Линклар

Душанбе икки ўт орасида қолди

  • Гулнора Равшан

АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик истиқболларини кенгайтириш масаласи президент Раҳмоннинг америкалик генерал билан суҳбатининг бош мавзуи бўлди.

АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик истиқболларини кенгайтириш масаласи президент Раҳмоннинг америкалик генерал билан суҳбатининг бош мавзуи бўлди.

АҚШнинг Тожикистон билан ҳарбий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш режаси, айрим таҳлилчиларга кўра, Россия-Тожикистон алоқаларига салбий таъсир этиши мумкин.

Ортда қолган ҳафтада тожик президенти Имомали Раҳмон билан учрашган АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Дэвид Петреус Афғонистон учун мўлжалланган тижорат молларини Тожикистон ҳудуди орқали транзит қилиш борасида келишиб олинганини билдирди.

- Тожикистонга сафаримиздан мақсад биргина бу эмас, балки АҚШ Марказий қўмондонлиги билан Тожикистон ўртасида ҳамкорликларни мустаҳкамлашга уриниш ҳамдир.

Зеро, ҳозирда Афғонистонга мўлжалланган турли хилдаги товарлар ҳамда гуманитар ёрдамларини Покистон ҳудуди орқали транзит қилиш имкони озроқ.

Шу билан бирга, ҳозирча Покистондаги вазият бундай амалиётлар учун унчалик мувофиқ эмас, дея таъкидлади АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Дэвид Петреус.

Томонлар учрашуви ниҳоясида Америка ўз қўшинларини Тожикистон ҳудудида жойлаштирмоқчими ёки Афғонистонга ва бу мамлакатдаги НАТО кучларига ёрдам беришда фақат Тожикистон чегараларидан фойдаланмоқчими - бунга аниқлик киритилмади.

Имомали Раҳмон билан Дэвид Петреуснинг икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришга доир музокараси Барак Обама ҳукуматининг Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юбориш ортидан толибларга қарши курашни кучайтиришга киришган бир пайтга тўғри келди.

Мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимовга кўра, расмий Душанбе АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш борасида Россия розилигисиз бир қадам ҳам олға боса олмайди.

- Барак Обама президентлик сайловида ғалаба қозонгудек бўлса, Америка аскарларини 16 ой ичида Ироқдан олиб чиқиш ва халқаро террорчиликка қарши курашни кучайтириш мақсадида бу кучларни кўпроқ Афғонистонга сафарбар қилиш режасини маълум қилган эди.

Декабр ойи охирларида АҚШнинг Покистон ҳудуди орқали Афғонистонга ўтаётган юзлаб ҳарбий техникаси ёқиб юборилди.

Шунинг учун АҚШ ўзининг бу борадаги режасини амалга оширишда Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудларидан яхшироқ фойдаланмоқчи.

Агар бугун Қирғизистондаги музокараларда АҚШнинг Манас аэропортидаги ҳарбий базасини олиб чиқиб кетиш масаласи кўндаланг қилиб қўйилса, у ҳолда Америка Ўзбекистон ёки Тожикистонда мустаҳкамроқ жойлашиш ҳаракатига тушади.

У ҳолда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлат сифатида Тожикистон ўз шериклари, хусусан, Россия розилигини олиши шарт бўлади, дейди Тожикистон сиёсатшунослар миллий маркази раиси Абдуғани Мамадазимов.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, Американинг Афғонистонга доир режасининг амалга ошишига кўмаклашиш Тожикистонга оз бўлса-да, молиявий ёрдам бериши мумкин.

Тожикистон ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий эса¸ Россия-Ўзбекистон алоқалари мустаҳкамланаётган бир пайтда Тожикистон Америкага қучоқ очиб юбориши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Тожикистон дунёдаги бошқа мамлакатлар билан ҳарбий ҳамкорлик қилиш масаласида мустақил бўлишига қарамай ҳар доим Россия розилиги билан иш тутиб келган.

Бироқ, сўнгги вақтларда Россиянинг Ўзбекистонни ҳамкорликка арзигулик давлат сифатида кўриб келаётгани Тожикистон расмийлари ғашига тегаётгани сир эмас.

Шуни назарга олган ҳолда, Тожикистон ўз манфаатларини кўзлаб, Америка билан ҳарбий ҳамкорликни янада кенгайтиришга розилик бериб юбориши эҳтимолдан йироқмас.

Бу ҳамкорликдан расмий Душанбе катта молиявий ёрдамлар тушишини кутаётир.

Аммо шуни ҳам айтиш керакки, Америка билан тиғиз ҳарбий ҳамкорлик қилиш Тожикистонга молиявий ёрдам келтириши ортидан уни Россиядек дўстидан ажратиб қўйиши табиий, дейди Муҳиддин Кабирий.

Таҳлилчи Давлат Усмон эса Россия розилигисиз Америка билан ҳарбий ҳамкорлик ҳам Тожикистон ҳукумати, ҳам тожик халқи учун ортиқча бошоғриқдан ўзга нарса эмас, деган ишончда.

- Америка билан ҳарбий ҳамкорлик Россияга қасдма-қасдига йўлга қўйилса, бу ҳамкорлик¸ албатта¸ Тожикистон миллий хавфсизлигини савол остига қўяди.

Тожикистон мустақил давлат бўлишига қарамай, бу мамлакатда тинчлик-барқарорлик тўла таъминланмаган деса, хато бўлмайди.

Шунинг учун Америка билан нафақат ҳарбий ҳамкорлик, балки бошқа соҳалардаги ҳамкорликда ҳам ҳукумат расмийлари етти ўлчаб бир кесиши шарт. Чунки бу каби ҳамкорликлар Тожикистон бошига яна бошқа балоларни олиб келиши аниқ, дейди Давлат Усмон.

АҚШ бир неча йилдан буён Душанбе шаҳри яқинида жойлашган Айний ҳарбий аэродромида ўз ҳарбий базасини жойлаштиришга уриниб келмоқда.

Гарчи бу борада ёпиқ эшиклар ортида қатор сўзлашувлар бўлган эса-да, расмий Душанбе Американинг бу таклифини ҳозирча қабул қилмай келаëтир.
XS
SM
MD
LG