларнинг олдида турган қийинчиликлар, жумладан, иқтисодий бўҳрон, Афғонистон ва Ироқдаги можаролар олдида тушкунликка тушмасликка чақирди.

- Олдимизда турган улкан қийинчиликлар тезда ҳал бўлмаслигини тан оламиз. Қиладиган ишларимизда муваффақиятсизлик ва омадсизликлар ҳам бўлади.

Умидлар пучга чиқиб, кўп нарсадан ҳафсаламиз пир бўлиши ҳам мумкин. Менинг ўзим ҳам хатоларга йўл қўйишим эҳтимолдан йироқмас.

Лекин катта ғайрат ва шижоат билан ҳаракат қиларканмиз, биз сабр-қаноатли эканимизни намойиш қилишимиз лозим бўлади, - деди янги президент.

Обаманинг инаугурация маросимида икки миллионгача одам қатнашиши кутилмоқда ва Вашингтонда хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳаракатлар бошланди.
XS
SM
MD
LG