Линклар

Америкаликлар “Манас” ҳаво базасидан кетмайди



Бишкекка сафар қилган АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги қўшинлари бош қўмондони генерал Дэвид Петреус Қирғизистон Америка базасини ёпишга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Генерал Петреуснинг айтишича, қирғиз расмийлари унга Америка базасини ёпиш режаси йўқлигини билдиришган.

Аввалроқ Россия матбуотида Қирғизистон ўз ҳудудидан Америка базасини олиб чиқиш талабини қўйиш истагида эканлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган эди.

Ҳозирги кунда Қирғизистоннинг "Манас" ҳаво базаси Американинг Марказий Осиёдаги яккаю ягона ҳарбий базаси бўлиб қолмоқда.

2001 йилда "Манас" ҳаво базасига Американинг 1000 аскарлик қўшини ерлаштирилган. Ўзбекистон Андижон воқеалари боис АҚШ танқидларига учраши ортидан Американинг Хонабоддаги базасини чиқариб юборган эди.

Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафари доирасида генерал Петреус Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистонда ҳам бўлди.

Музокараларда Американинг ҳарбий бўлмаган юкларини Афғонистонга олиб ўтилиши масаласи муҳокама этилган.

Афғонистонга юкларни етказиш бўйича муқобил йўллар изланаётганининг сабаби Покистондаги муаммолар билан боғлиқ.

Афғонистондаги халқаро кучларга таъминот етказиб бериш учун фойданаладиган Покистоннинг Ҳайбар довони бир неча соатга ёпиб қўйилди. Бунга эса жангариларнинг мазкур ҳудудда ҳукумат қўшинлари базасига ҳужум уюштиргани сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG