Линклар

logo-print

Ғазода ўт очиш тўхтатилди

  • Фаррух Юсуфий

Ғазо бўлгасида декабр ойи охирларидан буён тўхтовсиз давом этиб келаётган ҳужумлар 1200 дан зиёд кишининг ёстиғини қуритди.

Ғазо бўлгасида декабр ойи охирларидан буён тўхтовсиз давом этиб келаётган ҳужумлар 1200 дан зиёд кишининг ёстиғини қуритди.

Уч ҳафталик аёвсиз жанглардан сўнг исроилликлар ва ҳамасчилар ўзаро ўт очишни тўхтатиш хусусида ўзларининг дастлабки қарорларини эълон қилдилар.

Уч ҳафта давом этган ҳарбий амалиётдан кейин Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт кўпчилик кутаётган баёнот билан телевидениеда чиқиш қилди.

- Исроил вазирлар маҳкамаси бугун президент Ҳусни Муборак вакиллигида Миср ҳукумати томонидан илгари сурилган илтимосни қондириш, яъни Исроил давлати томонидан ўт очишни тўхтатишга қарор қилди, - деди Олмерт.

Исроил армияси бош штабидан туриб гапирган Олмерт Ҳамасга қарши олиб борилган амалиётдан кўзланган мақсадга эришилганини таъкидлади.

- Ҳамас ҳаракатига қаттиқ зарба берилди ва унинг кўплаб аъзолари ўлдирилди, - деди Исроил раҳбари.

Унга кўра, Ҳамаснинг ракета ишлаб чиқариш цехлари йўқ қилинган ва Мисрдан Ғазога қурол-аслаҳа олиб келишда ишлатилган ер ости йўллари вайрон қилинган.

Бундан ташқари, Исроил расмийлари Ҳамаснинг қайта қуролланишига қарши халқаро ҳамжамиятнинг таянчига ҳам эришилганини айтмоқда.

- Ҳаво ва қуруқликда 21 кун давом этган операциядан кейин олдимизга қўйилган бирламчи мақсадларга эришдик, деб ҳисоблаймиз. Ҳамас ҳаракати қаттиқ зарба еди ва заифлашди. У шунингдек, сиёсий жиҳатдан яккаланиб қолди ва бундан кейин ўз мақсадларига эриша олмайди, - деди Исроил мудофаа вазири.

1200 га яқин фаластинликнинг ўлдирилганидан даҳшатга тушган ва оддий ғазоликлар бошига тушган кўргиликларнинг тўхтатишини исатётган халқаро ҳамжамият Исроилнинг бир томонлама сулҳ эълон қилганини олқишламоқда.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс ўт очишни тўхтатиш барқарор бўлиши ва Ғазо муаммосига узоқ муддатли ечим топлишига умид билдирди.

Ўт очишни тўхтатиш уринишларига бош-қош бўлган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун бундан кейин кўрилиши лозим чоралар ҳақида гапирди.

- Бир томонлама равишда эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш билан бирга Исроил қўшинларини олиб чиқиш муддати ҳам белгиланиши лозим. Айни пайтда Ҳамас томонидан ҳам тегишли жавоб бўлиши даркор. Жанглар иккала томондан тўхтатилиши шарт, - деди БМТ раҳбари.

Бироқ Исроил қарори эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, ўт очишни тўхтатиш барқарор бўлишига шубҳалар ҳам пайдо бўлди.

Ғазодаги жангарилари Исроил жанубига қарата бир нечта ракетани отди. Исроил ҳарбийлари бунга жавобан, ракета ҳужум уюштирилган истеҳкомни ўққа тутиб, уни йўқ қилди. Оқибатда ҳалок бўлган фаластинлик Исроил ўт очишни тўхтатишни эълон қилганидан кейинги биринчи қурбон бўлди.

Якшанба куни кечга келиб, Ҳамас ҳаракати ҳам ўз жангарилари Ғазода ўт очишни тўхтатишини эълон қилди.

Ҳамас ҳаракатининг етакчиларидан бири Айман Таҳа исломий ҳаракат томонидан эълон қилинган сулҳ бир ҳафта давом этиши, ва уни узайтириш масаласи Исроилнинг Ғазодан барча қўшинларини олиб чиқишига боғлиқ бўлишини баён қилди.

Ҳамас, шунингдек, Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдамининг етказилиши учун Исроилдан минтақага элтувчи барча чегара пунктларини очишни талаб қилди.

Лекин Исроил Ғазодан қўшинларнинг олиб чиқилиши учун Ҳамасдан ракета ҳужумларини тўхтатишни талаб қилмоқда.

Исроил армияси ўт очишни тўхтатган, лекин Ҳамас ўз ҳужумларини давом эттирса, уларга “кескин жавоб” қайтарилишидан огоҳлантирмоқда.

Олмерт ўт очишни тўхтатиш қарори қатъий эмаслигини ва вазият “ҳар дақиқада” кузатиб борилаётганини айтди.

Бугун Мисрда Ғазода сулҳ ўрнатилишига оид саммит иш бошлайди. Анжуманда қўллаб-қувватлашга арзигулик сулҳ борми ёки йўқми, деган масала кўриб чиқилади.
XS
SM
MD
LG