Линклар

logo-print

"Сиëсий"лар учрашувдан ҳам маҳрум


Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра¸ сиëсий ва диний қарашлари учун қамалган тутқунларни яқинлари билан кўриштирмаслик учун¸ учрашув арафасида қамоқхона нозирлари уларни карцерга ташлашни одат қилганлар.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра¸ сиëсий ва диний қарашлари учун қамалган тутқунларни яқинлари билан кўриштирмаслик учун¸ учрашув арафасида қамоқхона нозирлари уларни карцерга ташлашни одат қилганлар.

Ўзбекистонда қамоқхона нозирлари сиёсий ва диний айблов билан қамалган маҳбусларнинг ўз яқинлари билан учраштирмаслик учун сунъий тўсиқ яратмоқдалар..

Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасида даволанаётган Алишер Кароматовнинг рафиқаси Намуна Кароматова эри билан учрашиш учун 16 январ куни Сирдарёдан Тошкентга йўл олди.

Намуна Кароматовага кўра, унинг турмуш ўртоғи – маҳбус Алишер Кароматов билан сўнгги бор учрашганига уч ой бўлган ва шунинг учун уч кунлик учрашувга ариза ёзган. Бироқ суҳбатдошимиз унга фақат икки соатлик учрашув белгилашганини айтади.

- Борганимдан кейин “мумкин эмас”, деб айтишди. Кейин яна илтимос қилдим. “Бўлмаса, сиз узоқ муддатли учрашувни бекор қилиб, шунга кирасиз. Мен шунга розиман, деб ëзиб берасиз. Кейин кўрсатамиз”, дейишди. Иложим йўқ бошқа. Эримни кўришим керак. У касал бўлса. Шунақа қилиб, икки соатлик учрашувга кириб- чиқиб келдим, дейди Алишер Кароматовнинг рафиқаси.

Намуна Кароматовага кўра, қонун бўйича унга уч кунлик учрашув белгилашлари керак эди. Бироқ, суҳбатдошимизнинг фикрича, Алишер Кароматовга нисбатан қийноқ қўлланилиб, унинг аҳволи оғирлашгани боис Намуна опани эри билан учраштирмасликка ҳаракат қилганлар.

- 30 декабр куни уни сочи ўсганликда айблаб¸ “нарушениега қўл қўйгансан” деб¸ тазйиқлар ўтказишибди. Ўша куни совуқ¸ қор бўлган. Бу кишини тушгача қорга ўтирғизиб қўйишган. Ҳозирги ҳолатида қаттиқ ҳам гапира олмайди, дейди Намуна Кароматова.

Тошкент маҳбуслар шифохонасидан бу борада маълумот олиш имкони бўлмади.

Айни пайтда¸ ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари сиёсий ва диний сабаблар билан қамалган маҳбусларга нисбатан айнан қийноқлар қўлланилган пайтларда уларни қариндошлари билан учраштирмасликка ҳаракат қилинишини таъкидлайдилар.

Ўзбекистон қамоқхоналарида маълум муддат қамоқ жазосини ўтаган сирдарёлик ҳуқуқ фаоли Карим Бозорбоевга кўра, қамоқхоналарда бу каби ҳолатлар кўплаб учрайди.

- Учрашувга рухсат олиш масалалари ўзимнинг бошимдан ўтган. Агар маҳбусларнинг ҳатти-ҳаракатлари ўша ердаги ходимларга ëқмаса¸ буларни учрашувдан олдин карцерга ташлаб¸ учрашувни бекор қилиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилаяпти, дейди Карим Бозорбоев.

Одатда, қамоқхонада сақланаётган сиёсий ва диний маҳбуслар билан учрашувга рухсат олишнинг жуда қийинлиги кузатилади. Қисқа муддатли учрашувларга рухсат берилган тақдирда ҳам улар барчадан кейин, куннинг охирида учрашишлари мумкин бўлади.

Яқинда Давронбек Абдураҳмонов ҳам Қаршида жазо муддатини ўтаётган отаси мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмонов билан учрашган пайтда худди шундай ҳолатга дуч келган.

- Учрашувга биринчилардан бўлиб ëзилган бўлишимга қарамасдан, нимагадир энг охирида киргазишди. Мендан бир соат олдин кириб кетганлар билан тенг чиқдим ҳисоби. Ўзи учрашув вақти икки соат экан-ку. Мен ярим соатлар чамаси учрашдим-да, дейди Давронбек Абдураҳмонов.

Ўзбекистон жиноят-ижроия кодексининг 76-моддасида маҳбусларга ўз яқинлари билан тўрт соатгача бўлган қисқа муддатли ва бир суткадан уч суткагача бўлган узоқ муддатли учрашиш ҳуқуқи берилади.

Қийноқларнинг олдини олиш тезкор гуруҳ фаоли Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, маҳкумларнинг айни ҳуқуқлари кўп ҳолда поймол қилинаяпти.

- Қонун учрашувларнинг махфийлиги таъминланган ҳолда ўтишига рухсат беради. Лекин бу қоида амалиëтда жуда кўп бузилади. Биз порахўрлик аралашган ишларни ҳам кўп кузатганмиз.

Маҳбус билан учрашув пайтида жазони ижро этиш муассасаси ходимлари томонидан қанақадир бир нарсаларни таъма қилиш ҳолатлари учрайди, дейди Суҳроб Исмоилов.

Шунингдек, маҳкумларнинг юридик ёрдам олиш ҳуқуқи бузилиш ҳолатлари кўплиги ҳам кузатилади. Ўзбекистон жиноят-ижроия кодексининг 10-моддасига мувофиқ, маҳкум ўз адвокати билан чекланмаган миқдорда учрашиш ҳуқуқига эга.

- Маҳбусларнинг ўз ҳимоячилари билан учрашишлари жуда қийин. Ўзбекистон жазони ижро этиш кодексида 10-модда бор. Бу моддага кўра¸ қамоқхонада сақланаëтган маҳбус томонида ариза бўлсагина қамоқхонага учрашув учун ҳимоячи киритилмаслиги мумкин бўлади.

Бу маҳбусларнинг ҳуқуқларининг оммавий бузилишига олиб келадиган қоида. Чунки маҳбус қамоқхона маъмуриятининг қўлида бўлгани учун унинг ҳимоячиси билан учрашишга розилик бериш ëки бермаслик тўлиқ қамоқхона маъмуриятининг қўлида бўлади.

Келган ҳимоячига маҳбуснинг ëзма аризаси ҳеч қачон кўрсатилмайди. Бу ҳозирги кунда ҳуқуқбузарликка олиб келаëтган ҳолатлардан биридир, дейди Суҳроб Исмоилов.

Унга кўра, бундай ҳолатлар, асосан, сиёсий ва диний маҳбуслар билан боғлиқ ишларда кўпроқ кузатилади.
XS
SM
MD
LG