Линклар

Россия ва Украина муросага келди

  • Барно Анвар

Европага узатиладиган газ бўйича келишувга эришган Россия ва Украина бош вазирлари музокараларида ҳал қилинмай қолган масалалар ҳам бир талай.

Европага узатиладиган газ бўйича келишувга эришган Россия ва Украина бош вазирлари музокараларида ҳал қилинмай қолган масалалар ҳам бир талай.

Москвада ўтган оқшом олиб борилган музокаралардан сўнг Россия ва Украина бош вазирлари ниҳоят газ масаласида келишиб олдилар.

Бир неча ҳафтадан буён чўзилиб келаётган ва Европадаги кўплаб давлатларни табиий газга илҳақ қилган можаро шу билан ўз ечимини топгандай бўлди.

- Албатта, музокаралар енгил кечмади. Аммо, биз барча ҳужжатларни имзолаш мумкин бўлган даражада келишувга эришдик.

Биз “Нафтогаз” ва “Газпром” раҳбарларига душанба кунга қадар тегишли ҳужжатларни бугунги келишувда қайд этилган шаклда ҳозирлашга кўрсатма бердик.

Ҳужжатлар имзоланиши билан Европа газ борадиган барча қувурлар қайта ишга туширилади, - деди Украина бош вазири Юлия Тимошенко.

Келишув сўнгги кунларда томонлар ўртасида кескин баҳсга айланган икки масалани ҳал қилди.

Маълумки, “Газпром” Украинага сотиладиган ҳар минг куб метр газ учун 450 АҚШ доллари сўраётган эди. Украина эса бу нархга рози бўлмаслигини айтган ва аксинча, Россиядан Украина ҳудуди бўйлаб ўтаётган газ транзити учун тўловни оширишни сўраётган эди.

Якшанба куни тонгда маълум қилинган келишувга кўра, Москва Украина учун сотиладиган газга Европа нархидан 20 фоиз чегирма беришга рози бўлган. Эвазига эса Украинадан газ транзити учун тўловни шу йилда ўзгартиришсиз қолдиришни талаб қилган.

Бироқ, Россия бош вазири Владимир Путиннинг огоҳлантиришича, кейинги йилдан бошлаб Украина газ учун, Россия эса транзит учун бозор нархида пул тўлайди.

- Айни пайтда биз 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб, газ ва транзит учун тўлов нархини ҳеч қандай чегирма ва имтиёзларсиз Европа бозори нархлари даражасига кўтаришга ҳам келишиб олдик, - деди Россия бош вазири.

Бироқ бу келишувда тилга олинмаган яна баъзи масалалар ечими ҳануз ноаниқ қолмоқда. Жумладан, Россия томони Украинадан даъво қилган 2008 йилги газ учун қарз масаласи устидаги баҳс якуни нима бўлди?

Ёхуд газ қувуридаги босим ва оқимни ушлаб туриш учун сарф бўладиган, яъни пул тўлайдиган ҳақдорга бормасдан, қувурнинг ўзида сарф бўладиган “техник газ” учун ҳақни ким тўлайди?

Маълумки, Россия ва Украина расмийлари орасида, содда айтган, "қувур ҳақи" дейиш мумкин бўлган газ устида ҳам тузуккина баҳс бўлди. Ҳатто Россия томони бу газ учун марҳамат қилиб “Европа компаниялар пул тўласа-чи”, деган таклифни ўртага ташлади.

Яна бир жиҳат шуки, Украинадаги ўзаро ички зиддиятда бўлган баъзи сиёсий гуруҳлар ва президент Виктор Юшченко ҳали бу келишувни маъқуллайдими?

Шу каби саволлар ҳануз очиқ қолаётган боис Европа Иттифоқи расмийлари, гарчи келишувга эришилганини олқишлаган бўлса-да, келишувнинг ижросига бироз хавотир билан қарамоқда,

- Сўнгги бир неча кун ичида бунга ўхшаш умидвор паллаларни бир неча бор бошдан кечирдик. Европа Иттифоқи учун аҳамиятли ягона жиҳат, газ таъминотининг қайта тикланишидир, - дейилади Европа Иттифоқига раислик қилаётган Чехия ҳукумати тарқатган якшанба кунги баёнотда.
XS
SM
MD
LG