Линклар

Ўта махфий маҳбус ва маҳкама

  • Фаррух Юсуфий

Ҳозирча МДҲ ва бошқа постсовет келишувларига унча ҳам қўшилмай келаëтган Украина ҳукуматининг Абдумўмин Дадахоновни қайси асосда қийноқлар қўлланувчи Ўзбекистонга экстрадиция қилгани мавҳумлигича қолмоқда.

Ҳозирча МДҲ ва бошқа постсовет келишувларига унча ҳам қўшилмай келаëтган Украина ҳукуматининг Абдумўмин Дадахоновни қайси асосда қийноқлар қўлланувчи Ўзбекистонга экстрадиция қилгани мавҳумлигича қолмоқда.

Интерфакс агентлигига кўра¸ Наманган вилояти суди Жума Намангонийнинг собиқ тан қўриқчиси ва ҳайдовчиси Абдумўмин Дадахоновни 18 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Наманган вилоят судидаги манбанинг Инетрфаксга айтишича, 1971 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Абдумўмин Дадахонов 2001 йилгача Афғонистонда толибон томонида туриб жанг қилган Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг собиқ қўмондони Жума Намангонийга тансоқчилик ва ҳайдовчилик қилган.

Наманган вилояти жиноий ишлар бўйича суди мутасаддиси Ўзбекистон Исломий ҳаракати вакили экани айтилаётган Дадахоновнинг 18 йилга қамалганини на инкор қилди ва на тасдиқлади.

- Телефонда маълумот бера олмайман.

Озодлик: Шу одам ҳақиқатан ҳам қамалдими?

- Телефонда маълумот бера олмайман деяпман¸ деди Наманган вилояти судининг ўзини таништирмаган расмийси.

Бу маълумотни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидан ҳам тасдиқлашнинг иложи бўлмади.

Бу иш юзасидан Интерфакс агентлигига маълумот берган манбага кўра, “Дадахонов 1997 йилдан бери Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзо бўлган. У ўша пайтларда Тожикистонда жойлашган ҳаракатга қўшилиш мақсадида қўшни мамлакатга борган¸ жангарилар лагерида тайёргарликдан ўтган ва Тожикистондаги фуқаролар уруши пайтида ҳукуматга қарши жангларда қатнашган.”

Манбага кўра, Дадахонов 2000 йилда Афғонистонга ўтиб кетган жангарилар сафида бўлган. Афғонистонда толибон томонида туриб жангларда кўрсатган хизматлари учун Намангонийнинг тан соқчиси ва ҳайдовчиси мақомига кўтарилган.

2001 йилда Жума Намангоний ўлдирилганидан кейин Дадахонов оиласи билан Покистонга ўтиб кетган, деб хабар қилди Интерфакс агентлиги.

2007 йилнинг охирларида эса, Дадахоновнинг жангариларни ёллашга Туркиядан Украина орқали Россияга боришга ҳаракат қилгани айтилмоқда.

Украина хавфсизлик идоралари Дадахоновни ҳибсга олиб, кўп ўтмай уни қидирувга берган Ўзбекистон ҳукуматига топшириб юборган.

Бироқ, 2007 йилнинг охирида Абдумўмин Дадахонов исмли Ўзбекистон фуқаросининг Украинада ҳибсга олингани ва Тошкентга экстрадиция қилингани ҳақида матбуотда хабар қилинмаган.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё лойиҳалари раҳбари Виталий Понамарёв Абдумўмин Дадахоновнинг Ўзбекистон томонидан қидирувда бўлганидан хабардор, лекин унинг ҳибсга олиниб, суд қилингани ҳақида Интерфаксдаги мақоладан билиб олган.

- Бу ҳақда маълумот жуда чекланган. Ҳақиқатан Абдумўмин Дадахонов исмли шахс Ўзбекистонда қидирувга берилгани ҳақидаги маълумотни Интернет саҳифамизда ҳам эълон қилганмиз.

Кеча тарқатилган хабарда унинг Украинада ҳибс этилиб, Ўзбекистонга топширилгани ҳақидаги тафсилоти мен учун жумбоқ бўлиб қолаяпти. Чунки ҳеч қаерда, ҳатто Украина матбуотида ҳам бу ҳақда хабар қилинмаган.

Бу ерда Украина ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга қанчалик амал қилинганига оид савол туғилади.

Яъни ҳибсга олинган шахснинг Ўзбекистонга топширилишида унинг қийноқлар қурбонига айланиши эҳтимоллари ва унга нисбатан тегишли тарзда тергов ишлари олиб борилишига оид шубҳалар инобатга олинганми- йўқми, ноаниқ қолмоқда, дейди Понамарёв.

Украина хавфсизлик хизмати Озодлик радиоси билан суҳбатда Абдумўмин Дадахоновга оид маълумотни тасдиқламади.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб Наманганда Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний етакчилигида ташкил топган Адолат ҳаракатидан ўсиб чиққан Ўзбекистон Исломий ҳаракати¸ ҳукумат тазйиқидан кўп ўтмай¸ 1999-2000 йилларда ўз фаолиятини Афғонистонга кўчирган эди.

2001 йилда АҚШ етакчилигидаги коалицион кучлар толибонни ҳокимиятдан ағдарганидан кейин ҳаракат Покистоннинг қабилалар назоратидаги Шимолий Вазиристон вилоятидан паноҳ топган.

Ҳаракат бош қўмондони бўлиб келган Жума Намангонийнинг АҚШ нинг 2001 йили Афғонистонда бошлаган ҳужумлари чоғида ҳалок бўлгани айтилади.
XS
SM
MD
LG